
Боши аввалги: Меҳрибон Абдураҳмонова – ДАШТ ҚИССАСИ
ДАШТ ҚИССАСИ
3-қисм
Боши аввалги сонларда. Давоми
Кичкина дарчадан туша бошлаган ёруғлик кулба ичини ҳаминқадар ёритди. Бу ёруғлик шу қадар ожиз эдики, ўчоқдаги қўй чалманинг чўғи қип-қизил бўлиб кўзга ташланиб турарди. Уй бурчагидаги ўчоқбоши – ўчоқ ёнидаги энсиз супача устига терилган қозон-товоқ ва бошқа рўзғор буюмлари, супача тепасидаги деворга қоқилган иккита қозиқча устида тахта- ўқлоғ, унинг ёнидаги михларга илинган элак ва ғалвир нимқоронғи хонада ғира-шира кўзга ташланарди.
Уйнинг дарчага қарама-қарши деворига тақалган иккита сандиқ-бири эски ёғоч сандиқ ҳамда ёғоч устидан тунука қопланиб турли ранглар бериб нақшланган янгироқ сандиқ устига тўрт-бешта кўрпа ёстиқ йиғиб қўйилган; тўғридан тушаётган нур сандиқ тунукасидаги рангларни бироз жилолантириб, ғамхонанинг ягона бойлигини кўз-кўз қиларди.
Ўртадаги сандалга оёғини тиқиб момо билан қизи ухлаб қолишганди.
– Имма.. Анна, имма бей…
Уй тўридаги тўшакчада ётган гўдакнинг заиф овози туни билан мижжа қоқмай, тонгда кўзи илинган момони уйғотиб юборди.
– Энанг айлансин, тойчоғим. Сув ичасанми? – дея момо пиқ-пиқ йиғлаб ўчоқдаги чўғнинг чеккасида турган чойдишдан ярим пиёла қайноқ сув қуйиб олиб пуфлаб совутди. Неварасига сувни ичиргач, бошини силаган киши бўлиб пешонасини ушлаб кўрди. Гўдак ғингшиб момонинг қўлини итарди. У ҳамон истимада қалтираб- қақшарди.
– Тишша қиласанми, болам,– илтижоли термулди момо.
– Ўк, ўк,– ғингшиди бола.
– Майли болам, майли. Йўқ бўлса, йўқ-да… Тишша қилгинг келса айтгин, иштонинг ҳўл бўп қолса, бошинг яна уҳҳу бўп қоладида, жон болам.
Гарчи ҳамон истима қилаётган бўлсада, неварасининг сув сўраб хархаша қилгани момонинг тушкунлик чулғаб олган қалбини милт этган умид шуълалари ила ёритди.
Тонгда енгил кийимда ташқарида узоқ туриб қолиб анча-мунча шамоллаб олган Қирмизой онаси эзиб ичирган кўкнори таъсирида ухлаб қолганди. Бола сув ичиб тинчлангач, бироз хотиржам тортган момо бирпас неварасининг юзларига термулиб ўтирди.
Дарчадан тушаётган нур изтиробларга тўла хонадонни сал бўлсада ёритиб, тун зулмати чорасизлик комига ютиб кетгудай ваҳшат сола-сола ортда қолганидан, ёруғ кундузда бечораларга нажот борлигидан, умид, ҳатто орзулар қилиш мумкинлигидан сирланган сандиққа шивирлаётгандай…
“Чошгоҳ бўп кетибди. Худога шукр, тунни эсон-омон ўтказиб олдик. Отаси табиб топиб келса, болажоним тузалиб қолади, – пичирлади момо ўзига ўзи. – Бугун бомдодниям ўқимадим, худойимнинг ўзи кечирсин.”
Момо кейинги пайтларда шунақа пичирлаб гапириниб юрадиган бўлиб қолган. Гап орасида кулиб ҳам қўяди. Бундан қўрққан Қирмизойни “қўявер, қаричиликда, раҳматли энам ҳам ўзига ўзи гапириниб юрарди”, каби гаплар билан юпатади.
Момо обдастани олиб ташқарига чиқди. Саҳарда қўзғалган қорбўрони тиниб қолган. Қаҳратон совуқ қарсиллатаман дейди. Оёқ остидаги қор ғарч-ғурч қилади. Уйнинг томидан кураб тушилган қорлар том билан бўйлашиб кетганди. Кечаси анча дупир-дупир бўлганди. Қор устидаги беҳисоб излар итларникимикан ёки?..
Момонинг юраги шувиллаб кетди.
“Куёв қайтди экан. Совуқ ўтиб кетган ундан. Дашт тўла қарға-қузғун… Ишқилиб эсон-омон келиб қолсин. Ўз уйига ўзи эгалик қилсин… Қирмизойимгаям кун чиқсин. Худойим шарманда қилмасин, шарманда қилмасин!..”
