Арслон БАЙИР
Ўтган ишга саловат ёхуд муҳаббат
Улар икки душман оиланинг фарзандлари эди. Оилалар орасидаги совуқчилик боболари давридан қолган. Бундан анча вақтлар илгари Ўрхоннинг бобоси билан Серапнинг бобоси бир қизнинг дастидан уришиб қолиб, юз кўрмас бўлиб кетишган. Икки оила ўртасидаги жанжал авж олиб кетмаслиги учун улар севган ўша қиз бошқа бировга турмушга чиқиб кетган бўлса ҳам уларнинг хусумати сира барҳам топмади. Турли баҳоналар туфайли юзага келган тортишувлар албатта бир катта жанжалга айланиб кетарди. Уларнинг бундай жанжаллари ҳеч қачон суд ишидан тушмаган. Икки оила ўртасидаги адоват фарзандлари ва кейинроқ неваралари орасида ҳам давом этди.
Бир куни Ўрхоннинг онаси унга тузиб қўйган режаси ҳақида айтиб берди. Унга кўра у Серапни олиб қочиб кетиши керак ва албатта кейин у билан яшамай, ташлаб кетиши керак эди. Шу тариқа оиламиз ўртасидаги куч биз тарафга ўтиб, барҳам топади, дея сўзини якунлади онаси.
Ўрхон ўйланиб қолди. У жудаям келишган кўркам йигит. Серапни узоқдан бир неча бор кўрган ва у қизни ёқтириб қолган эди. Баъзан унга яқин бориб, гап қотгиси келар, аммо ҳар гал бу оила ўртасидаги муносабатлар, ҳамда онасининг сўзлари ёдига тушиб, ботинолмасди. Она эса ҳар куни ўғлига Серапни олиб қочиб кетиши ҳақида сўзлаб, режасининг албатта амалга оширилиши лозимлиги ҳақида уқтирарди. Ўғлини тинмай қистовга олиб, “Эртага бировга унаштириб қўйишса ёки бошқа биров илиб кетса, фурсатни қўлдан бой бериб қўямиз! Нега шошилмаяпсан, аслида ўзи сенинг қўлингдан ҳеч нарса келмайди” деб, айтганини бажартиришга, шул алпозда устунлик ўз оиласи томонга ўтказишни истарди.
Ўрхон ҳарбий хизматни ўтаб, уйланиш ёшига етиб қолган. Онаси шу пайтгача Серапни кузатиб, асраб юрган бўлса-да, энди Серапни олиб қочишга қистаётганидан норози эди. Чунки қизни ўйлаб, қалби куюнаётганди. Қандай қилиб уни олиб қочади-ю, кейин ундан қандай кечиб, ташлаб кетади? Аммо, нима бўлганда ҳам онасининг қистови, қаттиққўллигига дош беролмади, унинг режаси асосида ҳаракатга тушди. Бир куни қизнинг орқасидан пайт пойлаб кузатиб борди, қулай фурсат топиб, йўл ёқасида уни машинага ўтиришга мажбур қилди.
Таксида тўғри уларнинг уйга олиб келди. Ўрхонларнинг уйи шаҳар ташқарисида бўлгани учун ҳеч қийналмай, бирор кимсанинг кўзига тушмай уйга кириб келдилар. Серап бир аҳволда эди. Узун бўйли бу қизнинг сутдек оппоқ юзи сира қуёш кўрмаганга ўхшарди. У сочлари жигарранг, ниҳоятда чиройли бир қиз эди. Ҳа, у шаҳарнинг энг гўзал қизларидан бири ҳисобланарди. Уйларига бир-иккита совчи келган бўлса-да, уйланмоқчи бўлган йигитларнинг бирортасини ёқтирмаган эди.
