Таниқли шоира, таржимон ва журналист Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, Санобар МЕҲМОН билан,Озарбайжон Журналистлари уюшмаси аъзоси, Жаҳонгир НОМОЗОВнинг суҳбати.
—Суҳбатимизни шеъриятингиз ҳақида бошласак. Шеърларингизда Мавлоно Румий, Аҳмад Яссавий, Бобораҳим Машраб каби улуғ устозларимизнинг ёруғ нафаси сезилиб туради. Бундай бахт ҳамма шоирга ҳам насиб қилавермайди. Бу улкан ва илоҳий истеъдод юкини кўтариш оғирлик қилмайдими?
— Шеърият ҳамма замонларнинг абадий мавзуси бўлса не ажаб…. Саволингиз жудаям ўринли -инчунин Сўзнинг юки жудаям оғир,боиси бу юк Сўзнинг ўзи қадар қадийм ва залворлидир. Аммо,доно халқимизда:”Аллоҳ ернинг тоғига қараб қиш юборади”,-деган доно нақл бор,буюк Яратгувчимиз сўз айтмак шижоатини,иқтидорини берар экан,уни кўтармакка ҳам ўзи қувват беради илло. Ҳазрат Навоий айтадилар: “Соқиё кел энди,жоми-Жам тутай, Ўз қатиқ ҳолимга ўлмасдин бурун мотам тутай” Инчунин,бу дунёда масъулият кўзи билан қарасанг енгил ишнинг ўзи йўқ, инсонга ҳамиша,ҳар қандай ҳолатда ҳам инсон бўлиб қолишнинг ўзи нақадар қийин ва машаққатли дир! Лекин,одамзод ҳамиша сабр ва матонат билан ўзини, ўзининг асл қийматини англаб келган.
—Озод Шарофиддинов, Нажмиддин Комилов сингари буюк адабиётшунослар сизга ўз йўлингизни топишда қандай ёрдам берди? Улар билан ўтган даврлар,суҳбатлар, ҳақида ўртоқлашсангиз…
— 20-аср ўзбек адабиётининг дарғалари бўлмиш—Ўзбекистон Қаҳрамони Озод Шарофиддинов, филология фанлари доктори, профессор Нажмиддин Комиловлар ҳақида, уларнинг нақадар буюк Устоз,энцеклопидик билим ва юксак тафаккур соҳиби бўлганлари ҳақида гапирса битта саволга жавоб нима,ҳар бирлари ҳақида бутун бошли китоб ёзсанг камлик қилади,бу буюк Устозларим ЭНГ аввало одамийлик илмининг дарғалари эдилар. Кимки,бу руҳафзо суҳбатлардан баҳраманд бўлган бўлса, албатта руҳи нурланиб,тафаккури ёруғ бўлгандир, шулар қаторида мен ҳам бу улуғ зотларнинг назари менга тушганининг ўзидан хушнуд бўлиб,шу меҳрнинг ўзидан ҳайратланиб,ўзлари чақирмасалар-борганида ийманиб юрганман. Ростини, айтишим керак—ҳар икковлари ҳам мен ҳақимда ўзларининг меҳр ва ишонч, самимият балқиган мақолалари билан Ўзбекистон Қаҳрамони Озод Шарофиддинов домла “Жаҳон Адабиёти” журналида, филология фанлари доктори, профессор Нажмиддин Комилов домла “Гулистон” журналида ёзган бўлсалар-да, мен ҳар икковларининг ҳам олдиларига боргани жудаям ийманиб, тортиниб ,боргим келса-да боришга хижолат бўлиб яшаганман, шу сабабли менга бу буюк Устозларимдан дуо, самимий меҳр ва чиройли оқ йўл тилаб ёзилган сўзбошилар меърос бўлиб қолди. Лекин, ўртамиздаги бу руҳоний муносабатларга ҳеч қандай дунёвий бир тушунчалар аралашган