Момо арава изидан юриб ҳовлидан чиқди. Куёви кетган томонга термулди. Аммо кумушдай ялтираб ётган оппоқ қор кўзларини қамаштириб, ҳеч нарсани илғай олмади. Кўзлари ёшланган момо калишига қор кириб ортига қайтди. Қўйхонадаги қўйларнинг охурига кундуз куни куёви қирқиб
қўйган пичандан солди. Қўйлар охурга тармашди.
– Эна-а-а…
Туйқусдан эшитилган қичқириқ момонинг ҳушини бошидан учирди. У қўрққанидан алпанг–талпанг қадамлар билан уй сари интилди. Қори кураб очилган сўқмоқ қолиб қор кечиб гандираклаб чопаётган момо бир пой калиши оёғидан тушиб қорда қолиб кетганиниям пайқамади. Ичкарида Қирмизой боласини мақкам қучоқлаб дод-фарёд соларди.
– Ўлайин, ўлайин.. Нима қилди?..
– Болам шайтонлаб қолди. Кўзини очмаяпти. Энди нима қиламан? Вой, болам, жоним болам, кўзингни оч…
Момо Қирмизойнинг қўлидан болани олди. Юзини юзига босди. Лаблари кўкариб кетган гўдакнинг танаси совиб борарди.
– Ахир яқиндагина сув сўраганди. Бир пиёла сув ичиб олиб ухлаб қолганди. Тузаляпти, деб суюнгандим. Нега бундай бўлди-я?.. Турсунмурод, анна де, имма де, болам, болажоним…
Момо болани ётқизиб оёқларини ушлади. Муздай… Наҳотки..
У гўдакнинг жажжи оёқчаларини куҳ-куҳлаб, ўпиб, уқалаб иситишга уринди. Қулоғини тутиб юрак уришини эшитиб кўрди. Сезилмади. Юзларига секин-секин шапатилади. Фойдаси бўлмади. Дарчанинг ёруғига опкелиб, хира кўзлари билан норасиданинг қорачиқларига тикилди. Қорачиқлар сўниб бораётгандай туюлди.
– Ойнани опке, шўртой,–деди момо.
Қўрқиб қолган Қирмизой девордаги ойна халтани олиб, халта-палтаси билан онасига тутқизди. Момо халтачадан ойнани олиб неварасининг оғзи-бурнига тутди. Ойна сал намлангандай бўлди.
– Жони бор экан. Тирик экан болам. Қирмиз, тез бориб Гадой бованг билан, бахши момонгни чақириб кел. Томоғини босиб қўйсин. Тез-тез югур.
Шундай қаҳратонда ялангоёқ чопиб кирган Қирмизойни кўриб бахши момонинг капалаги учди. Унинг оёғига эски калишини кийдириб, елкасига келинининг жун рўмолини ёпиб, дарҳол йўлга тушди. Тезда етиб келган бахши момо оғир аҳволдаги боланинг томоғига қўл солишга қўрқди. Мисхол момонинг зўри билан ўнг қўлининг ўртанча бармоғини гўдакнинг оғзига тиқиб аввал танглайини босди. Бармоғига илиқлик тегди. Тирик экан… Кейин шамоллаб яллиғланиб кетган томоқ безларини босиб, ёриб юборди. Ҳаракатсиз ётган боланинг оғзидан йиринг аралаш қон оқиб чиқди.
Тушга яқин гўдак бутунлай музлаб қолди..
– Учма қушда, болам. Кўп куйинаверма. Аллоҳим бераридан қисмасин. У дунёлигинггаям бола керакку ахир,–дея олтинчи маротаба юпатди онаизори олти норасидасини кетма-кет ерга бериб эсидан оғаёзган қизи Қирмизойни.
– Ўт кетсин дунёсига. Шунча одамнинг боласи сиққан дунёга менинг болам сиғмайдими-а? Болам сиғмаган дунёсининг менга нима кераги бор?.. Эй, худо, менга унинг дийдорини кўрсатиб қўйиб, эндигина тили чиқиб чулдирай бошлаганда олиб қўясанми?.. Ундан кўра менинг жонимни олиб қўя қолмайсанми? Шунчалик зўр экансан, ол, менинг ҳам жонимни о-ол,– дея ёқасини йиртган Қирмизойнинг фарёди қишлоқнинг нарига чеккасидагиларнинг ҳам қулоқларига етиб, юракларни ўртади.
– Худога зўрлик қилма, болам. Тақдирингда борда бу кунлар. Ўлимнинг ҳам шукри бор. Сабр қил, сабр. Сабр қилганга, шукур қилганга Аллоҳ меҳрибон. Бир кун ажрини беради, болам,– бири қўйиб бири юпатарди кайвони момолар.
Онаизор қанча юпатгани билан бир ёғи қизининг азобини кўриб, дарду дунёси қоронғу бўлса, бир ёғи неча чақирим ерга табиб излаб кетган куёви келса нима деймиз, деган ўйдан ичини ит тирнади.