Ўрхон Серапни бир хонага киргизиб, устидан қулфлаб, қамаб қўйди. Уйнинг хоналари жудаям кенг эди. Уйда ҳеч ким йўқ экан. Бироздан сўнг Ўрхон Серап турган хонанинг эшигини очиб ичкарига кирди. Серап кўзларини катта-катта очганича ҳадиксираб Ўрхонга тикилиб турарди. Ўрхон қизнинг ёнига яқин келиб, унга тегмоқчи бўлди. Шунда Серап бирданига хона бўйлаб ҳар томонга қараб югура бошлади. Аммо, қиз бақувват Ўрхоннинг қўлидан қочиб қутулолмади, йигит уни ушлаб, қучоқлаб олди ва хонада турган каравотнинг устига ташлади. Энди ҳеч қаёққа қочишнинг сираям иложи йўқ эди. Чунки у маҳкам қучоқлаб олган қизни қучоғидан шунчаки қўйиб юбормасди. Қиз ҳар қанча уринмасин, йигит энди уни ҳеч кимга бериб қўйишни истамасди. Ўрхон Серапга уни севишини айтди. Аммо қиз индамади, бир оғиз ҳам гапирмади. Ўрхон ўзининг бу қилиғидан афсусланди. Балки у қизга онасининг ниятини яширмай айтиши керакмикин, балки шунда у бир нарса дер.
Аммо қиз бир сўз айтмади.
Кечга яқин уйга Ўрхоннинг онаси ва укалари кириб келишди.
Ишинг битган бўлса жўнатиб юбор, – дерди онаси кулиб.
Ўрхон эътироз билдирди. “Йўқ, она, тўғриси, мен Серапни олиб қочганимдан жуда афсусдаман. Ахир мен уни яхши кўраман, унга ўзим уйланаман”, деди. Бу гапни эшитган онанинг жаҳли чиқди. Балки у ўша оила олдида ўйлагани амалга ошмай қолишини истамаётгандир. Ўрхон эса Серапни уйда қолдириш учун босиқлик билан онасини кўндириш пайига тушди.
“Онажон, ахир тушунсангизчи, мен уни яхши кўраман, у энди менинг аёлим, мен унга албатта уйланаман.” Ҳар не бўлганда ҳам бирга энди яшашга кўникишингиз керак, дея яна бир бор ҳам ўзини, ҳам Серапни ҳимоя қилишга уринди. Серап бу вазиятда ночор, нима қилишни билмай қолди. Аммо қиз шу алпозда ўғирланиб, турмушга чиқишни сира истамасди. Агар уларнинг олиб қочиб кетиш истаги бор экан, унга олдиндан айтиб, тушунтиришганида балки бу қадар ранжимасди, балки ўзи ҳам рози бўларди. Ўрхон келишган, ҳам бадавлат йигит. У истаса, бемалол тўғриликча ўз бахтига эришса бўларди. Нега бу жаҳолат йўлини танладийкин?
Бу орада Серапнинг оиласидагилар саросимада, нима қиларини билмай, қизини излашарди.
Серап ўзи турган хонадаги тошойнанинг олдига ўтиб узоқ вақт ўзига разм солди. Ўрхон олиб келган кўйлакни эгнига кийди. Негадир унда кўкраклари кўзга ташланиб қолгандек туюлди. У жудаям чиройли эди. Унинг оёқлари гавдасига мутаносиб, баъзи бировларникига ўхшаб, ингичка ёки эгри-бугримасди. “Ҳой қиз, сен худди актрисаларга ўхшайсан, оёқларинг ҳам жуда чиройли, келишган, бошқа қизларнинг оёғига ўхшамайди”, дерди қўшниси Салима.
У белга тушган узун сочларини ёйиб олди. Унинг ёноқлари тоғлик қизларникидек қирмизи тусда эди. Бармоқлари беихтиёр лабларини силади, қалин дудоқлари севги билан лиммо-лим эди. Аммо, уни Ўрхон олиб қочиб келганидан ўкиниб, жаҳли чиқаётган эди. У олиб қочиб уйланиш йўлини тутмаса ҳам бўларди, шароити бор эди.
