Etiket arxivi: Меҳрибон Абдураҳмонова

Меҳрибон Абдураҳмонова – ДАШТ ҚИССАСИ

Боши аввалги: Меҳрибон Абдураҳмонова – ДАШТ ҚИССАСИ

ДАШТ ҚИССАСИ
Охирги қисми
Бундан олдин 5-қисми чоп этилган

Сунбуланинг сўнгги кунлари эди.
Ярим кечаси Қирмизойни дард тутди.
Аллақачон куз салқини тушиб, кечалари совиб кетаётган бўлса-да, Тошмурод ҳали уйга кирмаган, кўрпа ичида ҳам совқотиб қоладиган ҳавода ҳовлидаги супада ухлашда давом этаётган эди.
Дарди бошланган Қирмизой секин-секин хуррак отаётган онасини уйғотгиси келмади. “Балки, ой тўлғоқдир, бироздан сўнг ўтиб кетар”, деб ўйлади у. Бироқ, дард ўтиб кетмади. Суст кечаётган дард босилгач, жойига ётиб, энди кўзи илинай, деганда яна қўққисдан бели ва қовуғида аччиқ оғриқ қўзғалиб, ўрнидан туриб кетди. Уйнинг бошидан бу бошига бориб-келганча, ўзи билан ўзи бўлиб юрди. Оғриқ ўтиб кетди. Қирмизой яна ўрин кўрпасига чўзилди. Бироз бўлса ҳам мизғиб, куч тўплаши керак. Негадир, шунча оғриқлар орасида ҳам уйқуси келаётганди. Бир дақиқа ухладими, йўқми, белида оғриқ қўзғалиб, яна инқиллаб-синқиллаб ўрнидан қўзғалди… Йўқ, ой тўлғоқ эмас экан, ўтиб кетмаяпти. Демак, ой-куни етибди.
“Дардим пишганча, тонг отиб қолади. Шу вақти тун ярмида ҳаммани безовта қилмай”, деган истиҳолада дард чекканча анча пайтни ўтказди. Жуфти ҳалоли дунёдан бехабар, супа устида ухлаб ётибди. Кўканбойнинг юмушлари билан куни билан чарчагандир… Алламаҳалда кимнинг эшигини қоқади… Дарди яна бироз пишсин, кейин секин онасини уйғотади.
Шўрлик она… Йилдан йилга жуссаси кичрайиб, муштдайгина бўлиб қолибди. Бирин-кетин нобуд бўлган неваралар доғидан бели букилиб, қадди эгилиб қолди. Шу ҳолига ҳам тинмайди… Ёш боладай ғужанак бўлиб ётишини…
Онасини уйғотишга чоғланган Қирмизойнинг кўзлари жиққа ёшга тўлди. У кўйлагининг узун енгини кўзига босиб, бироз туриб қолди. Онасини уйғотишга кўзи қиймади…
Бироқ, тобора тезлашаётган тўлғоқ азобларини тишини тишига қўйиб ўтказиб юбораётган Қирмизой охири оғриқларга бардош беролмай қолди. Бирдан кучли дард тутиб, бели билан қовуғида турган оғриққа чидолмай, беихтиёр ”Эна-а-а”, деб инграб юборди.
Ногаҳоний чақириқдан уйғониб кетган момо дабдурустдан ҳеч нарсани англамай, уйқусираган алфозда ўтириб олиб, “ҳа-ҳа”лаб атрофига аланглади. Белини ушлаганча инграниб турган қизига кўзи тушгачгина, бирдан уйқуси очилиб, ёшига ярашмаган чаққонлик билан ўрнидан туриб кетди.
– Нима бўлди, болам?.. Дардинг бошланиб қолдими?..
– Бошланди, эна… Чидолмай кетяпман, эна… Иммм… Воййй, вой-ей!..
– Энанг айлансин сендан. Нега дарров мени уйғотмадинг, лодон каклик?.. Осон тирикчиликми бу?.. Куёвга айтдингми?..
– Йўқ, эна, йў-ў-ўқ, иммм..
Қирмизой тўлғоқ азобларига чидай олмай, сим-сим оғриётган белини икки қўли билан ушлаб, ингрангача нари бориб, бери келарди.
Момо шошиб ҳовлига чиқиб, куёвини уйғотиш учун супанинг анча берисида туриб, овоз берди.
– Куёв, туринг, болам. Тезроқ тура қолинг. Қирмизойни дард тутяпти.
Бошини кўрпага буркаб ётган бўлса-да, Тошмуроднинг уйқуси сезгир эди. У қайнонасининг товушидан шу заҳоти уйғониб, сергак тортди.
Куёвнинг ўрнидан қўзғалгани кўрган Мисхол момо нигоҳларини четлатиб, “Қирмизойни дард тутяпти. Тез бориб, доя кампирни опкелмасангиз бўлмайди”, деди-да уй ичига кириб кетди.
Тошмурод беихтиёр сакраб ўрнидан туриб кетди. Шоша-пиша юз-қўлларни ювиб, уйга киришга чоғланди. Уй ичидан Қирмизойнинг оҳ-воҳи эшитилиб турарди. Эшик олдида таққа тўхтаб, ичкарига кириш-кирмаслигини билмай, тараддудланиб туриб қолди. Сўнг, шошилганча доя момонинг уйига қараб кетди…
… Момо иримчи эди. Дард кучайганда на ётолмай, на туролмай икки қўли билан белини ушлаб уёқдан буёққа вой-войлаб зорланаётган қизининг дарди енгиллашсин, дея ирим қилган момо қўллари қалтираб-қалтираб уйдаги барча тугунларни ечиб чиқди.
“Ўзинг тугган тугунни ўзинг ечгин, Оллоҳим”,–дея жойнамоз устида ҳам, юрган йўлида ҳам тинмай худога илтижо қилди.
Катта қозонни тўлдириб сув иситиб қўйди. Бирдан кўзи ёриса, шошиб қолмасин. Тутаб-тутаб ёнаётган қўй чалманинг орасидаги чўғдан оташкуракка олиб исириқ тутатди. Куёвнинг дўпписини ёстиқнинг бошига қўйди. Йигит пирлари қўллайди…
Шунда ҳам кўнгли кўнчикмай, инс-жинслар яқинлашмасин, деб раҳматли чолининг шалвари билан қизининг у ёқ-бу ёғига уриб қоқиб қўйди. Ёшлигида Сариқ қиз – Алвасти ушлаган чоли ўлиб кетган бўлса ҳам, кийимларида пари қизнинг таъсири қолганига момо ишонади. Чунки, Пари қиз чолига ваъда берган. Чолининг сўзлаб беришича, воқеа бундай бўлган.
Унда Сорибой ёш йигит бўлган. Бир куни олисдаги қариндошлариникига ошна-оғайни йиғилишиб тўйга борган. Тўй қилган қариндоши яқин-атрофдаги қўни-қўшниларникига қўноқ бериб, меҳмонларни тунашлари учун қўноқ жойларга бўлиб-бўлиб жойлаштирган. Кўпкари чопадиган полвонлар ётиб қолган.
Сорибой эса бегонаникида ётгиси келмай кеч бўлганда уйга отланган. Эшагида йўртиб келгунча ярим кечаси бўлиб қолган. Бир ёғи чарчоқ, бир ёғи уйқусизликдан кўзи юмилиб-юмилиб бораётса, эшаги бирдан ҳуркиб кетиб, мудраб кетаётган эгасини йиқитиб қочиб кетган. Қўрққанидан кўзлари бодроқдай очилиб кетган Сорибой қараса, рўпарасида сочлари сап-сариқ қиз сочини тараб ўтирганмиш.
Сорибой инс-жинслар тўғрисида энасидан кўп бор эшитган воқеалари эсига тушиб, дарров калима қайтарибди-да, шартта бориб Сариқ қизнинг сочини бураб ушлаб олибди. Сариқ қиз эса, “Қўйиб юбор мени. Қўйиб юборсанг, сенга ёрдам қиламан. Бир қамчи оласан. Ақлдан озган одамларни қамчи билан уриб, дам солсанг, тузалиб кетадилар. Туғолмаётган хотинларга ҳам дам урсанг, осонгина туғиб олади. Пичоқ ҳам оласан, қамчи билан пичоқни ҳар йили қизил қўйнинг қони билан қонлаб турасан. Пичоғингни йўқотиб қўймаслигинг керак. Бошқа дев, парилар ундан қўрқиб ёнингга йўлолмайдилар. Агар йўқотиб қўйсанг, кучинг қирқилади. Ҳар иккаласини ҳам йўқотмасдан, авайлаб-асраб ишлатсанг, сен машҳур одам бўлиб кетасан.”, – деб роса ялинади.
Аммо Сорибой Сариқ қизнинг сочларини маҳкам ушлаб тураверади. Шунда Сариқ қиз: ”Етти пуштингга ҳам тегмайман”, – деб ваъда бергач, у Сариқ қизни қўйиб юборади.
Овулда “Сорибой Сориқиз ушлабди”, деб гап чиқади. Кимлардир мазах қилиб, роса устидан кулади. Кимлардир қўрқиб кетади.
Бироқ, унинг кўрсатган “кароматлар”идан сўнг, кўпчилик бўйин эгиб кела бошлайди.
Айниқса, тўсатдан касал бўлиб қолган Ўринбой полвоннинг тузалиб оёққа туриши Сорибойнинг обрўсини оширганди.
Айтишларича, йилқи боқиб юриб, чарчоқ босган Ўринбой полвон даштдаги қатор дўнгликларнинг бирида ёнбошлаб ётиб, пинакка кетади. Қанча ухлаган, билмайди, бир пайти кўзини очса, тўйда ўтирган эмиш…
Тўкин дастурхон атрофидаги кишилардан “Кимникида тўй бўляпти?”, – деб сўраса, ҳалиги кишилар жавоб беришдан қочиб, “аввал таомдан енг, кейин гаплашаверамиз”, –дея бир-бирига навбат бермай, Ўринбойни ҳам гапиришга қўймай, қўлига нон тутишиб, “енг-чи, енг” қилиб, роса шошириб ташлашибди. Ўринбой доимги одатига кўра, “Бисмиллоҳир раҳмонир роҳим”, деб нонни синдирган экан, атрофидаги одамлар ҳам, тўкин дастурхон ҳам йўқ бўлиб қолибди. Ўзи эса ухлаб қолган дўнгликда қўлида тезак ушлаб ўтирганмиш. Юраги қаттиқ сесканган Ўринбой полвон зўрға уйига етиб келиб, бўлган воқеани уйдагиларга айтиб беради. Кейин анча пайт касал бўлиб ётиб қолади.
Эшитган одамлар: “Жинлар уялаган жойда ухлаб қолибди-да шўрлик. Яхшиям “Бисмилло”, деб “нон”ни синдирибди. Бисмилло, деб синдирмаганда кўзига нон бўлиб кўринган тезакни еган бўларди. Кейин ақлдан озиб, қайтиб ўзига келмасди”, дея талқин қилишибди.
Алалоқибат, Ўринбой полвон Сорибой мулла ўқиган дуолардан шифо топиб, ўзига келганмиш.
Ёшгина Мисхолой келин бўлиб тушганда, аллақаерлардан одамлар келиб Сорибойни олиб кетишарди. Икки-уч кун йўқ бўлиб кетиб, қайтишда тўлиб-тошиб келиб қоларди. Фалон-фалон жойдаги жин чалган одамларни даволаб, тузатиб келдим, деб хурсанд бўлгич эди. Уйга қайтгач, пичоғини чиройли безаклар туширилган қинига солиб, уйнинг тўрига осиб қўйгич эди.
Кейинчалик бу ишидан роса пушаймон бўлиб юрди: “Нега пичоқни одамларнинг кўзи тушадиган жойга осган эканман-а?.. Шуни қамчига қўшиб халтага солиб қўйсам, бўлар эди-ку?”, деб. Чунки…
Бир куни уйга меҳмонга келган таниши пичоқни ўғирлаб кетди. У кетгач, пичоғи йўқлигини билиб қолган Сорибой орқасидан бориб роса ялинди: “Бер, ахир бу сен ўйлагандай оддий пичоқ эмас, сенга бир касри тегиши мумкин”, деб. Аммо у пичоқни ўғирлаганини тан олмайди. Сал ўтмай, ўша танишини кимдир пичоқлаб ўлдириб қўйгани хабарини эшитишди.
Сорибой танишининг ўлимида ўзини айбдор ҳисоблаб, астойидил хафа бўлди. Панага яшириб қўйса, у ўғирлай олмасди. Олмагач, ўлмай қоларди.
Шундан кейин Сорибой қамчини ўз қўли билан катта оқар сувга оқизиб келди.
Бундан Сорибойнинг онаси қўрқиб, талвасага тушди. Беш-олти йилдан бери фарзанд кўрмаётганини Пари қизнинг жаҳлини чиқаргани учун, деб афсус ва надоматлар чекди. Қайтадан қамчи ва пичоқ олиб қонлаб қўйишини ўғлидан илтимос қилавериб, чарчади. Аммо Сорибой кўнмади.
“Пари қиз эгасининг қизига албатта ёрдам беради”, дея умид қилди момо. Чунки қайнонаси кўп айтарди: “Қамчи билан пичоқ йўқ бўлгани билан ўғлимда оз бўлса ҳам Пари қизнинг кучи сақланиб қолган. Шунинг учун касал бўлганларни унинг шалвари билан уриб қўйилса, касалдан фориғ бўлади”, деб. Жойи жаннатда бўлсин, яхши аёл эди…
Ҳа, айтганча, Сорибой қамчисини сувга оқизиб юборгандан сал ўтмай, Худо фарзанд бериб, Қирмизой туғилди. Худойим бераман деса, даргоҳи кенг экан. Ўзига шукр!
Эййй, бевафо дунё!.. Сорибой чол ҳам ўтиб кетди. Қайнонасининг гапини ҳар иккала қулоғига қўрғошиндай қуйиб олган Мисхол кампир чолининг шалварини яхши ниятда асраб келяпти. Мана, бугун яна асқотиб турибди.
Зора дарди енгиллашиб, эсон-омон кўзи ёриса…

