
Француз саёҳатчиси ва фотографи Гюго Краффтнинг ҳаёти ва ижодига доир биронта маълумот тополмадим. Фақат фотосуратларнигина топдим. Унинг Марказий Осиёга келган пайтида ишлаган фотосуратларига ижодий ёндашиб, эътиборингизга ҳавола қиляпман.
ГЮГО КРАФФТ СУРАТЛАРИДА XIX АСРДАГИ МАРКАЗИЙ ОСИЁ
- Қўқонлик қиз-жувонлар портрети
XIX асрнинг иккинчи ярмида Чор Россияси Туркистонни босиб олгач, чет элликлар юртимизни Россия Туркистони, деб атай бошлаганлар.
Беҳисоб қазилма бойликлари, серҳосил унумдор ерлари билан Ғарб мамлакатларини доимий равишда қизиқтириб келган Туркистонга яна кўплаб сайёҳлар оқиб кела бошлайдилар.
Француз саёҳатчиси ва фотографи Гюго Краффтнинг саёҳати Туркистон халқларининг ўша давр маданиятини фотосуратларга муҳрлаганлиги билан диққатга сазовор.
Гюго Краффт (1853-1935) – 1898-1899 йилларда узоқ сафарга – Кавказ ва Марказий Осиёга (Туркистон) отланади. Икки йиллик саёҳати натижаси ўлароқ, 1902 йилда унинг “Россия Туркистони орқали” китоби нашр этилади.
Ушбу китоб Туркистон манзаралари, миллий қадриятлари тасвири, ерли халқ вакилларининг портретлари, фотосуратлар ва расмлари билан Ғарб-у Шарқда катта қизиқиш уйғотади.
Маҳаллий халқ вакиллари суратларига қўйилган изоқлардан маълумки, сураткаш саёҳат пайтида кўпроқ вақтини Самарқанд ва Қўқон шаҳарларида ўтказган, деган хулосага келиш мумкин.
Суратлар бугунги кунда Гамбургдаги санъат музейида сақланмоқда.
Санасига эътибор қаратадиган бўлсак, Верешчагин асарларидан роппа роса 30 йилдан кейин олинган фотосуратларда аждодларимизнинг (туркистонликларнинг) кийиниш маданиятида сезиларли ўзгаришлар бўлганини сезмай қолмаймиз. Верешчагин асарларида кўпроқ олачалпоқ нақшли бўз ва адраслардан тикилган либослар кенг тарқалганини кўрсак, Граффт фотосуратларида эркакларнинг то ҳозирги кунгача сақланиб келаётган йўл-йўл нақшли беқасам чопонлари, оддий сидирғали кўк ва яшил рангдаги зирабеқасам тўнлари, мовут ва кигиз чакмонларининг кўпроқ урфга кирганига гувоҳ бўламиз.
Яна бир эътиборли жиҳати – суратлар жамланмасида кўпроқ бой хонадонлар вакилларидан иборат эркаклар, хотин-қизлар ва ёш болалар портретлари етакчилик қилади. Тошкент ва Қўқон бойларининг хонадонларида олинган суратлар ўша давр миллий меъморчилик андозаларида қурилган ҳашаматли уйлар ва уй соҳибларининг мағрур нигоҳлари ўзларига бўлган ишонч ва тўқликдан дарак беради.
Гюго Краффт олган ушбу фотосуратларни томоша қилар экансиз, Туркистонликлар ярим ёввойи, уларга маданият олиб кирдик, деб ерга урган босқинчилар қанчалар ноҳақ эканлигини англайсиз.
Шарқ аёллари портретларидаги жозиба, миллий кийимларидаги бошқа ҳеч бир халқларникига ўхшамайдиган бичим ва безаклар, бой хонимларнинг қимматбаҳо тақинчоқ ва зеби гардонлари, камбағалроқ аёллар бошларидаги кумуш тиллақошу, узук ва исирғалар – барча-барчаси қўзни қувонтиради.
Қўқонлик ўзбек хотин-қизларининг либослари одмилиги, бичими билан самарқандлик хонимларникидан бутунлай фарқ қилади.
Уларнинг эгнидаги кўйлак ва камзулларнинг кенг олинган чап олди қисмининг олд ўнг қисмидаги қатор тугмаларга қадалиши гўзал хилқатларнинг қоматини сириб, янаям хушбичим кўрсатиб турибди. Бу либосларда биронта ортиқча ҳашам учрамайди. Кўйлак ва камзулларнинг олд қисмидаги тик туширилган ҳошия ва жияклар ҳам дабдабадан холи. Жияклари пешонасини ёпиб турган бошларидаги дўппиларнинг нусхалари ҳам бир-бирини такрорламайди – бириники қалампирнусҳа бўлса, бириники тароқнусха нақшли.
Қўқонлик тожик қизнинг кийими ўзбек дугоналариникидан фарқ қилиб турибди. Қайрилма ёқали узун кўйлак устидан нимча, нимча устидан енги тирсаккача, узунлиги тиззагача келадиган камзулча кийиб олган тожик қизи энг устидан гулли мурсак (мунисак) ташлаб олган.
Бири-биридан гўзал бу қиз-жувонларнинг туришини кўриб, ўша қора чимматли паранжи тагида ҳақ-ҳуқуқсиз эзилиб юрган бечоралар, деган туманли ўйлар тарқаб кетади.
Айниқса, чаккасидаги гажаги келинлигидан дарак бериб турган биринчи суратдаги келинчакнинг ҳаё билан бошқа тарафга қараб тургандаги латофатига лол қолмай, илож йўқ.


Ҳаммасидан ҳам ҳайратланарлиси улар юзидаги виқор, маъноли кўзлар сир-синоатини тушунолмай, хаёллар чувалашиб кетади.
Кўринг ва баҳо беринг, XIX асрнинг сўнгги йилларидаги Қўқон хотин-қизларининг суратларига.
Қойил, француз сураткаши Гюго Краффтга!

1-2 -суратларда қўқонлик ўзбек қизлар.
3-суратда бошяланг турган қўқонлик тожик қиз.
1898 йилда олинган фотосуратлар.
Давоми бор
Меҳрибон Абдураҳмонованин язилари
Ушбу мақола «Jizzax tongi.uz» газетасида эълон қилинди.
Меhriban xanımın digər yazıları
Oxuyun >> Gözündə tük var
Zaur Ustacın şeirləri haqqında