У ўрнидан жилди, эшик томон оҳиста қадам ташлади, эшик очиқ эди. Бир лаҳза бу жойдан қочиб кетиш ҳақида хаёл қилди, аммо энди у қаерга ҳам бороларди? Қандай қилиб онасининг олдига шундай аҳволда қайтади? У энди аввалги Серап эмас эди, уйига бориб нима дейди? Уйидагилар эрталабдан бери қаерда, ким билан эдинг, нега бизга айтмай кетдинг, деб сўрасалар нима деб жавоб беради? Дардини қандай қилиб, кимга айтади, нима дейди?.. Хаёлидан кечган бу каби саволлар уни саросимага солиб, довдиратиб қўйди. Агар, бор гапни очиқ айтиб, мени олиб қочишди, деса боми, аслида бир-бирига душман бўлган бу оилаларнинг жанжаллари яна қайта авж олиб кетмайдими? Ўчмай, кул остида чўғ бўлиб турган адоват олови қайта алангаланиб кетади-ку! Оиласидагилар Ўрхонни аниқ уриб ўлдиради, кейин нима бўлади, бу ишнинг ўртасида айбдор бўлиб ўзи қолиб кетади-ку ахир. Аммо Ўрхон, нега бундай қилди, ёқтирар экан, бошқачароқ йўл тутса бўлмасмиди?
Турли хаёллар оғушида ўзи ўтирган диванга бориб, қайта жойлашди. Ногаҳон ўзини осиш ҳақида ҳам ўйлаб кўрди, аммо бу фикридан қайтди. Хона ичида тўрт томонга қараб юрди ва келиб яна жойига чўкди. Кечга яқин, қуёш қизғиш тус олган уфқ бағрида тоғ чўққилари ортига ўтиб, яширинаётган маҳал Ўрхоннинг овози эшитилди. Қиз беихтиёр ўзини тартибга келтиришга чоғланди. Ўрхан Серапни бироз ўзига келиб қолган, дея ўйлади. У билан суҳбатлашиш учун, “Қандайсан”, дея, гап қотди. Серап назарида унга жавобан, “Қандай бўлишимни кутяпсиз”, дегандек туюлди. Туйғуларим мени алдамади. Серап яхши қиз. Мен уни албатта бахтли қиламан. Билиб, билмай бу ишни бошлаб қўйдим-ми, энди унинг хайрли ниҳояси учун қўлимдан келганича курашаман, – деди ўзига ўзи. Шунда Ўрхон чанқаб кетганини сезиб қолди, қиздан бир стакан сув сўради. Серапнинг қўлидан сувни оларкан, унинг кўзларига тикилди. Серап бу қарашдан ҳижолат бўлиб, бошини қуйи солиб, кўзларини олиб қочди. Маъноли қарашлар билан сирли нигоҳлар тўқнашди.
Ўша куни кечқурун, кечки овқатдан сўнг улар хонасига эрта йўл олдилар. Ўрхон Серапни қучиб, ўпиб, силаб, бир ошиқ маъшуқаси дийдорига етгач висол онида нима қилар бўлса, шуни бажарди. У қиздан уни кечиришини сўради. “Мен бир хато қилдим, бундай усулда висолингга етишни сира истамас эдим, мени кечир, нима бўлганда ҳам оилам учун шу ишни қилдим, мени кечир” деди. Бу сўзларни сўзларни тинглаб, беором кўнгли юмшаётган Серап, армонли дудоқларини Ўрхонга томон бурди.
Ўрхон бахтдан қанот боғлаб учарди. Ўша кеча улар гўё ақлдан озган каби, бор нарсани, дунёни унутдилар. Ҳар иккиси нима бўлганини ҳам ёддан чиқариб, худди анчадан бери бир-бирини соғиниб, кўрмаган севишганлар каби ҳаётдан зақландилар. Улар то тонггача ухламадилар. Тонг отарда узоқдан хўрозлар овози эшитила бошлаган бир маҳалда ухлаб қолдилар. Ўрхон энди онасининг қаршисида ўзини анча кучлироқ ҳис қила бошлади, чунки уни севадиган бир инсон унинг ёнида эди. У энди бундан буён онасининг тавсияларини тингламаслигига ва унга амал қилмаслигига ишончи комил эди.
Бу орада уларникилар Серапнинг оиласига хабар беришди, совчилар жўнатиб, орадаги вазиятни юмшатишди. Шу тариқа ҳар икки оила ўртасидадаги ўзаро адоватга чек қўйилди. Уларнинг тўйи бўлиб ўтди.