– Аввали Худо! Менинг қўлим эмас, қушноч момолар қўли, менинг қўлим эмас, отасининг қўли.
– Ё Оллоҳ, ё пирларим, ё, момолар, ё хилу-хештим, етти пуштим, ёлғизимни қўлланглар!..
Тошмурод доя момони етаклаб келган пайти, Қирмизойнинг дарди янада кучайиб, тўлғоқ азобида тинимсиз оҳ-воҳ қилаётганди.
Тонг ёришганда, дарди пишиб етилган Қирмизой эсон-омон туғиб олди.
Отаётган тонг хабарини дунёга жар солиб қичқираётган хўрозлар овозига чақалоқ йиғиси жўровоз бўлди. Қушлар чаҳ-чаҳлаб янги кунни олқишладилар. Қаерлардадир қурбақалар қуриллади.
– Куз илиқ ўтади, шекилли, қурбақалар ҳануз қуриллаб ётибди, – деди чақалоқни йўргаклаётган доя кампир.
Қирмизойнинг пешонасидан оқаётган тер томчиларини артаётган Мисхол момо унинг гапини англамади.
Чақалоқни ўраб, чирмагач, доя момо ҳаяжондан ҳовлининг у бошидан бу бошига бориб келаётган Тошмуродни чақириб, суюнчи сўради.
Тошмурод йўргакланган митти гўдакни бағрига босди. Кўзларига ғилт-ғилт ёш келди. Момо ҳам ўзини тутолмай, пиқ-пиқ йиғлади…
Янги туғилган чақалоқнинг сочлари қоп-қора жингала, қошлари қора, оёқ-қўллари узун-узун, бўлимлигина бола эди.
Нақ беш килодай туғилган боланинг исмини Тоштурсун қўйишди.
Қирмизой туғруқ азобини ҳам унутиб, ўрнидан қўзғалиб, болани қўлига олмоқчи бўлди.
– Жим ёт, шу бола сеники. Кейин қанча истасанг, шунча эркалайверасан, ҳозирча қимирламай ёт, – койиб берди доя момо.
Қирмизой чуқур нафас олди.
Кичик кулбадан жаннат иси анқирди…

ТАМОМ

Автор: Меҳрибон Абдураҳмонова

Меҳрибон Абдураҳмонованин язилари

Меhriban xanımın digər yazıları

ZAUR USTACIN YAZILARI

Oxuyun >> Gözündə tük var

Zaur Ustacın şeirləri haqqında

YAZARLAR.AZ

I>>>>>>BU HEKAYƏNİ MÜTLƏQ OXU<<<<<<I

I>>Mustafa Müseyiboğlu adına kitabxana<<I

Меҳрибон Абдураҳмонова – ДАШТ ҚИССАСИ

Боши аввалги: Меҳрибон Абдураҳмонова – ДАШТ ҚИССАСИ

ДАШТ ҚИССАСИ
5-қисм
Боши аввалги сонларда. Давоми

Кун кунни қувалаб, ой кетидан ой ўтди.
Қиш қаҳрини кўрсатган чилла-ҳиллалар ўтиб, ҳут яхши келди. Қалин қорлар остида ниш урган майсалар ҳутнинг илиқ ҳавоси таъсирида бош кўрсатдилар. Ҳут Ҳамалга кўм-кўк майсазорларни туҳфа этди. Даштга кўкларини кўз-кўзлаб кўклам кириб келди.
“Яхши келса ҳут, қозон-қозон сут”, дея севинган даштликларнинг қозонларида барака қайнади.
Бўз ерлар яшил майсалар билан қопланиб, борлиқ бўзолам га айланди. Қўзигуллар сап-сариқ қўнғироқчаларини чалиб, яшил яйловларга кўрк берди… Сўфитўрғайлар тонг саҳарлаб азон айтиб, азал-абад қўшиғини куйладилар. Янгиланган табиат ярақлаган рангларда, қушлар сайроғи, қўй-қўзиларнинг, эчки-улоқларнинг маърашлари садосида янграб кетди,
Оқ, пушти рангларда очилган гулхайрилар гулкосаларида капалакларга, асалариларга бол тутдилар. Экинзорлар четларини қушоёқлар босди.
Сочларини қирқ бир кокил ўриб, дўппи кийган қизалоқлар дала гулларига қўшилиб, чирой очдилар.
“Чум-чум, чумолай,
Менинг отим Қуралай”, – дея қўшиқ куйлаган қирқин қизларнинг оғизлари чучмомаларнинг илдизларидан янада чучукланди.
Ингичка узилиб, йўғон чўзилган палла – қишдан омон чиққанларнинг очиққан жисму жонларига қоқиўтларнинг баргу поялари, туятовонларнинг муштумчадай илдизлари дармондори бўлди.
Овул четидаги қир устида Йилбоши қилинди.
Овул эркаклари катта қўчқор сўйиб, гўштидан катта қозонда шўрва пиширдилар.
Бошларига желак ёпинган хотин-халаж сузма қўшилган жўхоригўжа ва сутош тўлдирилган кадилардан косаларга тўлдириб қуйиб, барчани шодлантирдилар. Уйларида пишириб тайёрланган думбали кўк сомсалар тала-тала бўлди.
Мўйлови майсадай ниш урган бўз болаларнинг ҳам йўли бўлиб қолди.
Бўзоламда арқон тортиш, чиллик ўйнаб чаққонликларини оширишса, кураш тушиб, полвонликларини кўз-кўз қилдилар.
Дошқозонларга осилган сумалаклар пишириш жараёнида йигитчаларнинг янада жонлари кириб қолдилар. Сопига таёқлар боғланиб узайтирилган капгирлари билан қозон ковлаётган момоларнинг бошларини оғритиб, чувиллашаверганлари учун қозон бошидан ҳайдалган болалар азалий қўшиқларни айтиб, бадтар шовқин кўтаришди.
Сумалак қайнайди-ё
Момом бермайди-ё.
Бермаса бермасин-о,
Ҳовлимга кирмасин-о.
Ҳовлим-ҳовлим узоқда
Ичган сувим булоқда.
Ичиб-ичиб маст бўлдим,
Қизлар билан дўст бўлдим.
Қизлар кетди мажлисга,
Ўзим қолдим номусга.
– Ҳаҳ, уйларингга буғдой тўлгурлар, – деган ёлғон пўписадан завқланган ёш-яланглар “Бизларни ҳайдаганингиз учун ёмғир чақирамиз”, деб, бадтар чувиллашиб, бошқа қўшиқларини куйлаб юбордилар.
Ёмғир ёғалоқ,
Эчки қумалоқ.
Подачининг қизининг
Қорни юмалоқ.

Аёлларнинг ёшроқлари қўлларига косов олиб болаларни қувлашади.
Болалар қочаётиб ҳам, қўшиқ айтиб қочишди.

Ковушим, калла хушим,
Боғларни кезган ковушим.
Қадамим гурас-гурас
Тоғларни кезган ковушим…

Болаларни нарига ҳайдаган хотин-халаж ўзаро ҳангомага берилдилар. Аёллар “Учма қушга куявериб, худонинг қаҳрини келтирманг. Ундан кўра янги йил, янги ойларда Худойимдан иноятлар сўранг. Умри, ризқи билан фарзандлар ато қилсин”, деб Мисхол момони ҳам ҳоли-жонига қўймай, Йилбошига олиб чиққандилар.
Қиш охирларида Мисхол момо ҳам соғайиб оёққа турганди. Турсунмуроднинг дўппайган қабри устида майсалар кўкариб, гул-чечаклар очилди. Аммо ота-онасининг кесилган кўкайларига на кўклам, на-да қуёш малҳам бўлолмадилар.
Қаҳратон қишда уйдан чиқмай ғам чекавериб, бағри захлаган момо одамлар орасида кўнгли бироз ёришгандай бўлди. Аммо кўнгли ярим одамнинг кўнглини топиш қийин экан. Сал гап ҳам ҳали битиб улгурмаган ярасига тегиб, янгилайверар экан.
Ойсафар момо айтган ўланлар ҳамманинг дилини чоғ қилса, Мисхол момога айрича таъсир қиларди. Чунки айтилган ўланларнинг бариси фарзандга бориб тақалаётганди.

Эшик олди гулхайри,
Менинг болам Бегали.
Гулхайрининг гули кўп,
Бегалимнинг ули кўп.
Арғумоқнинг арқони
Гулхайрига бойлансин.
Куёв бўлсин суқсурдай,
Энаси ундан айналсин.

Момо ичдан зил кетди. Ўзини ҳақир, бечора ҳис қилди. Қанийди, Турсунмуроди тирик бўлса, беқасам чопончасини кийдириб, елкасига опичлаб, байрамга олиб чиқарди… Аммо, начора?..
Шу орада катта қозондаги қўчқор гўшти ҳам ҳил-ҳил пишди. Пишган гўштнинг бошига Қосим бузмакор ҳам келиб ўтириб олганди. У эркакларга овқат сузилаётган палла аёллар учун ажратилган гўштдан анча ҳиссани олиб, косаларни гўшт-мойга тўлдирди. Ўчоқ бошидагиларнинг “Хотин-халажга етмай қолади-ку”, деган эътирозларига нисбатан, “Аёллар заҳарни есин”, деб оғзиларига урди.
Овул эркаклари бўшаган косаларга хотин-халаж ва бола-бақраларга шўрва сузилди.
Қосим бузмакорнинг “ўз одатига содиқлиги” туфайли аёлларнинг косасига бир бурдадан гўшт, бир бурдадан қуйруқ-бовур тушибди.
Таомлар ейилгач, кайвонилар дастурхонга фотиҳа ўқидилар:
– Янаги янги йил, янги ойларга тўрт кўзимиз тугал, тўрт мучамиз соғ бўлиб, бола-чақамиз билан эсон-омон етиб борайлик.
Тангрининг ўзи барчамизни ўз паноҳида асрасин! Омин!