эмас, яъни мен уларнинг на мансабларидан ва на мартабаларидан бирон-бир кўринишда манфаатдор бўлган, ёким уларга зиғирча бўлсин ўз шахсий муаммоларимни, дейлик контрактда ўқишим ва унда кўрсатилган суммани тўлолмай жудаям қийналиб, ҳаттоки ўқишни ташлаб кетишга мажбур бўлган ҳолатимни билдирган эмасман. Рости, уларнинг бу ҳолатни,сезиб,билиб қолишларидан чўчиб яшардим ҳаттоки. Мен учун улар адабиётнинг, илмнинг баланд осмонида яшашган ва мен уларни мен учун шу баланд осмонларда туришларини ,ердаги майда-чуйда ташвишларга аралашмасликларини истаганман. Эҳтимол,бу нотўғри бўлгандир,уни билмайман, чунки у Азиз зотларни кўрган,таниган ва дуоларини,мен ҳақимда ёзган самимий сўзбошиларини олган вақтимда мен жудаям ёш бўлганман, қолаверса “Қон билан кирган жон билан чиқади”,—деганларидай мен ҳозир ҳам ўшандай тортинчоқ ва хижолатчиман. Шеърларимдаги эркин,озод руҳ ва инсоний фитратимдаги тортинчоқлигим иккаласи мени жудаям қийнайди очиғи, мана биринчи саволнинг муайян аниқ жавоби шу ерда юзага чиқди.
—Сиз учун тасаввуфнинг таърифи қандай? Тасаввуфий шеърлар ёзиш жараёнида қандай маънавий ҳолатни ҳис этасиз?
—Тасаввуф аслида руҳнинг шеъриятидир. Унда ҳам руҳ шундай поэтик юксак туйғулар ичида ер ва ундаги майда ғуссаларни рад қилади. Тасаввуф таърифлаган ҳолда яшаш бутун умр шоирона кайфиятда яшашдир аслида.
—Ҳар бир шоир, ёзувчининг руҳининг шоирлари бўлади. Сизнинг руҳиятингиз шоирлари кимлар?
—Мен ўзбек адабиётининг деярли барча классик шоирларини ва Шарқ алабиётининг,Озарбайжон адабиётининг буюк классиклари Муҳаммад Фузулийнинг, форс-тожик адабиётидан Ҳофиз Шерозийнинг, Бадриддин Ҳилолийнинг ғазалларини, бугунги куннинг барча Руҳият даражасида баланд мақомларда ёза оладиган барча шоирларини яйраб ўқийман. Қолаверса, Ғарб адабиётидан Жорж Санд, Хулио Кортасар, Эмели Дикинсоннинг ва япон шоири Исакова Такубокунинг хайкулари, классик ва замонавий япон шоирларини, Ясунари Кавоботанинг нозик табиат тараннумларини,испан шоири Федарико Гарсиа Лорканинг жозибадор ҳайратларини севиб ўқийман. Жумладан Озарбайжон замонавий шоирлари Ромиз Равшан ва Самад Вурғундан қилинган чиройли таржималарни ҳам излаб топиб ўқийман.
—Шоир ва шахс сифатида ҳаётингиздаги энг муҳим қарорлар қандай бўлган? Бу қарорлар сизга ижод ва ҳаёт ўртасида қандай мувозанатни сақлашга ёрдам берди?
—Ҳар бир инсоннинг ўз ҳаётий принциплари бўлгани маъқул мен учун! Принципи, қатъий характер қатъияти ва муаййан чекловлари бўлмаган одамнинг ҳеч қачон ўз маънавий қиёфаси бўлмайди! Мени ҳамиша мувозанатда ушлаб турадиган куч бу эътиқоддир!
—Ижодда ҳам, шахс сифатида ҳам ҳақиқатни излаш, сўз ва маънони аниқ кўрсатиш сиз учун қанчалик муҳим?