Ўрхон рафиқасининг ҳомиладорлигини билгач, қалбига, ҳаётига янада қувонч тўлди. Энди у онасининг уйидан алоҳида, бошқа бир уйга кўчиб ўтишга ҳамда ўзи мустақил бошқа бир иш топишга ҳаракат қила бошлади.
“Ўғлимиз туғилгунга қадар, бу уйдан бошқа жойга кўчиб кетишимиз керак”, деди у севикли аёлига. Шундан сўнг шаҳардаги бир дўстига хат ёзди, ундан келган хабар эса жуда ёқимли эди. Дўсти унга шаҳардан иш топиб қўйганини, ҳатто оиласи билан келиб жойлашишига уй ҳам ажратиб қўйгани ҳақида маълум қилган эди. Ўрхонни бу уйда, қишлоғида олиб қоладиган ҳеч бир сабаб, баҳона йўқ эди. Бу ҳолдан хабар топган онасининг жаҳли чиқди. У отасига режасини айтиб, олдиндан кўндириб қўйгани учун, онасининг қаршиликларига қулоқ солмай, шаҳарга бориб жойлашди ва тез орада ўз бизнесини бошлаб юборди. У Серапни ҳам ўзи билан бирга олиб кетди. Серап бундан жуда бахтиёр эди. Қишлоқда, шу уйда қолиб, майда-чуйда турли келишмовчиликлар туфайли янгиланиб, қайта тус оладиган кўҳна адоватлардан буткул халос бўлдилар. Унинг оиласида дунёга келадиган ўғиллари энди бахтиёр бир осойишта муҳитда ўсиб улғаяди.
Туркчадан Дилором АБДУРАҲМОН қизи таржимаси.
Манба: Турон адиблари
* * *
Arslon BAYIR
Oʻtgan ishga salovat yoxud muhabbat
Ular ikki dushman oilaning farzandlari edi. Oilalar orasidagi sovuqchilik bobolari davridan qolgan. Bundan ancha vaqtlar ilgari Oʻrxonning bobosi bilan Serapning bobosi bir qizning dastidan urishib qolib, yuz koʻrmas boʻlib ketishgan. Ikki oila oʻrtasidagi janjal avj olib ketmasligi uchun ular sevgan oʻsha qiz boshqa birovga turmushga chiqib ketgan boʻlsa ham ularning xusumati sira barham topmadi. Turli bahonalar tufayli yuzaga kelgan tortishuvlar albatta bir katta janjalga aylanib ketardi. Ularning bunday janjallari hech qachon sud ishidan tushmagan. Ikki oila oʻrtasidagi adovat farzandlari va keyinroq nevaralari orasida ham davom etdi.
Bir kuni Oʻrxonning onasi unga tuzib qoʻygan rejasi haqida aytib berdi. Unga koʻra u Serapni olib qochib ketishi kerak va albatta keyin u bilan yashamay, tashlab ketishi kerak edi. Shu tariqa oilamiz oʻrtasidagi kuch biz tarafga oʻtib, barham topadi, deya soʻzini yakunladi onasi.
Oʻrxon oʻylanib qoldi. U judayam kelishgan koʻrkam yigit. Serapni uzoqdan bir necha bor koʻrgan va u qizni yoqtirib qolgan edi. Baʼzan unga yaqin borib, gap qotgisi kelar, ammo har gal bu oila oʻrtasidagi munosabatlar, hamda onasining soʻzlari yodiga tushib, botinolmasdi. Ona esa har kuni oʻgʻliga Serapni olib qochib ketishi haqida soʻzlab, rejasining albatta amalga oshirilishi lozimligi haqida uqtirardi. Oʻgʻlini tinmay qistovga olib, “Ertaga birovga unashtirib qoʻyishsa yoki boshqa birov ilib ketsa, fursatni qoʻldan boy berib qoʻyamiz! Nega shoshilmayapsan, aslida oʻzi sening qoʻlingdan hech narsa kelmaydi” deb, aytganini bajartirishga, shul alpozda ustunlik oʻz oilasi tomonga oʻtkazishni istardi.
