Меҳрибон Абдураҳмонова – ДАШТ ҚИССАСИ

Боши аввалги: Меҳрибон Абдураҳмонова – ДАШТ ҚИССАСИ

ДАШТ ҚИССАСИ
2-қисм
Давоми

Тўрт нафар қиз фарзанди чилласидаёқ нобуд бўлди. Энди буниси яшаб кетсин, деган умидда нобуд бўлган тўрт қиздан кейин туғилган ўғлининг исмини Турдимурод қўйишди, бироқ у ҳам турмади.
Оёқлари, қўллари узун-узун эди… Қоп-қора жингалак сочлари барра қўзичоқнинг юнгларидай ялтираб турарди. Қирмизой боласини опичлаб қишлоқдаги бир маъракага борса, аёллар “Вой, сочлари мунча қўнғироқ бўлмаса бунингизнинг, қўзичоқ кўтариб келяпсизми, деб ўйлабмиз”,–дейишибди…
Кўз уриб кетди болани… Эссиз, эссизгина, ерларга зое бўлдия.. Нобуд бўлмаганда норғул бир йигит бўлармиди..
“Уф-ф…”
Болалари бирин–кетин нобуд бўлавергач, кайвонилар “Яшаш жойларингни алмаштиринглар. Балки жой ёқмаётгандир”, деб маслақат беришди. Эр-хотин бир арава кўч-кўрони билан бу ёққа – яқинда чоли ўлиб бир уйда бир ўзи қолган қайнонасиникига кўчиб келишди. Турсунмурод қўйишди бу ерда туғилган фарзандига…
“Турсунмурод…”
Бу нидо отанинг тилидан эмас, юрагини парча-парчалаб, ичини тимдалаб-тимдалаб бўғзидан отилиб чиқди.
“Турсунмурод, болам. Мен боргунча чидаб тур, полвоним. Ношуд отанг боргунча чидаб тур. Ўрис дўхтирни олиб бораман. Бирпасда тузалиб, ўйнаб қоласан”..
Тонг отай деб қолганди. Унда бунда қор босиб эгилиб қолган буталарни айтмаганда биронта дарахтдан нишон йўқ яйдоқ даштда изғирин борган сари кучайиб борарди. Кейин шамол қўзғалиб, қорбўрони бошланди…
Тошмурод совуқдан қиров босган қош-киприклар остидан оқаётган кўзёшларини артмоқчи бўлиб кафти билан бет-оғзини ишқади. Бир неча кундан бери олинмаган соқол-мўйловларида сумалак бўлиб қотиб қолган музлар совуқдан ёрилиб кетган қадоқ қўлларига ботганини ҳис қилди. Мўйловларидаги музларни умалатиб-умалатиб тушириб ташлади.
У-у-в..
Тошмурод бир сесканиб ўзига келди. Сал нарида чиябўрилар чувиллашиб қолишганди. Тўсатдан сап-сариқ тулки ўқдай отилиб олдидан ўтиб кетди.
“Бўри.. Бўри ўтди”,– ирим қилди у. Кўнгли баттар хира тортди. Шундоқ йўлини кесиб ўтиб кетди-я, лаънати шумқадам.
Ёввойи ҳайвонлар бемалол ўйноқлаб юрибди. Демак анча илгарилаб кетибди. Аммо темир йўл қани?.
Неча марталаб юрган йўлидан қандай чалғиб кетди.
“И-ишш”.. Шундоғам зўрға бораётган эшак юришдан тўхтади. Тошмурод арава устига тик туриб атрофни кузатди. Ҳамма ёқ оппоқ қор. Гўё бу оламда ўзи, эшак-араваси ва аллақаерда чувиллаб қўяётган чиябўрилардан бошқа жонзот йўқдай эди. Лоақал темир йўлдан поезд ўтақолса-чи? Тарақа-туруқ овозини эшитса бўлдийди, мўлжалини тўғрилаб оларди. Қалин қорда поезд ҳам юролмасмикин ё?..
Темир йўл қаёққа йўқолди?..
У аравадан сакраб тушиб ердан бир сиқим қор олиб оғзига тиқди. Муздай қор куйиб бораётган юрагининг тафтини босгандай бўлди. Эшагини олдинга қараб таваккал ҳайдади.
Нега адашиб юрибди? Ахир шу тобда адашиб бўладими? Адашишга ҳаққи йўқ, ахир.. Ақлдан озяптими, ё?..
“Их, их, деяпман. Тезроқ юр, юрақолсангчи. Имилламай ўл.”
Тошмурод эшагининг яғринига тинмай хала босиб тезроқ юришга қистар, ора-сира бошига тушган қамчи зарбидан жонивор калласини олиб қочаман, деб орқага тисланиб кетар, эгасининг жазаваси қўзиб, эгардан сакраб тушиб эшакнинг дум қисмига аямай солиб қоларди. Калтаклар зарбидан олдга интилган “маҳлуқ”нинг ортидан уриб анча жойга ҳайдаб борар, оралиқда йиқилиб-суриниб арава тагида қолиб кетишига бир баҳя қоларди.
Минг азоб билан илгарилаган сари темир йўлдан дарак йўқ эди.
Бу орада тонг ҳам отиб қолди. Энди у уловни эҳтиёткорроқ бўлиб бошқариб борарди. Текис ерда илдам-илдам қадам ташлаб бораётган эшак бир мункиб таппа ётиб қолди.
Оббо!.. Афтидан оёғи юмронқозиқнинг инига тушиб қолганга ўхшайди. Тошмурод дарҳол аравани ечиб юборди. Юкдан озод бўлган эшакнинг оёқлари тагидаги қорларни куракча билан тозалаб ташлади. Чиндан ҳам жониворнинг олдинги ўнг оёғи унча чуқур бўлмаган инга кириб қолганди. У эшакнинг олд томонидан қучоқлаб кўтариб чуқурдан оёғини чиқариб олди. Жонивор оёғини бемалол ерга босди. Демак унга жиддий зарар етмаган.