Одатий кунларнинг бирида остонада тиланчи лўли аёл пайдо бўлди.
Ҳовлида нима биландир андармон момонинг оёқларига қалтироқ турди. Доим шундай. Лўли зотини кўрса, ранги оқариб, ҳоли сувга кетиб қолади.
Авваллари раҳматли чоли “Товуқмия, мўлтонини қўрсанг, Азроилни кўргандай жонингни қўйишга жой тополмай қоласан, мўлтони сенинг жонингни олмайдику, олса биттагина нонингни олади.”– дея роса жаҳлланишига қарамай, момо тез-тез эшигига тиланиб келиб қолувчи лўлининг аёлми ёки эркаклигидан қатъий назар уйга қочиб кириб, бир бурчакка тиқилиб оларди. Кейинчалик, ёши ўтиб, тиш қоққач, уйга яшириниб олиш одати қолсада, негадир ҳамон улар билан юзлашишдан чўчирди.
Тўсатдан бостириб келган ёвдай момони эсанкиратиб қўйган лўли хотин бидир-бидир қилганча ҳол-аҳвол сўраб кетди. Ноилож қолган момо битта нон олиб чиқиб, нигоҳини чеккалатганча лўли аёлга узатди.
– Эна, уйингизда бир сир кўринди. Бир коса сув олиб чиқсангиз, сирни очиб, зиённи кетказиб бераман, – деди аёл елкасига ташлаган хуржунига нонни соларкан. – Мен авлиёлар шаҳри Бухорои шарифдан келяпман. Юрт кезиб, эл кезиб одамларнинг зиёнини олиб ташлай, деб йўлдаман, чўлдаман, туз тортган ҳар ердаман, жоним олса гўрдаман, эна. Олиб келинг бир косагина сувни. Шу бир косагина сув заҳматларингизни олиб кетсин, эна.
Мисхол момо бирон нима дейишга улгурмасдан дарвоза олдида турган лўли аёл айвон чеккасига ўтириб олди. Ҳамма гапни эшитиб турган шекилли ичкаридан бир коса сув кўтариб Қирмизой чиқиб келди.
– Яхшимисиз, айланай,–ундан олдин сўрашиб кетди аёл.
– Яхшимисиз, – деди Қирмизой. Қўл тутиб кўришсаммикин, деган ўй ўтди хаёлидан. Аммо кўришмади.
– Ўтиринг мундоқ, – деди лўли хотин ва дарҳол сансираб гапириб кетди. – Во-о-ойй, зиён-заҳматга тўлиб кетибдику хонадонинг. Шу чиройли чеҳрангга ҳасадгиналар қилиб, турмуши бузилиб кетсин, деб илму-амал қилиб ташлашибдику, балам. Қара, сувга қара, лойқаланиб кетяпти. Вой-вой-вой, қаттол душманинг бор, баттол душманинг бор. Косадаги сувга тилла буюмингдан солсанг бари ошкор бўлади, бир сир кўрасан, балам, бир сир кўрасан… Бор тилла узукми, сирғами олиб чиқ.
Қирмиз саволомуз онасига қаради. Онаси индамай уйга кириб кетиб, бироздан сўнг бисотидаги кумуш узугини олиб чиқди.
– Тилла йўқми, тилла?.. Битта тиллангни қизғониб бир умр андуҳга ботиб ўтирасанми, балам. Хола, бунингиз билан сир кўринмайди. Ич ачир буюм бўлиши керак.
Она-бола бир-бирига қараб олишгач, Қирмизой индамай ўрнидан туриб уйга кириб кетди. У боласи ўлгач, тақинчоқ тақмай қўйганди. Сандиқ ичидаги кичкина тугунчани очиб, кумуш билагузугини қўлига олди. Келинлик даврида билакларини безаган бу матоҳнинг эндиликда эгаси учун заррача қиймати қолмаган эди.
Қирмизой билагузукни лўли аёлга узатди.
– Манга берма, косага сол. Хола, сиз ҳам узукни косага солинг. Ҳа, яшанг. Мана энди сир кўриниш беради. Вой-вой-вой… Ҳиқ-ҳиқ… хира, хира …Аниқ кўринмаяпти… Париларим, лашкарларим аён қилинглар, баён қилинглар… Ана, ана… Йўқ, хира, жуда хира… Жудаям хира…Чақалоқ бача кўриняптими?.. Нега бунча хира?..
Лўли аёл кўзларини юмганча силтаниб-силтаниб кетарди.
– Йўқ, аниқ кўролмаяпман,–деди у кўзларини катта-катта очиб, калласини чайқаб. – Бирон кийим тоза мато олиб чиқ, балам.
Чақалоқ сўзини эшитган она-боланинг жони қолдими, икковлашиб сандиқнинг тити-питисини чиқариб бир эмас, икки кийимлик мато олиб чиқишди. Лўли аёл мато билан косанинг атрофини айлантириб ўраб қўйиб, яна илму-амалини қила бошлади.
– Ҳаҳ, балама, балама. Бағринг куйиб кетибдику санинг. Бир гала ўғил- қиз бачалар кўриняпти. Кичкина фариштачалар бошингда учиб юришибди, онажон, онажон, дейишяпти…
– Вой, болам, болажонларим,– ўкириб юборди Қирмизой. – мени йўқлаб келдиларингми, болажонларим, болажонларим.
Мисхол момо изиллаб йиғлаётган қизини бағрига босганча, қўшилиб уввос торта бошлади. Буни кутмаган лўли аёл шошиб қолди. Ўзлари билан ўзлари бўлиб қолган она-болаларга бир муддат қараб турди, сўнг коса ичидаги кумуш тақинчоқларни матога ўраб хуржунига жойлади-да, шошиб-пишиб чиқиб кетди. Тез кетмаса, бир касри чиқади…
Дарди янгиланган Қирмизой кечгача бошини кўтаролмай ётди. Кеч бўлганда қаттиқ ўқчиб ўрнидан туриб кетди. Онаси олдига қўйган ярим косагина овқатга қибла қиём қарамади. Мой исига баттар кўнгли беҳузур бўлиб қайт қилиб ташлади.
Лўли хотин сеҳр-жоду қилмадимикан, деган ўйдан Мисхол момо қўрқиб кетди. Аксига олиб куёви Тоштемир шу бугун тонгда Кўканбойнинг юмушлари билан Ўратепага жўнаб кетган, беш-олти кунсиз қайтмайди.
Эртаси куни ҳам кўнгил айниши тўхтамаган Қирмизой сув ичса ҳам қайт қилиб ташлайверди.
– Ярим коса қатиқ ичиб ол, болам. Зора кўнглинг ёришса, –дея Мисхол момо тинмай ўқчиётган қизига косада қатиқ тутди. Қирмизой онасининг қистови билан уч-тўрт қошиқ ичди-ю шу заҳоти ёстиғи олдига қўйилган мис тоғорачага ғариллатиб қусиб ташлади. Момо қизининг бошини қисиб турди. Қайт қилиб бироз енгиллашган жувон бошини ёстиққа ташлади…


Кўкламда дашт одамларининг асосий тирикчилик манбаи бўлган чорва молларини энг серўт яйловларда боқиш ташвиши бошланади. Саноқлигина бойлар ўзларининг чўпонларига боқтиришади. Ўртаҳол ва камбағалларнинг кўпчилиги ўз-ўзларининг мол-қўйларини боқишса-да, барибир қўйчўпон ва подачига ҳам эҳтиёжи бор оилалар чиқарди. Кўканбой қўлида ишлаётган Тошмуроднинг ҳам ана шу ташвиши бор эди. Қўй-қўзиларини олис яйловларга ўтлатиш учун ҳайдаб кетилаётган Қўканбойнинг сурувига қўшиб юборишди. Энг ишончли чоракорига айланган Тошмуродни қўллаб-қувватлаш учун қилинган Кўканбойнинг маъқул тадбири эди бу.
Тошмуроднинг қўрасида ўн чоғли эчки улоқчалари билан қолди. Уларни овулдошларнинг қўй-эчкиларини эрталаб ҳайдаб кетиб, кечда қайтариб келадиган маҳаллий чўпон боқадиган бўлди. Қишда бузоқчаси нобуд бўлган сигир билан қишнинг охирларида болалаган ғунажинни боқиш ҳам овул подачиси билан келишилди.
Уйда қолган бузоқча парвариши эса хотин-халажнинг бўйнида.
Аксига олиб бу йил эчкиларининг аксарияти эркак улоқчалар туғди. Вақтида ахта қилиб ташланмаса, каттариб, такага айланади. Таканинг гўшти эса сассиқ бўлади. Унча-мунча одам фарқига бормай ейиши мумкин. Аммо Мисхол момонинг така гўштига сира хуши йўқ. Устига устак, така гўшти совуқ ҳисобланиб, одамни ичоғриқ қилади. Ҳар қанча семиз бўлмасин, ҳатто совлиқ ва тўхли ларнинг ҳам гўшти совуқ ҳисобланади. Урғочи эчкини эса, айтмаса ҳам бўлади. Айниқса, така гўштининг сассиқ ҳидига чидаб бўлмайди.
Бичилган қўчқор ва серканинг гўшти одам боласи учун кони фойда. Турган-битгани иссиқлик. Шунинг учун раҳматли чоли қўчқорча қўзичоқлардан битта бўлимлисини қолдириб, қолганларининг барини – эркак қўзичоқлару улоқчаларни ёшлигидаёқ ахталаб ташларди. Ёш пайтлари бош эгасининг бу ишини шафқатсизлик, деб билган Мисхолой жониворларга раҳми келиб, кўзларини чирт юмиб оларди. Бечораларнинг бир неча кун оғриқдан майшайиб, зўрға юришганини кўриб, кўзларига ёш келарди. Кейинчалик, кўравериб кўзи пишиб кетгач, бемалол бойига ёрдамлашиб, ахталанаётган жониворларнинг бош ва оёқларини маҳкам босиб, ушлаб турадиган бўлди. Бичилган қўчқорларнинг, серкаларнинг гўшти одам мижози учун иссиқ ва фойдали бўлишини англаган момо бора-бора ўзи ҳам тап тортмай бу ишни уддалайдиган бўлди. Ахир бичилмаган эркак улоқча, каттариб, сассиқ такага айланади. Бур сурув эчкига эса битта така етади. Шунинг учун қолганларини бичиб ташлаш керак, деб ўйларди момо. (Бичилмаган эркак улоқча каттарса, така, бичилгани эса серка, деб номланади). Момо така гўштини саситиб овқат қилиб еб ўтирганларга қойил қолмасди. Одамларга ҳайронсан, чорвадормисан, билиб-билиб ишингни қил. Сўйиб ейишга мўлжал қилганларингни бичиб ташла, кейин саситиб еб ўтирмай…Тавба…
Бугун ҳам шу юмушни бажариши керак. Аввалари жониворларни шартта ушлаб, шундоғам танғиб ташланган оёқларини типирлатиб, халақит бермаслиги учун биронта бола-бақрага бостириб туриб, зумда ишини қойилмақом қилиб бажариб ташларди.
Энди эса бевақт нобуд бўлган неваралар куюгидан, бир ёғи қаричилик унча-мунча юмушга кучи етмай қолди. Шунинг учун қўшнининг боласидан илтимос қилиб, улоқчаларни ушлатди. Оёқларини маҳкам боғлатди. “Бисмилло”, деб ишни бошлаб, заррача пинаги бузилмай, қўлидаги тиғ билан улоқчаларнинг барини бичиб ташлади. Ҳовлини майшайиб, жон-жаҳди билан маъраётган эчки-улоқларнинг шовқини тутиб кетди.
Момо бир неча кунлардан бери елкасидан тоғдай босиб турган бир ташвишидан қутулиб, енгил тортди. Энди бузоқчага қараш керак. Жонивор ким менга ўт берар экан, деб мўнграб турибди. Чорбоққа арқонлайди, бир тўйиб есин…
Бузоқ арқонлаётган Мисхол момо уч-тўрт кундан бери бошини кўтаролмай кўнгли беҳузур бўлиб ётган қизининг ташқарига чиққанини кўриб, чорбоққа чақирди.
– Қирмизой, кел манави тошга ўтириб тоза ҳаво ол, болам.
– Булбулнинг навоси ҳам ёқмайди, эна. Кўнглим қаттиқ беҳузур бўлаяпти. Ўлиб қўя қолганим яхшийди. Шунча азобга туққансизми мени, эна?..
– Ундай дема, энанг айлансин, ундай дема. Сенга аталган яхши кунлар ҳам бордир, ахир. Ношукур бўлма, болам.
Қирмизой индамай уват чеккасидаги харсанг тошга ўтираётиб тош тагидан чиқиб келаётган илонга кўзи тушди. Ўрмалаб кетаётган илон кўзига бирам яхши кўриниб кетдики, қаердан бунча юрак, бунча куч пайдо бўлди билмайди, шап этиб илоннинг думидан ушлаб калласини зарб билан тошга урди. Бу шундай оний лаҳзаларда содир бўлдики, илон ҳужумга ҳам улгуролмай карахт бўлиб қолди. Қирмизой ғайришуурий куч билан қайта-қайта илоннинг бошини тошга уриб сулайтириб ташлагач. шарт тишлаб унинг бошини узиб ташлади.
Кейин… Кейин Мисхол момонинг кўз ўнгида ундан ҳам даҳшатлироқ ҳодиса юз берди. Илоннинг бошини тишлаб узиб ташлаган Қирмизой қолган қисмини шундайлигича узиб-узиб ея бошлади. Даҳшатдан кўзлари бақрайган момо турган ерига бемажол ўтириб қолди.
Қирмизойнинг оғзилари, қўллари қонга бўялди… Гўё у кўпдан бери оч қолиб кетиб ўлар ҳолатга келган, даҳшатли очлик одамзодга хос бўлмаган ҳайвоний инстинктларини уйғотиб юбориб, ёввойи маҳлуққа айлантирган, қўлидаги егулик дунёдаги жамики нарсалардан устун – ҳаёт-мамотини ҳал қилувчи ягона нажот манбаи эди шу тобда…
Егуликка ёпишган аянчли маҳлуқот тез-тез еб олмаса, ўлжасини биров тортиб олиб қўядигандай шоша-пиша илон гўштини ғажир, узиб олган луқмани чала-чулпа чайнаб ютиб юборарди..
Ниҳоят нафси қондими, илоннинг узилган бошини еб олиб, атрофида миёвлаб ивирсиётган мушукка ўзидан ортган дум қисмини ирғитди. Мушук ҳам шуни кутиб тургандай ўлжасини тишлаб, молхона томонга йўналди.
– Худога шукур,– пичирлади Қирмизой қўлининг юза қисми билан лаб-лунжини артаркан. – Дарду дунём қоронғу бўлиб, ўлимимга рози бўлиб ётгандим, кўзларим ярқиллаб очилиб кетди-я. Бошқоронғи бўлибман-да, эна. Илон гўштига бошқоронғи бўлибман…
Ҳалиям ўзига келолмай даҳшатдан қотиб ўтирган Момо қизининг гапларини эшитиб изиллаб йиғлаб юборди.
– Майли, болам, майли. Соғ бўлсанг, бўлди, болам… Соғ бўлсанг, бўлди.
– Қўрқиб кетдингизми, эна. Шу сўхтаси совуқ жониворни ушлаш тугул, кўрсам, юрагим орқамга тортиб кетарди. Ҳозир кўзимга бирам яхши кўриниб кетди-ки…
Қирмизой шундай дея айвон тарафга ўтиб, обдастадаги сувга юз-қўлларини ювиб олди.
Она-бола бир неча кун бир-биридан хижолат бўлиб, гаплари гапларига қовушмай юрди.
Момо кўзининг оқу қораси бўлган сулувининг ўша кунги ҳолатини эсласа, юраги орқага тортиб кетар, шайтоннинг урғочиси ичига кириб олмаганмиди, ишқилиб, деган ўйдан қўрқиб, кўйлагининг ёқасини икки қўллаб чангаллаб “тавба, тавба” деб, анча вақт хавотир-ҳадикда юрди. Бу қўрқинчли ҳолат бошқа такрорланмади. Кўнгил айниш, қусишлар тўхтади. Момонинг ҳам кўнгли жойига тушди.
Бошқоронғиси тарқаган жувон қозон-товоққа яна ўзи қарай бошлади.
Улар бу воқеани Тошмуроддан сир тутишди.
Аммо яна фарзандли бўлиш хабари бу кўнгли ярим одамларнинг юрагига хавотир аралаш қувонч олиб келганди. Уларнинг хавотири, ўтинч ва илтижолари битта эди: “Илоё умри билан берган бўлсин. Туб қозиғи берк бўлсин …”
5-қисм тугади
Давоми бор

Давоми:

Автор: Меҳрибон Абдураҳмонова

Меҳрибон Абдураҳмонованин язилари

Меhriban xanımın digər yazıları

ZAUR USTACIN YAZILARI

Oxuyun >> Gözündə tük var

Zaur Ustacın şeirləri haqqında

YAZARLAR.AZ

I>>>>>>BU HEKAYƏNİ MÜTLƏQ OXU<<<<<<I

I>>Mustafa Müseyiboğlu adına kitabxana<<I

Меҳрибон Абдураҳмонова – ДАШТ ҚИССАСИ

Боши аввалги: Меҳрибон Абдураҳмонова – ДАШТ ҚИССАСИ

ДАШТ ҚИССАСИ
4-қисм
Боши аввалги сонларда. Давоми


Кеч тушганда яна қиёмат бошланди.
Бироз тинчланиб, ёстиққа юзини босганча бағрини ерга бериб ётган Қирмизойни ухлаб қолди, деб ўйлаган онаизор сигир соғиб келиш учун молхона тарафга ўтди. Кечадан бери қаровининг тайини бўлмай, оч ётган моллар эгасини кўриб мўрай бошлади. Қўй-эчкилар ҳам бири қўйиб, бири маърай кетди.
Мисхол момо ичига чироқ ёқса ёришмайдиган алпозда бўлса ҳам, тирик жон тирикчилигини қилишга тутинди. Усти сомон лой билан сувалган ғарамдан ўроқ ёрдамида пичан суғура бошлади. Прессланиб кетган пичанни суғуриш муштдай кампир учун машаққат эди. У бир амаллаб суғурган бир боғ пичанни сигирнинг олдига ташлаб, емиш билан овора сигирни соғишга тутинди. Аммо яқиндагина бузоқчаси нобуд бўлган сигир тепиниб соғдирмади.
Мисхол момо ўлган бузоқнинг терисини шилиб, ичини похол билан тўлдириб тулуп ясаган эди. Боласининг ҳиди келаётган тулупни ялаб-юлқаб турган пайти сигирни соғиб олишар эди. Ҳозир эса…
Кўкси зардобга тўлган момо ноилож тулупни келтириб, сигирнинг олдига қўйди. Сигир жон-жаҳди билан тулупни ялаб-юлқай бошлади. Момонинг кўзларидан ёш тирқираб,. ўзича сигирга гапиринди.
“Сенгина ҳайвон бўлатуриб, болангга шунча куйдинг. Қизим қандай кўнади бу кўргуликка, а, жонивор?”
Момо юм-юм йиғлаганча сигирни соғиб олди. Сут челакни қозиққа илиб, қўй-эчкиларни қўтондан чиқариб юборди. Қўйлар югуриклаб пичанга тармашишди.
Куёв ҳам кела қолмади. Шундай оғир кунда Кўканбой уни нега чақиртирган экан-а?
Момо қозиқдан сут челакни олиб, уйга қараб йўналди.
Уйда Қирмизой йўқ эди.
Момо ташқарига чиққандир, деб ўйлаб, ҳовлининг уёқ-буёғига қаради. Ҳеч ким кўринмади. “Қирмизой, қаердасан, болам”, ташвишланиб чақира бошлади момо. Ҳеч ким овоз бермади. Шошилиб уйнинг пойгагига – калишлар ечиладиган жойга қаради. Қирмизойнинг калиши шундоққина пойгакда турарди.
Момо қўрқиб кетди. У ёшига ярашмаган чаққонлик билан далага қараб югурди. Қабристон томонга очилган ёлғизоёқ йўл бўйлаб кетаётган қорага кўзи тушди.
Бошяланг, эгнидаги пахтали нимчасиниг олдини очиб олган маҳсичан Қирмизой бийдай дала бўйлаб югуриб борарди.
– Қирмизой, қайт орқангга болам… Қайт, Қирмизой! – Момо энтикиб-энтикиб, нафаси оғзига тиқилиб, йиқилиб-суринганча ёлғизининг ортидан интилди.
Ёлғизи эса қор босган бийдай даланинг қоқ ўртасидан илонизи бўлиб чўзилган ёлғизоёқ йўлда ғарча-ғурч қор кечганча, ўзининг ёлғизининг ёнига ошиқарди…
Унинг фикру хаёли боласида эди. Ахир боласи қоронғиликдан қўрқарди. Бир ўзи қандай ётади?..
– Тўхта, болам, тўхта-а-а, – дея пойинтар-сойинтар, алпанг-талпанг югуриб кетаётган момонинг оёқларидан мажол кетди.
У қоқилибми, сирпанибми қор устига чўккалаб ўтириб қолди. Ич-ичидан фарёд отилиб чиқди.
– Э, Худо!.. Бу қандай жазо?.. Нима гуноҳ қилувдикки, бундай жазолаяпсан, Тангрим?..Қанча азобинг бўлса, ёлғиз ўзимга бер… Аллоҳим… Ёлғизгинамга ўзингнинг раҳминг келсин, Худойим!..,
Момо ҳўнграб йиғлаб, Аллоҳга нола қиларди…


…Кечки аёзда қабристон томондан қайтаётган учта қорани босган қора қайғу ер юзида заррача шодлик қолмагандай оғир, зил-замбил эди.
Бу қайғу шунчалар қоп-қора эдики, бутун коинот улкан мусибатдан қора совуқли зулмат оғушида қолгандек эди, гўё…


Турсунмуроддан айрилиб қолгач, бир неча кун уйларидан одам оёғи узилмади. Қишлоқнинг кайвонилари каттами, кичикми – одам боласи бу дунёдан кетгач, улардан қолган буюмлар исқоти саналиши, шу боис боладан қолган барча буюмларни асраб ўтиришнинг хосияти йўқлигини айтиб, бировларга тарқатиб юборишни маслаҳат беришларига қарамай, биронтаям буюмни бергилари келмади.
Жигарпораларидан ажраб қолганлари етмагандай уни эслатиб тургувчи кийимчаларни ҳам тортиб олишмоқчими?.. Ундан кўра Қирмизойнинг юрагини юлиб олиб торта-торт қилишсин. Аммо боласининг баданини қучган яктакчаларига, сочининг ҳидлари ўрнашиб қолган дўппичасига, ипчалари белини боғлаб турган чопончасига тегиниб кўришсинчи, кайвониликларига қарамай уйдан ҳайдаб чиқаради.
Исқоти эмиш… Исқоти-я.
Бу қишлоқнинг аёллари Қирмизойнинг биринчи бор бағри юлиняпти, деб ўйлашяпти чоғи. Эрининг қишлоғида нобуд бўлган болаларининг кийимчаларини битта қолдирмай йўқ қилиб юборишганда қандай гангиб қолганди. Лоақал биттагина яктакчасини қолдиришганда бўйнига солиб ҳидлаб-ҳидлаб юрмасмиди…
Ноинсофлар!.. Уларнинг боласи ўлмаганда, уларнинг бағри куймаганда… Нима ҳақлари бор шундай дейишга?..
Уй бурчагида йиғлаб ўтирган Қирмизойнинг ичидан ғалаён тошиб ўрнидан турди. Аммо бир сўз айта олмай ҳушидан кетиб йиқилди. Юзига сепилган сув томчиларидан ўзига келганда ҳамон қишлоқ аёллари тарқамаган, ҳамон уларнинг ғўнғир-ғўнғир овозлари миясини тинимсиз пармалар эди.
– Ё, худо, нега кетмайди булар?.. Барчасини кўришга кўзим йўқ. Жодугарлар…
Ҳуд-беҳуд бўлиб ётган Қирмизой бу гапларни пичирлаб айтди. Аммо ҳамма эшитди. Мулзам бўлган аёллар ўнғайсиз ҳолга тушиб қолдилар.
– Маҳкам бўл, болам, маҳкам бўл. Битта сенми боласини ерга берган. Мана бу аёлларнинг ҳаммасининг бағри бутун, деб юрибсанми? Ҳар қайсиси йилда биттадан бола туққан. Бири энди атак-чечак қилганда, бири отасига қўшилиб мол ҳайдашиб қолай, деганда қизамиқми, чечакми, бўғмами деган бало келиб бағридан юлиб кетаверган. Ўнталаб бола туғиб, икки-учтасигина ўзимизга тақдир қилган бағри куюклармиз биз ҳам. Бу куюкнинг нималигини бошимиздан ўтказганимиз учун силарни уй ютиб кетмасин, деган андишада ўтирибмиз, болам..
Қирмизой индамай кўзини юмиб олди.
Момо йиғлаб-йиғлаб неварасининг буюмчаларини тугунга тугиб сандиққа солиб қўйди.


Эр-хотин на ўлик ва на тирик алфозда анча вақт арвоҳдай кириб–чиқиб юришди. Яхшиям Мисхол момо бор экан. Шўрлик ҳали овқат пиширади, ҳали уй йиғиштиради, тинмайди. Дастурхонга овқат сузиб қўйиб қизи билан куёвининг қовоғига қараб бетининг сувини беш томизади.
Қанийди, улар овқатни ича қолишса… Қаёқда, куёви ярим косасини ичиб, уҳ тортиб косани нари итариб қўйса, қизи онасининг қистови билан уч-тўрт қошиқ ичган киши бўладида, юм-юм йиғлаб ўтираверади.
Унинг бирдан-бир қиладиган иши эри билан онасининг уйдан чиқиб кетишини пойлаб ўтириш бўлиб қолди. Қулай фурсат туғилди дегунча шоша -пиша сандиқни очиб, боласининг буюмчаларини бағрига босиб-босиб, ҳидлаб-ҳидлаб, бўзлаб-бўзлаб тўймасди. Бундай кезлар онаизор заққум ютаётган жигаргўшасининг ёнига кириб юпатишдан фойда йўқлигини, кириб юпатай деса, уни бундан бадтар оғир аҳволга тушириб қўйишини яхши билар, шу важдан соатлаб ҳовлида бемақсад тентираб қоларди.
Майли, тўйиб-тўйиб йиғлаб олсин, аста-секин тақдирга тан берадида. Тақдири азалга кўнмай иложи ҳам йўқ ахир. Худодан беизн битта тикан кирмайди, дейишади. Пешонамга ёлғиз шу қиз битганди. Ёлғизимга ёлғиз бўлсаям туб қозиғи берк фарзанд берсин илоҳим!.. Ахир ҳали ёш, Оллоҳим бераридан қисмасин…
Момо шундай ўйларди.
Эркак киши кўча одамида. Тошмурод ҳам бировнинг эшигидаги хизматчи. Уч кун қон ютди. Тўртинчи куни ишга чиқиб кетди. Қирмизой бундан бироз енгил тортди. Энди тўйиб-тўйиб йиғлаб олса бўлади.
Аммо бир-икки кундан сўнг Тошмурод бетобланиб қайтиб келди. Кўканбой ҳафта-ўн кун оиланг олдида бўл, деб жавоб бериб юборибди.
Уйда яна учта шарпа кезинадиган бўлди.
Ёғоч қошиқларнинг сопол идишларга тегиб тўқиллаши, узун-қисқа уф тортиш, йўтал – кичкина уйни улкан ғам босиб қолганди.
Қирмизой кўпинча индамай ичкари уйга кириб кетади.
– Кирма у ёққа. Шамоллаб қоласан ахир, – худонинг зорини қилади момо.
– Буғдой тозалайман, – дейди у бўғзини куйдириб келаётган йиғини базўр ичига ютиб.
Шундай пайтда момо билан куёви бир нималарни баҳона қилиб ҳовлига чиқиб кетишади. Биз чиқиб кетсак, у совуқ уйдан чиқиб, иссиқ уйда хуморидан чиққунча йиғлаб олсин, деган ўйда ҳовлида узоқ тентирашади.
Эшик ўрнига қалин кигиз тутиб қўйилган каталакдек ичкари хонада қишлик дон-дундан бошқа ҳеч вақо йўқ. Қиши билан музлаб қақшаб ётадиган бу жойга Қирмизой юрагининг ўтини босиш учун киради…
Аёл бу ерга энг азиз нарсаларини – ўғилчасининг чопончаси билан дўппичасини беркитиб қўйганди. Пайтини пойлаб у ерга кириб шу жонсиз буюмларни тўйиб-тўйиб ҳидлар, ҳидлагани сайин юраги бадтар ўртаниб, боласини бағрига босгандай қучоқлаб, кўксини йиртиб чиқаётган фарёдини ичига қамаб йиғларди.
Қисматига кўнмай, бошини деворга уриб-уриб, ўкириб-ўкириб, айтиб- айтиб йиғлагиси келади. Аммо эрини аяйдими, ё қўрқадими, ўзиям билмаган ҳолда сассиз кўз ёш тўкади. Баъзан эрини маҳкам қучиб, кўксига бош қўйганча ўкириб-ўкириб йиғлагиси келсада, куч билан ўзини қайтаради.
Фожианинг дастлабки кунларида дастурхон устида додлаб йиғлаб юборганда, Тошмурод мушт бўлиб тугилган қўлининг юза қисми билан сандалнинг қиррасига қайта-қайта тушириб қолганди. Муштумининг бўртиб чиққан суякларининг совуқдан ёрилиб кетган териси қонаб кетиб, дастурхонга фотиҳа ҳам ўқимасдан шаҳд билан уйдан чиқиб кетганча эртаси куни қош қорайгандагина кириб келиб бошига ёстиқни бостириб ётиб қолганди.
Ўша лаҳзаларда Қирмизой эрининг алам, армон, изтиробдан қорайиб кетган юзларида, бир нуқтага тикилганча қотиб қолаётган нигоҳларида қаҳрни кўрди. Юраги бир сесканди.
Ёлғизи қабрга қўйилган кечда муштдеккина дўнгчага бағрини бериб қучоқлаб ётган ҳуд-беҳуд ҳолатдаги аёлини, оёғини зўрға судраб босаётган қайнонасини уйга қайтариб келгунча Тошмуроднинг ичидан ўтган ирингни ўзи билади. Ўшанда кечки аёз забтига олиб, ҳар иккала аёлнинг соғлигига таъсир кўрсатганди. Икковиниям қаттиқ йўтал тутиб, анча мазаларини қочирди.
Мисхол момо бетобланиб ётиб қолмаганда бу ҳол яна анчагача давом этган бўлармиди? Ҳар ёмоннинг бир яхшиси бўларкан, онасининг ётиб қолгани Қирмизойни ўзига келтирди. Тошмурод ҳам рўзғор тебратиш пайида юриб, дарди бироз аригандай бўлди.
4-қисм тугади
Давоми бор