Oʻrxon harbiy xizmatni oʻtab, uylanish yoshiga yetib qolgan. Onasi shu paytgacha Serapni kuzatib, asrab yurgan boʻlsa-da, endi Serapni olib qochishga qistayotganidan norozi edi. Chunki qizni oʻylab, qalbi kuyunayotgandi. Qanday qilib uni olib qochadi-yu, keyin undan qanday kechib, tashlab ketadi? Ammo, nima boʻlganda ham onasining qistovi, qattiqqoʻlligiga dosh berolmadi, uning rejasi asosida harakatga tushdi. Bir kuni qizning orqasidan payt poylab kuzatib bordi, qulay fursat topib, yoʻl yoqasida uni mashinaga oʻtirishga majbur qildi.
Taksida toʻgʻri ularning uyga olib keldi. Oʻrxonlarning uyi shahar tashqarisida boʻlgani uchun hech qiynalmay, biror kimsaning koʻziga tushmay uyga kirib keldilar. Serap bir ahvolda edi. Uzun boʻyli bu qizning sutdek oppoq yuzi sira quyosh koʻrmaganga oʻxshardi. U sochlari jigarrang, nihoyatda chiroyli bir qiz edi. Ha, u shaharning eng goʻzal qizlaridan biri hisoblanardi. Uylariga bir-ikkita sovchi kelgan boʻlsa-da, uylanmoqchi boʻlgan yigitlarning birortasini yoqtirmagan edi.
Oʻrxon Serapni bir xonaga kirgizib, ustidan qulflab, qamab qoʻydi. Uyning xonalari judayam keng edi. Uyda hech kim yoʻq ekan. Birozdan soʻng Oʻrxon Serap turgan xonaning eshigini ochib ichkariga kirdi. Serap koʻzlarini katta-katta ochganicha hadiksirab Oʻrxonga tikilib turardi. Oʻrxon qizning yoniga yaqin kelib, unga tegmoqchi boʻldi. Shunda Serap birdaniga xona boʻylab har tomonga qarab yugura boshladi. Ammo, qiz baquvvat Oʻrxonning qoʻlidan qochib qutulolmadi, yigit uni ushlab, quchoqlab oldi va xonada turgan karavotning ustiga tashladi. Endi hech qayoqqa qochishning sirayam iloji yoʻq edi. Chunki u mahkam quchoqlab olgan qizni quchogʻidan shunchaki qoʻyib yubormasdi. Qiz har qancha urinmasin, yigit endi uni hech kimga berib qoʻyishni istamasdi. Oʻrxon Serapga uni sevishini aytdi. Ammo qiz indamadi, bir ogʻiz ham gapirmadi. Oʻrxon oʻzining bu qiligʻidan afsuslandi. Balki u qizga onasining niyatini yashirmay aytishi kerakmikin, balki shunda u bir narsa der.
Ammo qiz bir soʻz aytmadi.
Kechga yaqin uyga Oʻrxonning onasi va ukalari kirib kelishdi.
Ishing bitgan boʻlsa joʻnatib yubor, – derdi onasi kulib.
Oʻrxon eʼtiroz bildirdi. “Yoʻq, ona, toʻgʻrisi, men Serapni olib qochganimdan juda afsusdaman. Axir men uni yaxshi koʻraman, unga oʻzim uylanaman”, dedi. Bu gapni eshitgan onaning jahli chiqdi. Balki u oʻsha oila oldida oʻylagani amalga oshmay qolishini istamayotgandir. Oʻrxon esa Serapni uyda qoldirish uchun bosiqlik bilan onasini koʻndirish payiga tushdi.
“Onajon, axir tushunsangizchi, men uni yaxshi koʻraman, u endi mening ayolim, men unga albatta uylanaman.” Har ne boʻlganda ham birga endi yashashga koʻnikishingiz kerak, deya yana bir bor ham oʻzini, ham Serapni himoya qilishga urindi. Serap bu vaziyatda nochor, nima qilishni bilmay qoldi. Ammo qiz shu alpozda oʻgʻirlanib, turmushga chiqishni sira istamasdi. Agar ularning olib qochib ketish istagi bor ekan, unga oldindan aytib, tushuntirishganida balki bu qadar ranjimasdi, balki oʻzi ham rozi boʻlardi. Oʻrxon kelishgan, ham badavlat yigit. U istasa, bemalol toʻgʻrilikcha oʻz baxtiga erishsa boʻlardi. Nega bu jaholat yoʻlini tanladiykin?
