Борлиқ вужудимда жон, жон, Самарқанд!

САМАРҚАНД

Жамолинг баҳорий ҳислар уйғотди,
Оқшом чироқларин ёқди самоват.
Ёғоч бешигингда суягим қотди,
Сокин тунларингдан топдим ҳаловат.
Юлдузлар чамани – осмон, Самарқанд,
Улуғбек шул боғга боғбон, Самарқанд.

Мир Саййид Барака хоки пойига,
Устоз, деб бош қўйди султон Темурбек.
Маърифат келтирди шоҳ саройига,
Ҳеч кимса шахдига қўёлмаган чек.
Кўзимнинг ўнгида ҳар он Самарқанд,
Буюк ипак йўли –Турон, Самарқанд.

Юзингда акс этар онамнинг юзи,
Қуёшдай таралар меҳринг зиёси.
Йўлингга пояндоз жаннатнинг ўзи,
Оламда кўркингни йўқдир қиёси.
Гул атрига тўла бўстон, Самарқанд,
Бибихоним суйган маржон Самарқанд.

Авлиёлар ҳоки ётган заминсан,
Зимдан овоз берар қадимий оҳанг.
Афросиёб, суйла, не учун жимсан?
Етар, тоғу тошни гунг қилган ноланг.
Сиру синоати – чистон, Самарқанд,
Хўжа Аҳрор Валийга виждон, Самарқанд.

Даргоҳингга кимлар келиб кетмаган,
Ўтмишдан сўзлайди навқирон тарих.
Сен ҳақингда кимлар ашъор битмаган,
Шукр, мендан боринг тутмадинг дариғ.
Абулайс зикрида ирфон, Самарқанд,
Навоий наздида достон, Самарқанд.

Имом ал-Бухорий мангу уйқуда,
Бир замон меҳрингни тафтини туйган.
Саховатли бағринг тинч ва осуда,
Шул сабаб хотиржам кўнглини қўйган.
Мусофир дардига дармон Самарқанд,
Бобурнинг дилида армон Самарқанд.

Бироз вақт олисга қилсам гар сафар,
Хаёлим паришон, тўхтайди ижод.
Тушимда безовта руҳим дарбадар,
Юракни эзади кўтариб фарёд.
Умримнинг мазмуни – имкон Самарқанд,
Мен учун ягона макон Самарқанд.

Бу ёруғ оламда сенсизлик – рўё,
Ҳусни жамолингдан илҳом оламан.
Жонингга бу жоним бўлсин тўтиё,
Умрбод ёдингни сақлаб қоламан.
Зуҳронинг қалбида иймон Самарқанд,
Борлиқ вужудимда жон, жон, Самарқанд!

Müəllif: Зуҳра Бегим

Zuhra Begim <<<< >>>> Зуҳра Бегим

Mustafa Müseyiboğlu adına kitabxana

Bir cavab yazın

Sizin e-poçt ünvanınız dərc edilməyəcəkdir. Gərəkli sahələr * ilə işarələnmişdir