Давоми: Меҳрибон Абдураҳмонова – ДАШТ ҚИССАСИ

Автор: Меҳрибон Абдураҳмонова

Меҳрибон Абдураҳмонованин язилари

Меhriban xanımın digər yazıları

ZAUR USTACIN YAZILARI

Oxuyun >> Gözündə tük var

Zaur Ustacın şeirləri haqqında

YAZARLAR.AZ

I>>>>>>BU HEKAYƏNİ MÜTLƏQ OXU<<<<<<I

I>>Mustafa Müseyiboğlu adına kitabxana<<I

Меҳрибон Абдураҳмонова – ДАШТ ҚИССАСИ

Боши аввалги: Меҳрибон Абдураҳмонова – ДАШТ ҚИССАСИ

ДАШТ ҚИССАСИ
3-қисм
Боши аввалги сонларда. Давоми


Кичкина дарчадан туша бошлаган ёруғлик кулба ичини ҳаминқадар ёритди. Бу ёруғлик шу қадар ожиз эдики, ўчоқдаги қўй чалманинг чўғи қип-қизил бўлиб кўзга ташланиб турарди. Уй бурчагидаги ўчоқбоши – ўчоқ ёнидаги энсиз супача устига терилган қозон-товоқ ва бошқа рўзғор буюмлари, супача тепасидаги деворга қоқилган иккита қозиқча устида тахта- ўқлоғ, унинг ёнидаги михларга илинган элак ва ғалвир нимқоронғи хонада ғира-шира кўзга ташланарди.
Уйнинг дарчага қарама-қарши деворига тақалган иккита сандиқ-бири эски ёғоч сандиқ ҳамда ёғоч устидан тунука қопланиб турли ранглар бериб нақшланган янгироқ сандиқ устига тўрт-бешта кўрпа ёстиқ йиғиб қўйилган; тўғридан тушаётган нур сандиқ тунукасидаги рангларни бироз жилолантириб, ғамхонанинг ягона бойлигини кўз-кўз қиларди.
Ўртадаги сандалга оёғини тиқиб момо билан қизи ухлаб қолишганди.
– Имма.. Анна, имма бей…
Уй тўридаги тўшакчада ётган гўдакнинг заиф овози туни билан мижжа қоқмай, тонгда кўзи илинган момони уйғотиб юборди.
– Энанг айлансин, тойчоғим. Сув ичасанми? – дея момо пиқ-пиқ йиғлаб ўчоқдаги чўғнинг чеккасида турган чойдишдан ярим пиёла қайноқ сув қуйиб олиб пуфлаб совутди. Неварасига сувни ичиргач, бошини силаган киши бўлиб пешонасини ушлаб кўрди. Гўдак ғингшиб момонинг қўлини итарди. У ҳамон истимада қалтираб- қақшарди.
– Тишша қиласанми, болам,– илтижоли термулди момо.
– Ўк, ўк,– ғингшиди бола.
– Майли болам, майли. Йўқ бўлса, йўқ-да… Тишша қилгинг келса айтгин, иштонинг ҳўл бўп қолса, бошинг яна уҳҳу бўп қоладида, жон болам.
Гарчи ҳамон истима қилаётган бўлсада, неварасининг сув сўраб хархаша қилгани момонинг тушкунлик чулғаб олган қалбини милт этган умид шуълалари ила ёритди.
Тонгда енгил кийимда ташқарида узоқ туриб қолиб анча-мунча шамоллаб олган Қирмизой онаси эзиб ичирган кўкнори таъсирида ухлаб қолганди. Бола сув ичиб тинчлангач, бироз хотиржам тортган момо бирпас неварасининг юзларига термулиб ўтирди.
Дарчадан тушаётган нур изтиробларга тўла хонадонни сал бўлсада ёритиб, тун зулмати чорасизлик комига ютиб кетгудай ваҳшат сола-сола ортда қолганидан, ёруғ кундузда бечораларга нажот борлигидан, умид, ҳатто орзулар қилиш мумкинлигидан сирланган сандиққа шивирлаётгандай…
“Чошгоҳ бўп кетибди. Худога шукр, тунни эсон-омон ўтказиб олдик. Отаси табиб топиб келса, болажоним тузалиб қолади, – пичирлади момо ўзига ўзи. – Бугун бомдодниям ўқимадим, худойимнинг ўзи кечирсин.”
Момо кейинги пайтларда шунақа пичирлаб гапириниб юрадиган бўлиб қолган. Гап орасида кулиб ҳам қўяди. Бундан қўрққан Қирмизойни “қўявер, қаричиликда, раҳматли энам ҳам ўзига ўзи гапириниб юрарди”, каби гаплар билан юпатади.
Момо обдастани олиб ташқарига чиқди. Саҳарда қўзғалган қорбўрони тиниб қолган. Қаҳратон совуқ қарсиллатаман дейди. Оёқ остидаги қор ғарч-ғурч қилади. Уйнинг томидан кураб тушилган қорлар том билан бўйлашиб кетганди. Кечаси анча дупир-дупир бўлганди. Қор устидаги беҳисоб излар итларникимикан ёки?..
Момонинг юраги шувиллаб кетди.
“Куёв қайтди экан. Совуқ ўтиб кетган ундан. Дашт тўла қарға-қузғун… Ишқилиб эсон-омон келиб қолсин. Ўз уйига ўзи эгалик қилсин… Қирмизойимгаям кун чиқсин. Худойим шарманда қилмасин, шарманда қилмасин!..”
Момо арава изидан юриб ҳовлидан чиқди. Куёви кетган томонга термулди. Аммо кумушдай ялтираб ётган оппоқ қор кўзларини қамаштириб, ҳеч нарсани илғай олмади. Кўзлари ёшланган момо калишига қор кириб ортига қайтди. Қўйхонадаги қўйларнинг охурига кундуз куни куёви қирқиб
қўйган пичандан солди. Қўйлар охурга тармашди.


– Эна-а-а…
Туйқусдан эшитилган қичқириқ момонинг ҳушини бошидан учирди. У қўрққанидан алпанг–талпанг қадамлар билан уй сари интилди. Қори кураб очилган сўқмоқ қолиб қор кечиб гандираклаб чопаётган момо бир пой калиши оёғидан тушиб қорда қолиб кетганиниям пайқамади. Ичкарида Қирмизой боласини мақкам қучоқлаб дод-фарёд соларди.
– Ўлайин, ўлайин.. Нима қилди?..
– Болам шайтонлаб қолди. Кўзини очмаяпти. Энди нима қиламан? Вой, болам, жоним болам, кўзингни оч…
Момо Қирмизойнинг қўлидан болани олди. Юзини юзига босди. Лаблари кўкариб кетган гўдакнинг танаси совиб борарди.
– Ахир яқиндагина сув сўраганди. Бир пиёла сув ичиб олиб ухлаб қолганди. Тузаляпти, деб суюнгандим. Нега бундай бўлди-я?.. Турсунмурод, анна де, имма де, болам, болажоним…
Момо болани ётқизиб оёқларини ушлади. Муздай… Наҳотки..
У гўдакнинг жажжи оёқчаларини куҳ-куҳлаб, ўпиб, уқалаб иситишга уринди. Қулоғини тутиб юрак уришини эшитиб кўрди. Сезилмади. Юзларига секин-секин шапатилади. Фойдаси бўлмади. Дарчанинг ёруғига опкелиб, хира кўзлари билан норасиданинг қорачиқларига тикилди. Қорачиқлар сўниб бораётгандай туюлди.
– Ойнани опке, шўртой,–деди момо.
Қўрқиб қолган Қирмизой девордаги ойна халтани олиб, халта-палтаси билан онасига тутқизди. Момо халтачадан ойнани олиб неварасининг оғзи-бурнига тутди. Ойна сал намлангандай бўлди.
– Жони бор экан. Тирик экан болам. Қирмиз, тез бориб Гадой бованг билан, бахши момонгни чақириб кел. Томоғини босиб қўйсин. Тез-тез югур.
Шундай қаҳратонда ялангоёқ чопиб кирган Қирмизойни кўриб бахши момонинг капалаги учди. Унинг оёғига эски калишини кийдириб, елкасига келинининг жун рўмолини ёпиб, дарҳол йўлга тушди. Тезда етиб келган бахши момо оғир аҳволдаги боланинг томоғига қўл солишга қўрқди. Мисхол момонинг зўри билан ўнг қўлининг ўртанча бармоғини гўдакнинг оғзига тиқиб аввал танглайини босди. Бармоғига илиқлик тегди. Тирик экан… Кейин шамоллаб яллиғланиб кетган томоқ безларини босиб, ёриб юборди. Ҳаракатсиз ётган боланинг оғзидан йиринг аралаш қон оқиб чиқди.
Тушга яқин гўдак бутунлай музлаб қолди..


– Учма қушда, болам. Кўп куйинаверма. Аллоҳим бераридан қисмасин. У дунёлигинггаям бола керакку ахир,–дея олтинчи маротаба юпатди онаизори олти норасидасини кетма-кет ерга бериб эсидан оғаёзган қизи Қирмизойни.
– Ўт кетсин дунёсига. Шунча одамнинг боласи сиққан дунёга менинг болам сиғмайдими-а? Болам сиғмаган дунёсининг менга нима кераги бор?.. Эй, худо, менга унинг дийдорини кўрсатиб қўйиб, эндигина тили чиқиб чулдирай бошлаганда олиб қўясанми?.. Ундан кўра менинг жонимни олиб қўя қолмайсанми? Шунчалик зўр экансан, ол, менинг ҳам жонимни о-ол,– дея ёқасини йиртган Қирмизойнинг фарёди қишлоқнинг нарига чеккасидагиларнинг ҳам қулоқларига етиб, юракларни ўртади.
– Худога зўрлик қилма, болам. Тақдирингда борда бу кунлар. Ўлимнинг ҳам шукри бор. Сабр қил, сабр. Сабр қилганга, шукур қилганга Аллоҳ меҳрибон. Бир кун ажрини беради, болам,– бири қўйиб бири юпатарди кайвони момолар.
Онаизор қанча юпатгани билан бир ёғи қизининг азобини кўриб, дарду дунёси қоронғу бўлса, бир ёғи неча чақирим ерга табиб излаб кетган куёви келса нима деймиз, деган ўйдан ичини ит тирнади.
Воқеадан хабар топган эркаклар уй эгаси Тошмуродни кун бўйи кутишди. “Отаси ҳалигача келмади. Ҳадемай кеч тушади. Муштдай гўдакни эртагача сақлаб ўтириш тўғри келмайди”, дея гўдакни қабрга қўйиб келишга қарор қилишди. Аммо Қирмизойнинг онаси Мисхол момо “Отаси келмасдан боламни бермайман. Отаси келса, нима деб жавоб бераман”,– дея оёқ тираб туриб олди..
Кеч бўлганда эшак аравада табибни олиб келган Тошмурод ҳовлига кириб келганда аёллар қий-чув кўтариб унинг олдига чиқишди. Тошмурод аёлларни нари итариб уйга ўқдай отилиб кирди. Тўрда юзига оқ сурп ёпиб ётқизиб қўйилган Турсунмуродини қўлига олиб бирпас қотиб қолди. Сўнг ялинчоқ овоз билан ҳирқираб ғўлдирайверли.
– Турсунмурод, кўзингни оч, тойчоғим. Сени даволашга табиб олиб келдим, болам. Оч кўзингни. Иссиғинг ҳам тушиб қолибдику-а, Турсунмурод. Табиб амакинг келди. Сенга дори-дармон қилади. Кўрмагандай чопиб кетасан, ўғлим…
Тошмурод аллақачон совуб улгурган ўғилчасининг жасадини дам бағрига босиб, дам юз-кўзларидан ўпиб эс-ҳушидан айрилганди.
Бир четда турган аёллар ҳам, тўрт-беш чоғли қўшни эркаклар ҳам аллақанча вақт унинг олдига яқинлашишга юраклари дов бермай, кимдир пиқ-пиқ йиғласа, кимдир ер чизиб, яна кимдир жим қараб қолишганди.
Тошмуроднинг орқасидан кириб келган қишлоқ оқсоқоли Қосим сўфи секин бориб унинг елкасига қоқиб: “Бардам бўлинг, Тошмуродбой, майитни қийнаманг. Жойига ётқизиш керак,”– дегач, шўрлик ота дунёни бузиб ўкириб юборди.
– Нима деяпсилар ўзи? Менинг ўғлим тирик… Турсунмурод тойим тирик. У ухлаяпти ахир… Мана иссиғи тушиб, муздеккина бўлиб ухлаб ётибди. Кет ҳамманг. Баринг кўзимдан йўқол! Йўқолларинг… Йўқолларинг… Эй, худо!.. Худойим, бор бўлсанг кўрсат мўъжизангни… Турсунмуродим уйғонсин… От бўлиб елкамга миндириб уйнинг у бошидан бу бошига югуртирай боламни…
Хотинлар уввос тортиб юборишди. Бир четда гоҳ ҳуш, гоҳ беҳуш ётган Қирмизойнинг бошида онаизори шўрқиллаб ўтирарди.
Кимдир нимадир қилиши керак эди. Шунда кетарини ҳам, кетмасини ҳам билмай турган табиб ҳамманинг жонига ора кирди.
– Болани жойига ётқизинг. Томир уришларини текшириб кўрай. Балки ҳали умид бордир.
Ҳеч кимга қулоқ солмай ўкириб йиғлаётган шўрлик ота “А”дея бирдан йиғидан тўхтади. Табиб унинг қўлидан болани авайлаб олиб жойига ётқизди. Гўдакнинг жажжи қўлини тутиб томирини узоқ ушлаб турди. Тирикликдан нишон йўқ эди. Аммо мана шу фурсат оралиғида Тошмуроднинг қўлидан болани олишнинг бирдан бир йўли шу бўлганлиги учун табиб шундай йўл тутишга мажбур бўлди.
Ўша тун қишлоқнинг тарихидаги энг узун, энг қоронғи тун бўлди…
Туни билан Тошмурод гўдак ўғлининг жонсиз жасади бошида алла айтиб чиқди…
Эркак киши алла айтмасин экан..
Эркак киши йиғламасин экан…
Эртасига эрталаб “Бермайман боламни”дея ўғилчасининг жасадини бағрига маҳкам босиб олган Қирмизойнинг қўлидан болани бир амаллаб ажратиб олишди…
Бийдай даштни момонинг айтимлари тўлдирди.
Куйсин ўлим, куйдирди
Куйдим, десам, кулим йўқ.
Шунча бола ичида
Турсунмурод улим йўқ.
У-уввв!..
3-қисм тугади