Bu orada Serapning oilasidagilar sarosimada, nima qilarini bilmay, qizini izlashardi.
Serap oʻzi turgan xonadagi toshoynaning oldiga oʻtib uzoq vaqt oʻziga razm soldi. Oʻrxon olib kelgan koʻylakni egniga kiydi. Negadir unda koʻkraklari koʻzga tashlanib qolgandek tuyuldi. U judayam chiroyli edi. Uning oyoqlari gavdasiga mutanosib, baʼzi birovlarnikiga oʻxshab, ingichka yoki egri-bugrimasdi. “Hoy qiz, sen xuddi aktrisalarga oʻxshaysan, oyoqlaring ham juda chiroyli, kelishgan, boshqa qizlarning oyogʻiga oʻxshamaydi”, derdi qoʻshnisi Salima.
U belga tushgan uzun sochlarini yoyib oldi. Uning yonoqlari togʻlik qizlarnikidek qirmizi tusda edi. Barmoqlari beixtiyor lablarini siladi, qalin dudoqlari sevgi bilan limmo-lim edi. Ammo, uni Oʻrxon olib qochib kelganidan oʻkinib, jahli chiqayotgan edi. U olib qochib uylanish yoʻlini tutmasa ham boʻlardi, sharoiti bor edi.
U oʻrnidan jildi, eshik tomon ohista qadam tashladi, eshik ochiq edi. Bir lahza bu joydan qochib ketish haqida xayol qildi, ammo endi u qayerga ham borolardi? Qanday qilib onasining oldiga shunday ahvolda qaytadi? U endi avvalgi Serap emas edi, uyiga borib nima deydi? Uyidagilar ertalabdan beri qayerda, kim bilan eding, nega bizga aytmay ketding, deb soʻrasalar nima deb javob beradi? Dardini qanday qilib, kimga aytadi, nima deydi?.. Xayolidan kechgan bu kabi savollar uni sarosimaga solib, dovdiratib qoʻydi. Agar, bor gapni ochiq aytib, meni olib qochishdi, desa bomi, aslida bir-biriga dushman boʻlgan bu oilalarning janjallari yana qayta avj olib ketmaydimi? Oʻchmay, kul ostida choʻgʻ boʻlib turgan adovat olovi qayta alangalanib ketadi-ku! Oilasidagilar Oʻrxonni aniq urib oʻldiradi, keyin nima boʻladi, bu ishning oʻrtasida aybdor boʻlib oʻzi qolib ketadi-ku axir. Ammo Oʻrxon, nega bunday qildi, yoqtirar ekan, boshqacharoq yoʻl tutsa boʻlmasmidi?
Turli xayollar ogʻushida oʻzi oʻtirgan divanga borib, qayta joylashdi. Nogahon oʻzini osish haqida ham oʻylab koʻrdi, ammo bu fikridan qaytdi. Xona ichida toʻrt tomonga qarab yurdi va kelib yana joyiga choʻkdi. Kechga yaqin, quyosh qizgʻish tus olgan ufq bagʻrida togʻ choʻqqilari ortiga oʻtib, yashirinayotgan mahal Oʻrxonning ovozi eshitildi. Qiz beixtiyor oʻzini tartibga keltirishga chogʻlandi. Oʻrxan Serapni biroz oʻziga kelib qolgan, deya oʻyladi. U bilan suhbatlashish uchun, “Qandaysan”, deya, gap qotdi. Serap nazarida unga javoban, “Qanday boʻlishimni kutyapsiz”, degandek tuyuldi. Tuygʻularim meni aldamadi. Serap yaxshi qiz. Men uni albatta baxtli qilaman. Bilib, bilmay bu ishni boshlab qoʻydim-mi, endi uning xayrli nihoyasi uchun qoʻlimdan kelganicha kurashaman, – dedi oʻziga oʻzi. Shunda Oʻrxon chanqab ketganini sezib qoldi, qizdan bir stakan suv soʻradi. Serapning qoʻlidan suvni olarkan, uning koʻzlariga tikildi. Serap bu qarashdan hijolat boʻlib, boshini quyi solib, koʻzlarini olib qochdi. Maʼnoli qarashlar bilan sirli nigohlar toʻqnashdi.