Воқеадан хабар топган эркаклар уй эгаси Тошмуродни кун бўйи кутишди. “Отаси ҳалигача келмади. Ҳадемай кеч тушади. Муштдай гўдакни эртагача сақлаб ўтириш тўғри келмайди”, дея гўдакни қабрга қўйиб келишга қарор қилишди. Аммо Қирмизойнинг онаси Мисхол момо “Отаси келмасдан боламни бермайман. Отаси келса, нима деб жавоб бераман”,– дея оёқ тираб туриб олди..
Кеч бўлганда эшак аравада табибни олиб келган Тошмурод ҳовлига кириб келганда аёллар қий-чув кўтариб унинг олдига чиқишди. Тошмурод аёлларни нари итариб уйга ўқдай отилиб кирди. Тўрда юзига оқ сурп ёпиб ётқизиб қўйилган Турсунмуродини қўлига олиб бирпас қотиб қолди. Сўнг ялинчоқ овоз билан ҳирқираб ғўлдирайверли.
– Турсунмурод, кўзингни оч, тойчоғим. Сени даволашга табиб олиб келдим, болам. Оч кўзингни. Иссиғинг ҳам тушиб қолибдику-а, Турсунмурод. Табиб амакинг келди. Сенга дори-дармон қилади. Кўрмагандай чопиб кетасан, ўғлим…
Тошмурод аллақачон совуб улгурган ўғилчасининг жасадини дам бағрига босиб, дам юз-кўзларидан ўпиб эс-ҳушидан айрилганди.
Бир четда турган аёллар ҳам, тўрт-беш чоғли қўшни эркаклар ҳам аллақанча вақт унинг олдига яқинлашишга юраклари дов бермай, кимдир пиқ-пиқ йиғласа, кимдир ер чизиб, яна кимдир жим қараб қолишганди.
Тошмуроднинг орқасидан кириб келган қишлоқ оқсоқоли Қосим сўфи секин бориб унинг елкасига қоқиб: “Бардам бўлинг, Тошмуродбой, майитни қийнаманг. Жойига ётқизиш керак,”– дегач, шўрлик ота дунёни бузиб ўкириб юборди.
– Нима деяпсилар ўзи? Менинг ўғлим тирик… Турсунмурод тойим тирик. У ухлаяпти ахир… Мана иссиғи тушиб, муздеккина бўлиб ухлаб ётибди. Кет ҳамманг. Баринг кўзимдан йўқол! Йўқолларинг… Йўқолларинг… Эй, худо!.. Худойим, бор бўлсанг кўрсат мўъжизангни… Турсунмуродим уйғонсин… От бўлиб елкамга миндириб уйнинг у бошидан бу бошига югуртирай боламни…
Хотинлар уввос тортиб юборишди. Бир четда гоҳ ҳуш, гоҳ беҳуш ётган Қирмизойнинг бошида онаизори шўрқиллаб ўтирарди.
Кимдир нимадир қилиши керак эди. Шунда кетарини ҳам, кетмасини ҳам билмай турган табиб ҳамманинг жонига ора кирди.
– Болани жойига ётқизинг. Томир уришларини текшириб кўрай. Балки ҳали умид бордир.
Ҳеч кимга қулоқ солмай ўкириб йиғлаётган шўрлик ота “А”дея бирдан йиғидан тўхтади. Табиб унинг қўлидан болани авайлаб олиб жойига ётқизди. Гўдакнинг жажжи қўлини тутиб томирини узоқ ушлаб турди. Тирикликдан нишон йўқ эди. Аммо мана шу фурсат оралиғида Тошмуроднинг қўлидан болани олишнинг бирдан бир йўли шу бўлганлиги учун табиб шундай йўл тутишга мажбур бўлди.
Ўша тун қишлоқнинг тарихидаги энг узун, энг қоронғи тун бўлди…
Туни билан Тошмурод гўдак ўғлининг жонсиз жасади бошида алла айтиб чиқди…
Эркак киши алла айтмасин экан..
Эркак киши йиғламасин экан…
Эртасига эрталаб “Бермайман боламни”дея ўғилчасининг жасадини бағрига маҳкам босиб олган Қирмизойнинг қўлидан болани бир амаллаб ажратиб олишди…
Бийдай даштни момонинг айтимлари тўлдирди.
Куйсин ўлим, куйдирди
Куйдим, десам, кулим йўқ.
Шунча бола ичида
Турсунмурод улим йўқ.
У-уввв!..
3-қисм тугади
Давоми бор
Давоми: Меҳрибон Абдураҳмонова – ДАШТ ҚИССАСИ
Автор: Меҳрибон Абдураҳмонова
Меҳрибон Абдураҳмонованин язилари
Меhriban xanımın digər yazıları
Oxuyun >> Gözündə tük var
Zaur Ustacın şeirləri haqqında