Давоми бор

Давоми: Меҳрибон Абдураҳмонова – ДАШТ ҚИССАСИ

Автор: Меҳрибон Абдураҳмонова

Меҳрибон Абдураҳмонованин язилари

Меhriban xanımın digər yazıları

ZAUR USTACIN YAZILARI

Oxuyun >> Gözündə tük var

Zaur Ustacın şeirləri haqqında

YAZARLAR.AZ

I>>>>>>BU HEKAYƏNİ MÜTLƏQ OXU<<<<<<I

I>>Mustafa Müseyiboğlu adına kitabxana<<I

Меҳрибон Абдураҳмонова – ДАШТ ҚИССАСИ

Боши аввалги: Меҳрибон Абдураҳмонова – ДАШТ ҚИССАСИ

ДАШТ ҚИССАСИ
2-қисм
Давоми

Тўрт нафар қиз фарзанди чилласидаёқ нобуд бўлди. Энди буниси яшаб кетсин, деган умидда нобуд бўлган тўрт қиздан кейин туғилган ўғлининг исмини Турдимурод қўйишди, бироқ у ҳам турмади.
Оёқлари, қўллари узун-узун эди… Қоп-қора жингалак сочлари барра қўзичоқнинг юнгларидай ялтираб турарди. Қирмизой боласини опичлаб қишлоқдаги бир маъракага борса, аёллар “Вой, сочлари мунча қўнғироқ бўлмаса бунингизнинг, қўзичоқ кўтариб келяпсизми, деб ўйлабмиз”,–дейишибди…
Кўз уриб кетди болани… Эссиз, эссизгина, ерларга зое бўлдия.. Нобуд бўлмаганда норғул бир йигит бўлармиди..
“Уф-ф…”
Болалари бирин–кетин нобуд бўлавергач, кайвонилар “Яшаш жойларингни алмаштиринглар. Балки жой ёқмаётгандир”, деб маслақат беришди. Эр-хотин бир арава кўч-кўрони билан бу ёққа – яқинда чоли ўлиб бир уйда бир ўзи қолган қайнонасиникига кўчиб келишди. Турсунмурод қўйишди бу ерда туғилган фарзандига…
“Турсунмурод…”
Бу нидо отанинг тилидан эмас, юрагини парча-парчалаб, ичини тимдалаб-тимдалаб бўғзидан отилиб чиқди.
“Турсунмурод, болам. Мен боргунча чидаб тур, полвоним. Ношуд отанг боргунча чидаб тур. Ўрис дўхтирни олиб бораман. Бирпасда тузалиб, ўйнаб қоласан”..
Тонг отай деб қолганди. Унда бунда қор босиб эгилиб қолган буталарни айтмаганда биронта дарахтдан нишон йўқ яйдоқ даштда изғирин борган сари кучайиб борарди. Кейин шамол қўзғалиб, қорбўрони бошланди…
Тошмурод совуқдан қиров босган қош-киприклар остидан оқаётган кўзёшларини артмоқчи бўлиб кафти билан бет-оғзини ишқади. Бир неча кундан бери олинмаган соқол-мўйловларида сумалак бўлиб қотиб қолган музлар совуқдан ёрилиб кетган қадоқ қўлларига ботганини ҳис қилди. Мўйловларидаги музларни умалатиб-умалатиб тушириб ташлади.
У-у-в..
Тошмурод бир сесканиб ўзига келди. Сал нарида чиябўрилар чувиллашиб қолишганди. Тўсатдан сап-сариқ тулки ўқдай отилиб олдидан ўтиб кетди.
“Бўри.. Бўри ўтди”,– ирим қилди у. Кўнгли баттар хира тортди. Шундоқ йўлини кесиб ўтиб кетди-я, лаънати шумқадам.
Ёввойи ҳайвонлар бемалол ўйноқлаб юрибди. Демак анча илгарилаб кетибди. Аммо темир йўл қани?.
Неча марталаб юрган йўлидан қандай чалғиб кетди.
“И-ишш”.. Шундоғам зўрға бораётган эшак юришдан тўхтади. Тошмурод арава устига тик туриб атрофни кузатди. Ҳамма ёқ оппоқ қор. Гўё бу оламда ўзи, эшак-араваси ва аллақаерда чувиллаб қўяётган чиябўрилардан бошқа жонзот йўқдай эди. Лоақал темир йўлдан поезд ўтақолса-чи? Тарақа-туруқ овозини эшитса бўлдийди, мўлжалини тўғрилаб оларди. Қалин қорда поезд ҳам юролмасмикин ё?..
Темир йўл қаёққа йўқолди?..
У аравадан сакраб тушиб ердан бир сиқим қор олиб оғзига тиқди. Муздай қор куйиб бораётган юрагининг тафтини босгандай бўлди. Эшагини олдинга қараб таваккал ҳайдади.
Нега адашиб юрибди? Ахир шу тобда адашиб бўладими? Адашишга ҳаққи йўқ, ахир.. Ақлдан озяптими, ё?..
“Их, их, деяпман. Тезроқ юр, юрақолсангчи. Имилламай ўл.”
Тошмурод эшагининг яғринига тинмай хала босиб тезроқ юришга қистар, ора-сира бошига тушган қамчи зарбидан жонивор калласини олиб қочаман, деб орқага тисланиб кетар, эгасининг жазаваси қўзиб, эгардан сакраб тушиб эшакнинг дум қисмига аямай солиб қоларди. Калтаклар зарбидан олдга интилган “маҳлуқ”нинг ортидан уриб анча жойга ҳайдаб борар, оралиқда йиқилиб-суриниб арава тагида қолиб кетишига бир баҳя қоларди.
Минг азоб билан илгарилаган сари темир йўлдан дарак йўқ эди.
Бу орада тонг ҳам отиб қолди. Энди у уловни эҳтиёткорроқ бўлиб бошқариб борарди. Текис ерда илдам-илдам қадам ташлаб бораётган эшак бир мункиб таппа ётиб қолди.
Оббо!.. Афтидан оёғи юмронқозиқнинг инига тушиб қолганга ўхшайди. Тошмурод дарҳол аравани ечиб юборди. Юкдан озод бўлган эшакнинг оёқлари тагидаги қорларни куракча билан тозалаб ташлади. Чиндан ҳам жониворнинг олдинги ўнг оёғи унча чуқур бўлмаган инга кириб қолганди. У эшакнинг олд томонидан қучоқлаб кўтариб чуқурдан оёғини чиқариб олди. Жонивор оёғини бемалол ерга босди. Демак унга жиддий зарар етмаган.
Синиб кетса нима бўларди. Йўлга тушишгандан бери неча марталаб саёзликка тўпланиб қолган қорга кириб қолганди, бунисида эса…
Хайрият, худога бир дегани бор экан, синмабди. Юмронқозиқ инига кириб қолсаям, синмабди-я… Синмабди…
Бой отадан от-аравасини сўраб турмади-да. Икки йилдан бери ҳеч нарса илтимос қилмаган, сўраса бериб турарди. Ўзидан бўлди-да. Боласининг аҳволини кўриб, тонгниям кутмай ошиғич йўлга чиқиб кетди. Об-ҳавони ҳисобга олмади. Тонгни кутиб бой отаникига борганда, бу сарсонгарчиликлар бўлмасди. Майли, Турсунмуродининг ҳаёти олдида шуям қийинчилик бўптими? Бори-йўғи ахмоқлик холос. Ҳис-ҳаяжонга берилмай, ақл билан иш қилганда вақтни ютқазмасди. Ахир тонг отиб боряпти, у эса ҳали ҳамон йўлни тополмай боши галдираб юрибди. Эҳ, ахмоқ калла!
Жониворга юк тушмасин, дея жиловни маҳкам тутганча уловни етаклаб кетаётган Тошмурод алам билан лабини тишлади…
Тошмурод бу ерга келиб жойлашгач, Кўканбой исмли минг қўйли бойнинг қўлида ишлай бошлади. Пичан ўр, сомон йиғ, янтоқ чоп каби юмушлар унинг гарданида. Бўйлари баланд, яғриндор бу йигит Кўканбойга биринчи бор иш сўраб боргандаёқ маъқул бўлди.
– Тоғни урса талқон қиладиган сиёғинг бор экан, болам. Мен чорва билан тирикчилигини ўтказадиган одамман. Ота-боболарим ҳам чорванинг орқасидан кун кўриб келишган. Раҳматли отам бой бўламан десанг каллангни ишлат. Калланг яхшироқ ишлаши учун илм ўрган, дея доим рағбат бериб турардилар. Ниҳоятда кўп китоб ўқирдилар. Шаҳарга бориб қолсалар, албатта хуржунида китоб билан қайтардилар. Узун қиш кечаларида Қулхўжа Аҳмаддан, Девонаи Машрабдан ўқиб берардилар. Қулхўжа Аҳмаддан ўқисалар, онам боёқиш юм-юм йиғлайверарди… Менга кўпроқ ҳисоб-китоб илмини ўргатардилар. Мол топгунча, ҳисоб топ, деб қайта-қайта таъкидлаб турардилар. Жуда эзма чол экан, деб ўйлаётганингни билиб турибман. Бу гапларни бежиз айтмаяпман. Саводинг борми, болам?..
– Йўқ,– бош чайқади Тошмурод. – Аммо ҳисобни яхши биламан.
– Жуда соз, ҳеч бўлмаса ҳисобни билар экансан. Бу муҳим. Чорванинг сонини, бир қишга етадиган ем-хашак тўплаш, уни расамади билан ишлатиш учун албатта ҳисобни билишинг зарур. Ота-боболаримиз билаги зўр бирни йиқар, билими зўр мингни, деб бекорга айтмаганлар, болам… Фурсат топсанг ёзув-чизувни ҳам ўрганиб қўй, болам..
Чинданда доно чол. Ёлғиз ўғлини аллақаерларга илм ўрганишга жўнатиб юборган чолга Тошмуродга ўхшаган ҳалол чоракорлар зарур эди. Икки йилда салкам ўғилдай бўлиб қолган Тошмуродга от-аравасини албатта бериб турган бўларди.
Текисроқ жойдан бир маромда кета бошлаган эшак тўсатдан таққа тўхтаб қолди. Жиловни силтаб-силтаб тортишлар ҳам, уловга миниб олиб яғринига тинмай нихташлар ҳам кор қилмай, қулоқларини диккайтирганча тек қотган жонивор катта хавфни сезгандай жойидан жилмасди.
Бетизгин изтироблар оғушида бораётган Тошмурод эс-ҳушини йиғиб атрофга разм солди ва юраги орқасига тортиб кетди.
Сал нарида улкан кулранг бўри улар томонга тикилиб турарди.
Тошмурод йиртқичдан кўз узмаган алпозда уловдан тушиб, беихтиёр махсиси қўнжидаги пичоқни суғуриб олди.
Бири ёвуз, иккинчиси бироз саросимали, бироз ҳадикли нигоҳлар бир-бирини таъқиб қилиб бир муддат тикилишиб қолишди. Ўз кучига ишонган йиртқич аста-аста юриб бостириб кела бошлади. Тошмурод қўлида пичоқни маҳкам тутиб ҳимояга шайланди. Оний лаҳзаларда эшакни ташлаб қочсаммикин, деган ўй яшин тезлигида шууридан ўтди. Бу ўй қандай тез келган бўлса ўшандай ғойиб бўлиб, ўрнини кимсасиз даштда қочиб қаёққаям борардим, яхшиси олишиш керак, жонининг борича олишиб йиртқични енгиш керак, деган мақсад, аниқроғи яшаш учун кураш инстинкти чулғаб олди. Саросима ва қўрқув ўрнини қадим аждодларига хос ёввойи куч эгаллади.
Мана ҳозир йиртқич унинг бўғзига ёпишмоқчи бўлади. Бунга йўл қўймаслик керак, жон жойига кетма-кет пичоқ санчиш керак..
Бўри тишларини иржайтирганча ириллаб тобора яқинлашиб келарди…
“Бўғзига санчаман.. Бурдалаб ташлайман ярамасни… ”
Йиртқич тикка ташланмай, негадир арава атрофида айлана бошлади.
“Нега фикридан қайтди?.. Руҳан ҳолдан тойдириб, сўнгра ҳужум қилармикан?.. Шарманда қилма худойим, шарманда қилма!.. Ўзинг мадад бер, Оллоҳим!..”
Аста-секин арава айланаётган бўри қўққисдан беихтиёр тисланиб кетаётган Тошмурод томон ўқдай отилди. Кучли зарбдан қор устига қулаган Тошмуроднинг қўлидаги пичоғи отилиб кетди.
Аёвсиз олишув бошланди.
Бўрининг бўғзига ёпишган қўллар чангакка айланган, қуйи қисми бўйнигача тушириб бойланган қўй терисидан тикилган бошидаги қулоқчини, эгнидаги қалин пўстини унинг улкан жуссасини ёвуз йиртқичнинг ҳамлаларидан қай пайтгача асраб тура олар экан…
Мана, бўрининг бўғзига ёпишган чангакнинг бири бирдан бўшашиб қолди. Бўри ўткир тишлари билан унинг чап қўлини тишлаб олганди. Тошмурод соғ қолган ўнг қўли билан бўрининг тумшуғига кетма-кет зарба берди. Унинг чап қўлидан оқаётган қон оппоқ қорни бирпасда қизартириб ташлади. Бўғзи озод бўлган йиртқич энди бемалол ҳужум қилиш имкониятига эга бўлганди. У Тошмуроднинг бўйнига тармашди. Қулоқчиннинг бўйин қисмидан тишлаб тортиб, ипини узиб юборди…
Тамом… Ҳаммаси тамом… Йиртқич ҳозир унинг бўғзидан олади. Ипданда нозик жон риштаси бу ёруғ оламдан узилади. Барча-барча нарса ўз моҳиятини йўқотади… Йўқ, йўқ. Таслим бўлмаслиги керак…
Жон-жаҳди билан олишаётган Тошмурод тобора ҳолсизланиб борарди.
“Вов-вов, вов-вов-вов”…
Олис-олислардан итнинг ҳуриши эшитилди…
Кейин қулоқларига онасининг овози чалингандай бўлди. Йўқ, чалинмабди. Онаси унинг бошида ғамгин боқиб турарди. Ахир онаси дунёдан ўтиб кетгандику… Ўлмаган эканда… Шу чоққача қаерларда юрган экан?..
“Тур, болам. Тошмуроджон болам, тур ўрнингдан. Устинг очилиб совуқ қотиб қолибсанку, жон болам.”.
Кейин яна итнинг ангиллаши эшитилди.
Тошмурод кўзини очиб оппоқ осмонни кўрди. Даъфатан нима бўлганини, нега бу ерда ётганини англай олмади. У қўлларига таяниб ўрнидан турмоқчи бўлганди, чап қўлида турган оғриқдан “воҳ”, деб юборди.
Шундагина у ҳозиргина бўлиб ўтган олишувни эслади, бирдан ҳушёр тортиб атрофга аланглади. Нарироқда иккита маҳлуқ коптокдай думалашиб олишиб ётарди. Улар атрофидаги қор қип-қизил қонга қоришиб топталиб кетганди. Тошмурод англадики, боя қулоғига олислардан чалингандай бўлган ит ҳуриши шундоқ ёнгинасида эшитилиб, тенгсиз олишувда тобора ҳолсизланиб ҳушини йўқотаётган эгасига ёрдам учун ошиққан бўрибосар итининг нажоткор овози эди.
Тошмурод муросасиз жангни бир муддат кузатиб турди. Сўнгра пўстинининг устидан боғланган белбоғини ечиб ҳамон қон оқиб турган ярадор қўлини маҳкам қилиб боғлади. Энди итига ёрдам бериши зарур. У ҳануз қоққан қозиқдай тек қотган эшагининг олдига яқинлашиб аравадаги паншахани олди. Пайт пойлаб бўрининг қорнига санчади.
Гоҳ бўрибосар, гоҳ бўри устун келиб олишаётган жойга эҳтиёт бўлиб яқинлашаётган одамзот сари қўққисдан ташланган бўрининг жағига паншаха санчилиб иккига айириб юборди. Жон талвасасида ғингшиётган бўрини ит тишлаб тортиб ташлади…
Паровознинг чинқириғи вагонларнинг тарақа–туруғига қўшилиб сўнгсиз саҳрода кетаётган карвон қўнғироқларидай жаранглаб кетди. Бир чақирим наридаги темир изларда умидбахш манзиллар томон поезд илгарилаб борарди.
У қор устида тиз чўкканча йиғлаб юборди. Тўлиб-тўлиб йиғлади, ўкириб-ўкириб йиғлади, ўксиб-ўксиб йиғлади…
Ёш кучуклигидаёқ калта қилиб қирқиб ташланган қулоқлари четидан қон сирқиб, оёғидан жароҳатланган вафодор ити оқсоқлана-оқсоқлана эгаси ёнига келиб бўйнига осилди.
“Раҳмат сенга, вафодорим”, – Тошмурод кўз ёшларини қўли билан артиб ташлаб итини қучоқлаганча миннатдорчилик билдирарди.
Тошмурод ўзи сезмаган ҳолда тўғри йўналишда кетаётган экан.
2-қисм тугади
Давоми бор