Oʻsha kuni kechqurun, kechki ovqatdan soʻng ular xonasiga erta yoʻl oldilar. Oʻrxon Serapni quchib, oʻpib, silab, bir oshiq maʼshuqasi diydoriga yetgach visol onida nima qilar boʻlsa, shuni bajardi. U qizdan uni kechirishini soʻradi. “Men bir xato qildim, bunday usulda visolingga yetishni sira istamas edim, meni kechir, nima boʻlganda ham oilam uchun shu ishni qildim, meni kechir” dedi. Bu soʻzlarni soʻzlarni tinglab, beorom koʻngli yumshayotgan Serap, armonli dudoqlarini Oʻrxonga tomon burdi.
Oʻrxon baxtdan qanot bogʻlab uchardi. Oʻsha kecha ular goʻyo aqldan ozgan kabi, bor narsani, dunyoni unutdilar. Har ikkisi nima boʻlganini ham yoddan chiqarib, xuddi anchadan beri bir-birini sogʻinib, koʻrmagan sevishganlar kabi hayotdan zaqlandilar. Ular to tonggacha uxlamadilar. Tong otarda uzoqdan xoʻrozlar ovozi eshitila boshlagan bir mahalda uxlab qoldilar. Oʻrxon endi onasining qarshisida oʻzini ancha kuchliroq his qila boshladi, chunki uni sevadigan bir inson uning yonida edi. U endi bundan buyon onasining tavsiyalarini tinglamasligiga va unga amal qilmasligiga ishonchi komil edi.
Bu orada ularnikilar Serapning oilasiga xabar berishdi, sovchilar joʻnatib, oradagi vaziyatni yumshatishdi. Shu tariqa har ikki oila oʻrtasidadagi oʻzaro adovatga chek qoʻyildi. Ularning toʻyi boʻlib oʻtdi.
Oʻrxon rafiqasining homiladorligini bilgach, qalbiga, hayotiga yanada quvonch toʻldi. Endi u onasining uyidan alohida, boshqa bir uyga koʻchib oʻtishga hamda oʻzi mustaqil boshqa bir ish topishga harakat qila boshladi.
“Oʻgʻlimiz tugʻilgunga qadar, bu uydan boshqa joyga koʻchib ketishimiz kerak”, dedi u sevikli ayoliga. Shundan soʻng shahardagi bir doʻstiga xat yozdi, undan kelgan xabar esa juda yoqimli edi. Doʻsti unga shahardan ish topib qoʻyganini, hatto oilasi bilan kelib joylashishiga uy ham ajratib qoʻygani haqida maʼlum qilgan edi. Oʻrxonni bu uyda, qishlogʻida olib qoladigan hech bir sabab, bahona yoʻq edi. Bu holdan xabar topgan onasining jahli chiqdi. U otasiga rejasini aytib, oldindan koʻndirib qoʻygani uchun, onasining qarshiliklariga quloq solmay, shaharga borib joylashdi va tez orada oʻz biznesini boshlab yubordi. U Serapni ham oʻzi bilan birga olib ketdi. Serap bundan juda baxtiyor edi. Qishloqda, shu uyda qolib, mayda-chuyda turli kelishmovchiliklar tufayli yangilanib, qayta tus oladigan koʻhna adovatlardan butkul xalos boʻldilar. Uning oilasida dunyoga keladigan oʻgʻillari endi baxtiyor bir osoyishta muhitda oʻsib ulgʻayadi.
Turkchadan Dilorom ABDURAHMON qizi tarjimasi.
Mənbə: Turon adiblari
Mustafa Müseyiboğlu adına kitabxana
YAZARLAR.AZ
===============================================
<<<< WWW.YAZARLAR.AZ və WWW.USTAC.AZ >>>>
Əlaqə: Tel: (+994) 70-390-39-93 E-mail: zauryazar@mail.ru