—Айнан шу саволингизга бешинчи саволда ўзим билмаган ҳолда жавоб бериб қўйибман (!!!) Илло, юксак эътиқоди ва қатъий принципи йўқ бўлган ижодкорнинг маънавий қиёфаси бўлмайди, модомики маънавий қиёфаси йўқ экан у ижодкор ўз-ўзидан йўқолиб кетади. Сўз ва маъно мен учун жон ва жисм каби яхлит бир тушунчадир! Бошқача бўлиши мумкин эмас илло.
—”Айрим нарсалар китобдан ўрганилмайди. Уларни устоздан ўраниш керак”, дейилади. Бунга қандай фикрдасиз?
—Чинданда шундай —китобдан ўрганилмайдиган , фақатгина кўрмоқ ва бошдан кечирмоқ билан англаб етиладиган аччиқ ҳаёт ҳақиқатлари бор .
—Амир Қобус айтадики: ” Юксак даражаларга фақат бошдан кечирилган машаққатлар билан эришилади.” Сизнингча, шоир ва шахс учун юксак даража нима?
—Менимча чинакамига Шоир ва Шахс бўлиш учун энг юксак даража бу ҳар қандай ҳолатда ҳам ўзининг оддий инсон эканини ва унга ато этилган барча мукофотлар Аллоҳнинг неъмати эканлигини унутмасликдир! Яъни энг юксак даража бу камтаринликдир!
—Кўплаб ижодкорлар марказ дея шаҳарга талпинишади. Яхши шоир, ёзувчи бўлиш учун шаҳарга талпиниш қанчалик тўғри деб ўйлайсиз?
—Бир ҳазиломуз аксиома бор,катта истъедодлар қишлоқда туғилиб, шаҳарда ўладилар деган…. Демоқчиманки,марказнинг ўз жозибаси борким,барча истеъдодлар жамланган ва шу жиҳатдан қай бир даражада ижодий муҳит қайнаган макон сифатида якка ҳолда чеккада ижод қилаётган ижодкорларни тортиш хоссасидир .
—Мицкович шундай дейди: “Кун бўйи яхши яшаш, китоб ёзишдан ҳам қийинроқдир. “ Сизнингча, биз яхши инсон бўлиб яшашни, яхши китоблар ёзишни қай даражада уддалаяпмиз?
—Бу саволга умимий ҳолда жавоб бериб бўлмайди, чунки яхши инсон бўлиб яшаш бу ўта ўзига хос жараёндир. Бир пайтнинг ўзида кимдир жудаям олижаноб бир ҳаётни яшаса, унинг ёнгинасида туриб кимдир тубанлик ва аблаҳликнинг энг учига чиқиб умр ўтказиши мумкин.
—Озарбайжон адабиётига қизиқишларингиз ҳақида ҳам гапирсангиз. Озарбайжон адабиётидан сиз энг севиб ўқиган шоир ва ёзувчилар кимлар? —Озарбайжон адабиёти мен учун ҳали бир сирли уммон, очилмаган хазина ҳолида турибди, Озарбайжон классик шоирлари Муҳаммад Фузулий,Имомиддин Насимий ва Билол Нозимни кўп ўқиганман, айниқса Фузулийнинг ўттиздан ошиқ ғазалини ёд биламан, замонавий Озарбайжон адабиётининг забардаст вакиллари Юсуф Самад ўғлининг:”Қатл куни” романини (Усмон Қўчқор таржимасида) ўқиб кўп таъсирланганман Самад Вурғундан қилинган чиройли таржималарни ҳам излаб топиб ўқийман, Ромиз Равшан шеърларини севаман,энг катта ниятим уларни аслиятда ўқишдир!
—Сизнингча, озар ва ўзбек адабиёти ўртасида қандай умумий хусусиятлар ва ўхшашликлар бор? Бу икки халқнинг адабиёти бир-бирига қандай таъсир кўрсатади?
—Бу икки Халқнинг илдизи бирдир, бизнинг Озарбайжон билан динимиз муштарак,адабиётимиз муштарак,шу сабабдан адабиётимиз ҳам руҳан бир-бирини тўлдирадиган эгизак адабиётдир.