Давоми: Меҳрибон Абдураҳмонова – ДАШТ ҚИССАСИ

Автор: Меҳрибон Абдураҳмонова

Меҳрибон Абдураҳмонованин язилари

Меhriban xanımın digər yazıları

ZAUR USTACIN YAZILARI

Oxuyun >> Gözündə tük var

Zaur Ustacın şeirləri haqqında

YAZARLAR.AZ

I>>>>>>BU HEKAYƏNİ MÜTLƏQ OXU<<<<<<I

I>>Mustafa Müseyiboğlu adına kitabxana<<I

Меҳрибон Абдураҳмонова – ДАШТ ҚИССАСИ

ДАШТ ҚИССАСИ
1-қисм
Тун бўйи уйда чироқ ўчмади. Мойчироқнинг хира ёғдуси алангаи оташ бўлиб ёнаётган гўдакнинг юзларини аранг ёритиб, унинг атрофида ғимирлаётган одамларнинг сояларини лип-лип ўйнарди. Сояларнинг қўллари дамбадам гўдакнинг боши узра тўхталиб, унга томон эгилган бошларнинг бирининг оҳиста чайқалиши билан учала соя бирваракайига эгилиб чироқ шуъласини тўсиб қўяр, яна бошқа соянинг чўзилган қўл кафтлари мурғакнинг жажжи пешонасининг иссиғидан куяй дерди.
Бу сояларнинг дўппилиси боланинг отаси Тошмурод, ингичка соя эса онаси Қирмизой эди. Икки яшар Турсунмурод қаттиқ шамоллаб қолиб иситмаси тушмай, эндигина чиққан тили билан алаҳсираб ётибди..
Учинчи дум-думалоқ соя Қирмизойнинг онаси Мисхол момо уй бурчагидаги ўчоқда ланғиллаб турган чўғнинг устида бўғилиб-бўғилиб овоз чиқараётган чойдишдан бир пиёла сув қуйиб олди. Кичкина халтачадан уч-тўрт бош кўкнори олиб пиёладаги қайноқ сувга ботириб димлаб қўйди..

Кўкнори дамламаси болани қора терга туширди. Жиққа ҳўл бўлиб кетган яктакчасини алмаштиришга қўрқишиб Мисхол момо ҳўл яктакнинг ичидан боланинг елкасига ўзининг катта оқ сурп рўмолини қаватлаб солиб, кўкрак қисмига қизининг рўмолларидан бирини тиқиб иштончасини қорнигача чиқариб иштонбоғини маҳкам қилиб боғлади. Пўстак билан ўраб- чирманган бола уйқуга кетди. Иситмаси тушиб дув-дув тер қуяётган бошчасининг терини артиб ўтирган Қирмизойни ётиб ухлашга ундаган Мисхол момо неварасининг бошига белбоғ ёпиб қараб ўтирди.
Бир жойдан кўкнори топиб келишгач, ана яхши бўлади, мана яхши бўлади, деб икки кундирки кўз юммай боланинг бошида ўтирган эр–хотин бироз хотиржам тортишиб уйқуга кетишди…
.. Қоп-қоронғи тун. Мисхол момо неварасини елкасига опичлаб ўнқир–чўнқир жойларда адашиб юрибди.
Ё, худо, худойим… Қаерга кеп қолдим?..
Момо аланг-жаланг қилади, йўл қидиради, йўл эса кўринмайди. Невараси қўрқувдан момонинг елкасига маҳкам ёпишиб олган.
У улоқиб юриб-юриб катта текисликка чиқади. Қоронғилик чекиниб атроф ёруғлашади. Узоқдан шарқираб оқаётган сувнинг овози эшитилади. Кичкинтой “сув, сув ичаман”, дея хархаша килади..
Бирдан катта сув лойқаланиб-лойқаланиб момо томон шиддат билан бостириб кела бошлайди. Бола “сув, сув”,– дея чинқириб йиғлайди. Момо дод солиб бақирмоқчи бўлади. Аммо овози чиқмайди..
Бола эса ҳамон сув сўраб йиғлаб чинқирарди..
Чўчиб кўзини очган момо туш кўрганини англади. Кўзи илиниб қопти. Шошиб невараси ётган жойга қаради. Устига ёпилган пўстак очилиб қолган гўдак кўкноридан маст ухлаб ётарди. Момо боланинг устини ёпиб, унинг пешонасига қўлини қўйди. Ҳарорати яна кўтарилибди.
Ё худо, энди нима қилади?..
Хавотирдан чала уйқуда ётган эр-хотин кампирнинг салгина шовуридан уйғониб кетишди.
–Яна иссиғи чиқиб кетди,–деди момо. – Табиб топиб келмасангиз бўлмайди, куёв.
–Шаҳарга ўрис дўхтир келганмиш. Нина тиқиб даволармиш. Ўшани излаб топаман. Одамлар шифо топиб кетаётганмиш.
–Шаҳар узоқку. Шундай қорда қандай бориб келасиз?.
–Борсин, эна. Муз ёғсаям бориб дўхтирми, табибми топиб келсин.–деди пиқ-пиқ йиғлаётган Қирмизой боласининг бошига кафтини қўйиб.
– Тонг отсин бўлмаса. Ҳали ярим кеча, далада итқушлар, шоқоллар изғиб юргандир.
Тошмурод индамай чопонини кийиб, белбоғи билан белини бойлади, бошига қўй терисидан тикилган қулоқчинини кийиб ташқарига йўналди. Ғижирлаб очилган кулбанинг эшигидан совуқ ёпирилиб кирди.
Куни билан ёққан қор кечаси тўхтаб қолган бўлсада, анча дўндириб қўйибди. Тошмурод кулба эшиги ёнига тираб қўйилган ёғоч куракни олиб оғил тарафга йўл очди. Пичан ғарамининг устидаги қорларни тушириб бир боғ пичанни эшагининг олдига ташлади.
– Тезроқ е, жонивор бугун икковимиз кўп йўл юрамиз,– деди овози
қалтираб.
Қоп-қоронғи оғилда эшаги касур-кусур чайнаб емиш еётганига бироз қулоқ тутиб турди.
“Қачон еб бўлади?.”
Аслида ҳозироқ йўлга тушиш нияти бор Тошмуроднинг жони ичига сиғмай борарди. Аммо йўл узоқ. Устига устак бепоён дашт йўлларини қор босиб, ниҳоятда улкан зарурат бўлмаса бундай об-ҳавода бирон эс-ҳуши жойида одамнинг йўлга чиқишга юраги дов бермасди. Бироқ фарзандининг ҳаёти қил устида турган ота ҳозир бу ҳақда ўйламас, тоғ ошиб, қор кечиб дунёнинг нариги чеккасига бўлса ҳам бориб нажоткорни топиб келиши шарт эди. Бўлмаса яшашнинг қизиғи йўқ…
Қорни оч жонивор йўлга бардош беролмайди, деган ўйда зўрға тоқат қилиб турган Тошмурод бемалол емиш чайнаётган эшакни қамчилаб ургиси келди. Барибир сабри чидамай, қоронғиликда пайпаслаб эшакнинг ипини ечиб бостирмага олиб чиқди, эгар уриб аравани қўшди. Аравага бир боғ пичан ташлаб, эҳтиёт шарт, кичкина куракча билан паншахани араванинг оралари очилиб ётган тахталарига боғлаб маҳкамлади.
Жўнаш олдидан уйга кириб ўғлидан хабар олди, ҳарорати ҳамон юқори. Шошилиш керак. Тошмурод қўй терисидан тикилган чакмонини кийди, латтага ўралган пичоқни маҳсисининг қўнжига тиқиб, хотини тугиб берган нонни қўйнига солди.
Эшик олдида бироз тараддудланиб туриб қолдида, шарт орқасига бурилиб ухлаб ётган ўғлининг алангаи оташ бўлиб ёнаётган пешонасидан, юз–кўзларидан ўпди.
Бу пайти тун ярмидан оққанди. Кеча куни билан ёққан қор хуфтон маҳали тўхтаб, осмон очилиб кетган, оппоқ қорга бурканган бепоён дашт кенгликлари осмон билан туташиб кетгандай. Биттагина қора нуқта – эшак арава йўлсиз илгарилар, эшак куртик жойларга тиқилиб аравани тортолмай қолар, Тошмурод уловдан тушиб жиловни гоҳ силтаб тортиб, гоҳ араванинг орқасидан итариб йўлда давом этарди. Чўл томондан эсаётган аччиқ изғирин қалин пўстиннинг очилиб кетаётган этакларидан йўл топиб суяк-суякларни қақшатиб юборгудай изиллайди. Аммо кимсасиз йўлда овоз чиқармай йиғлаб кетаётган Тошмурод буни ҳис қилмас, юзларини ювиб тушаётган кўз ёшлари музга айланиб мўйловларида, пўстин ёқаларида қотиб қолаётганини сезмасди ҳам…
“Их, жонивор, их. Темир йўлга етиб олсак бўлди. У ёғига йўл ёқалаб кетаверамиз. Фақат сен бардош берсанг бўлди. Қорнингни оч қолдирганим учун мени кечир. Кўряпсанку, эс-ҳушим ўзимда эмас. Турсунмурод тойчоғим бироз шамоллаб қолдида… Ҳали кўрасан, тузалиб кетсин, сени арпа билан боқаман. Кейин Турсун полвон сени миниб олади, мен ёнларингда юриб тўйларга борамиз… Яна нима бўлди?.. Их, их деяпман… Их, ҳаром ўлгур“…
Эшак бир мункиб юришдан тўхтаб қолди. Халачўп билан яғринига ниқталашлардан сўнг жони оғриган жонивор зўр бериб олдинга интилганди, қалин қор кўкрагигача келиб бутунлай тиқилиб қолди. Тошмурод куракча билан қорни очиб тозалай бошлади, жонивор ўтган кунги бўронда қор тўпланиб текислик билан бараварлашаб кетган нишабликка тушиб қолибди. Тошмурод араванинг ортидан итариб бир амаллаб текисликка чиқариб олди. Оғир ўйлар гирдобида йўлдан чиқиб кетганиниям сезмаган экан.
У атрофга боқиб йўлнинг чамасини олдида эшагини юришга қистади…


Қоронғи кулбада мойчироқ ҳамон липиллаб соялар билан ўйнар, гўдакнинг алаҳсирашлари сояларнинг оғир хўрсинишларига уланиб кетар, уларнинг улкан қўллари дамбадам аллақандай маҳлуқнинг бошига ўхшаб гўдакнинг пешонасига қора кўланкадай бостириб келар ва улкан бошларнинг сарак-сараги билан яна ортга қайтиб ғойиб бўларди.
Ташқаридан итнинг улиши эшитилди.
Улкан дард қамалиб олган кулбани ваҳима босди.
– Ўзингни егур ит бунча увилламаса,–деди момо қўрқув босиб.– Боя куёвга айтолмадим, бундай пайтларда йўлда оч қобишлар изғиб юради. Бетини тескари қилсин.
– Барибир йўлдан қайтмасди. У бормаса ўзим йўлга чиқардим, деди Қирмизой алам билан ва бир нарса эсига тушгандай шол рўмолини бошига ўраб шошилинч чиқиб кетди.
Ҳамма томонини қор босиб томи салгина дўмпайиб турган катакнинг оғзида ит осмонга қараб узундан-узун увилларди.
Қирмизой ёғоч курак билан итнинг катагигача нари-бери йўл очиб боргунча ҳарсиллаб қолди. “Қор мунча қалин ёғмаса… Ўчи борми одамларда?..”– кўнглидан ўтказди у муздай курак билан қалин қорни икки томонга отиб-отиб ташларкан.
– Ўчир овозингни, ўз бошингни егур,– деди Қирмизой катакка етиб боргач, энгашиб итнинг бошидаги сиртмоқни ечиб юбораркан.
Занжирдан озод бўлган ит увиллашдан тўхтаб, ҳовлининг у бошидан бу бошига югуриб ўйноқлаганча дарвоза ўрнига қўйилган ходаларнинг орасидан ўтиб кўздан ғойиб бўлди.
Очиқ осмонда уч–тўрттагина юлдуз милт–милт қилиб хира нур сочар, тонготарнинг аччиқ изғирини игналарини аёвсиз санчиб, туп, деган тупурук ерга тушгунча музга айланарди. Изғирин гоҳ кучайиб уй олдидаги сада дарахтининг шохларини босиб турган қорнинг битта–яримта учқунларини учириб қўяр, том устидан кураб туширилган қор уюмлари салкам уй баравар кўтарилиб итлар бемалол тушиб–чиқиб ўйнаб юрадиган тепаликка айланганди.
Боласининг дарди билан юрак–бағри эзилиб бораётган шўрлик аёлга эрининг ташвиши қўшилганди.
“Эсон–омон бориб келсинда. Худойимнинг ўзи йўлини ўнгласинда, ўзи айтган одамларни топиб келсинда…Ёлғизимнинг дардига оллоҳимнинг ўзи шифо берсинда…”
Аёл осмонга кўз тикиб, икки қўлини оминга жуфтлаб илтижо қиларди..

Қизининг тезда киравермаганидан хавотирланган момо ташқарига чиқди. Ҳовлининг ўртасида қўлларини олдинга чўзганча осмонга боқиб дағ–дағ титраб турган Қирмизойини зўрға уйга олиб кирди.
– Шўрим қурсин менинг… Шўргинам қурсин менинг. Музлаб қолибсанку… Мени ўйламасанг ҳам, мана шу норасидани ўйламайсанми? Сен ҳам касал бўлиб қолсанг, қаёққа борамиз, болам?.. Мана бу пўстакка ўраниб ётиб тур. Сандалнинг ҳам чўғи сўниб қолган. Ҳозир ўчоққа ўт ёқаман. Бирпасда исийсан…
Момо уйнинг бурчаги томон йўналди. Аллақачон ёниб тугаган қўй чалманинг чўғини кулдан ажратиб устига жалаза ташлади, жалазанинг устидан ораларидан ҳаво кирадиган қилиб қуруқ ўтин тахлади. Ўтинни ўт олдириш учун ерга энгашиб узун–узун пуфлади. Уй ичи тутунга тўлди. Аста ўт олган ўтин гуриллаб ёниб кетди. Момо неварасининг устини яхшилаб ёпиб бошчасини ўраб қўйдида тутунни чиқариш учун уй эшигини очиб юборди. Совуқ ҳаво бурқсиган тутунни олиб чиқиб кетди. Эшик ёпилгач, темир таёққа чойдишни илдириб олов устига қўйди.
1-қисм тугади

Давоми бор

Давоми: Меҳрибон Абдураҳмонова – ДАШТ ҚИССАСИ

Автор: Меҳрибон Абдураҳмонова

Меҳрибон Абдураҳмонованин язилари

Меhriban xanımın digər yazıları

ZAUR USTACIN YAZILARI

Oxuyun >> Gözündə tük var

Zaur Ustacın şeirləri haqqında

YAZARLAR.AZ

I>>>>>>BU HEKAYƏNİ MÜTLƏQ OXU<<<<<<I

I>>Mustafa Müseyiboğlu adına kitabxana<<I

Меҳрибон Абдураҳмонова

Француз саёҳатчиси ва фотографи Гюго Краффтнинг ҳаёти ва ижодига доир биронта маълумот тополмадим. Фақат фотосуратларнигина топдим. Унинг Марказий Осиёга келган пайтида ишлаган фотосуратларига ижодий ёндашиб, эътиборингизга ҳавола қиляпман.

ГЮГО КРАФФТ СУРАТЛАРИДА XIX АСРДАГИ МАРКАЗИЙ ОСИЁ

  1. Қўқонлик қиз-жувонлар портрети

XIX асрнинг иккинчи ярмида Чор Россияси Туркистонни босиб олгач, чет элликлар юртимизни Россия Туркистони, деб атай бошлаганлар.
Беҳисоб қазилма бойликлари, серҳосил унумдор ерлари билан Ғарб мамлакатларини доимий равишда қизиқтириб келган Туркистонга яна кўплаб сайёҳлар оқиб кела бошлайдилар.
Француз саёҳатчиси ва фотографи Гюго Краффтнинг саёҳати Туркистон халқларининг ўша давр маданиятини фотосуратларга муҳрлаганлиги билан диққатга сазовор.
Гюго Краффт (1853-1935) – 1898-1899 йилларда узоқ сафарга – Кавказ ва Марказий Осиёга (Туркистон) отланади. Икки йиллик саёҳати натижаси ўлароқ, 1902 йилда унинг “Россия Туркистони орқали” китоби нашр этилади.
Ушбу китоб Туркистон манзаралари, миллий қадриятлари тасвири, ерли халқ вакилларининг портретлари, фотосуратлар ва расмлари билан Ғарб-у Шарқда катта қизиқиш уйғотади.
Маҳаллий халқ вакиллари суратларига қўйилган изоқлардан маълумки, сураткаш саёҳат пайтида кўпроқ вақтини Самарқанд ва Қўқон шаҳарларида ўтказган, деган хулосага келиш мумкин.
Суратлар бугунги кунда Гамбургдаги санъат музейида сақланмоқда.
Санасига эътибор қаратадиган бўлсак, Верешчагин асарларидан роппа роса 30 йилдан кейин олинган фотосуратларда аждодларимизнинг (туркистонликларнинг) кийиниш маданиятида сезиларли ўзгаришлар бўлганини сезмай қолмаймиз. Верешчагин асарларида кўпроқ олачалпоқ нақшли бўз ва адраслардан тикилган либослар кенг тарқалганини кўрсак, Граффт фотосуратларида эркакларнинг то ҳозирги кунгача сақланиб келаётган йўл-йўл нақшли беқасам чопонлари, оддий сидирғали кўк ва яшил рангдаги зирабеқасам тўнлари, мовут ва кигиз чакмонларининг кўпроқ урфга кирганига гувоҳ бўламиз.
Яна бир эътиборли жиҳати – суратлар жамланмасида кўпроқ бой хонадонлар вакилларидан иборат эркаклар, хотин-қизлар ва ёш болалар портретлари етакчилик қилади. Тошкент ва Қўқон бойларининг хонадонларида олинган суратлар ўша давр миллий меъморчилик андозаларида қурилган ҳашаматли уйлар ва уй соҳибларининг мағрур нигоҳлари ўзларига бўлган ишонч ва тўқликдан дарак беради.
Гюго Краффт олган ушбу фотосуратларни томоша қилар экансиз, Туркистонликлар ярим ёввойи, уларга маданият олиб кирдик, деб ерга урган босқинчилар қанчалар ноҳақ эканлигини англайсиз.
Шарқ аёллари портретларидаги жозиба, миллий кийимларидаги бошқа ҳеч бир халқларникига ўхшамайдиган бичим ва безаклар, бой хонимларнинг қимматбаҳо тақинчоқ ва зеби гардонлари, камбағалроқ аёллар бошларидаги кумуш тиллақошу, узук ва исирғалар – барча-барчаси қўзни қувонтиради.
Қўқонлик ўзбек хотин-қизларининг либослари одмилиги, бичими билан самарқандлик хонимларникидан бутунлай фарқ қилади.
Уларнинг эгнидаги кўйлак ва камзулларнинг кенг олинган чап олди қисмининг олд ўнг қисмидаги қатор тугмаларга қадалиши гўзал хилқатларнинг қоматини сириб, янаям хушбичим кўрсатиб турибди. Бу либосларда биронта ортиқча ҳашам учрамайди. Кўйлак ва камзулларнинг олд қисмидаги тик туширилган ҳошия ва жияклар ҳам дабдабадан холи. Жияклари пешонасини ёпиб турган бошларидаги дўппиларнинг нусхалари ҳам бир-бирини такрорламайди – бириники қалампирнусҳа бўлса, бириники тароқнусха нақшли.
Қўқонлик тожик қизнинг кийими ўзбек дугоналариникидан фарқ қилиб турибди. Қайрилма ёқали узун кўйлак устидан нимча, нимча устидан енги тирсаккача, узунлиги тиззагача келадиган камзулча кийиб олган тожик қизи энг устидан гулли мурсак (мунисак) ташлаб олган.
Бири-биридан гўзал бу қиз-жувонларнинг туришини кўриб, ўша қора чимматли паранжи тагида ҳақ-ҳуқуқсиз эзилиб юрган бечоралар, деган туманли ўйлар тарқаб кетади.
Айниқса, чаккасидаги гажаги келинлигидан дарак бериб турган биринчи суратдаги келинчакнинг ҳаё билан бошқа тарафга қараб тургандаги латофатига лол қолмай, илож йўқ.

Ҳаммасидан ҳам ҳайратланарлиси улар юзидаги виқор, маъноли кўзлар сир-синоатини тушунолмай, хаёллар чувалашиб кетади.

Меҳрибон Абдураҳмонова

Кўринг ва баҳо беринг, XIX асрнинг сўнгги йилларидаги Қўқон хотин-қизларининг суратларига.
Қойил, француз сураткаши Гюго Краффтга!

1-2 -суратларда қўқонлик ўзбек қизлар.
3-суратда бошяланг турган қўқонлик тожик қиз.

1898 йилда олинган фотосуратлар.

Давоми бор

Меҳрибон Абдураҳмонованин язилари

Ушбу мақола «Jizzax tongi.uz» газетасида эълон қилинди.

Меhriban xanımın digər yazıları

ZAUR USTACIN YAZILARI

Oxuyun >> Gözündə tük var

Zaur Ustacın şeirləri haqqında

YAZARLAR.AZ

I>>>>>>BU HEKAYƏNİ MÜTLƏQ OXU<<<<<<I

I>>Mustafa Müseyiboğlu adına kitabxana<<I