Синиб кетса нима бўларди. Йўлга тушишгандан бери неча марталаб саёзликка тўпланиб қолган қорга кириб қолганди, бунисида эса…
Хайрият, худога бир дегани бор экан, синмабди. Юмронқозиқ инига кириб қолсаям, синмабди-я… Синмабди…
Бой отадан от-аравасини сўраб турмади-да. Икки йилдан бери ҳеч нарса илтимос қилмаган, сўраса бериб турарди. Ўзидан бўлди-да. Боласининг аҳволини кўриб, тонгниям кутмай ошиғич йўлга чиқиб кетди. Об-ҳавони ҳисобга олмади. Тонгни кутиб бой отаникига борганда, бу сарсонгарчиликлар бўлмасди. Майли, Турсунмуродининг ҳаёти олдида шуям қийинчилик бўптими? Бори-йўғи ахмоқлик холос. Ҳис-ҳаяжонга берилмай, ақл билан иш қилганда вақтни ютқазмасди. Ахир тонг отиб боряпти, у эса ҳали ҳамон йўлни тополмай боши галдираб юрибди. Эҳ, ахмоқ калла!
Жониворга юк тушмасин, дея жиловни маҳкам тутганча уловни етаклаб кетаётган Тошмурод алам билан лабини тишлади…
Тошмурод бу ерга келиб жойлашгач, Кўканбой исмли минг қўйли бойнинг қўлида ишлай бошлади. Пичан ўр, сомон йиғ, янтоқ чоп каби юмушлар унинг гарданида. Бўйлари баланд, яғриндор бу йигит Кўканбойга биринчи бор иш сўраб боргандаёқ маъқул бўлди.
– Тоғни урса талқон қиладиган сиёғинг бор экан, болам. Мен чорва билан тирикчилигини ўтказадиган одамман. Ота-боболарим ҳам чорванинг орқасидан кун кўриб келишган. Раҳматли отам бой бўламан десанг каллангни ишлат. Калланг яхшироқ ишлаши учун илм ўрган, дея доим рағбат бериб турардилар. Ниҳоятда кўп китоб ўқирдилар. Шаҳарга бориб қолсалар, албатта хуржунида китоб билан қайтардилар. Узун қиш кечаларида Қулхўжа Аҳмаддан, Девонаи Машрабдан ўқиб берардилар. Қулхўжа Аҳмаддан ўқисалар, онам боёқиш юм-юм йиғлайверарди… Менга кўпроқ ҳисоб-китоб илмини ўргатардилар. Мол топгунча, ҳисоб топ, деб қайта-қайта таъкидлаб турардилар. Жуда эзма чол экан, деб ўйлаётганингни билиб турибман. Бу гапларни бежиз айтмаяпман. Саводинг борми, болам?..
– Йўқ,– бош чайқади Тошмурод. – Аммо ҳисобни яхши биламан.
– Жуда соз, ҳеч бўлмаса ҳисобни билар экансан. Бу муҳим. Чорванинг сонини, бир қишга етадиган ем-хашак тўплаш, уни расамади билан ишлатиш учун албатта ҳисобни билишинг зарур. Ота-боболаримиз билаги зўр бирни йиқар, билими зўр мингни, деб бекорга айтмаганлар, болам… Фурсат топсанг ёзув-чизувни ҳам ўрганиб қўй, болам..
Чинданда доно чол. Ёлғиз ўғлини аллақаерларга илм ўрганишга жўнатиб юборган чолга Тошмуродга ўхшаган ҳалол чоракорлар зарур эди. Икки йилда салкам ўғилдай бўлиб қолган Тошмуродга от-аравасини албатта бериб турган бўларди.
Текисроқ жойдан бир маромда кета бошлаган эшак тўсатдан таққа тўхтаб қолди. Жиловни силтаб-силтаб тортишлар ҳам, уловга миниб олиб яғринига тинмай нихташлар ҳам кор қилмай, қулоқларини диккайтирганча тек қотган жонивор катта хавфни сезгандай жойидан жилмасди.
Бетизгин изтироблар оғушида бораётган Тошмурод эс-ҳушини йиғиб атрофга разм солди ва юраги орқасига тортиб кетди.
Сал нарида улкан кулранг бўри улар томонга тикилиб турарди.
Тошмурод йиртқичдан кўз узмаган алпозда уловдан тушиб, беихтиёр махсиси қўнжидаги пичоқни суғуриб олди.
Бири ёвуз, иккинчиси бироз саросимали, бироз ҳадикли нигоҳлар бир-бирини таъқиб қилиб бир муддат тикилишиб қолишди. Ўз кучига ишонган йиртқич аста-аста юриб бостириб кела бошлади. Тошмурод қўлида пичоқни маҳкам тутиб ҳимояга шайланди. Оний лаҳзаларда эшакни ташлаб қочсаммикин, деган ўй яшин тезлигида шууридан ўтди. Бу ўй қандай тез келган бўлса ўшандай ғойиб бўлиб, ўрнини кимсасиз даштда қочиб қаёққаям борардим, яхшиси олишиш керак, жонининг борича олишиб йиртқични енгиш керак, деган мақсад, аниқроғи яшаш учун кураш инстинкти чулғаб олди. Саросима ва қўрқув ўрнини қадим аждодларига хос ёввойи куч эгаллади.
Мана ҳозир йиртқич унинг бўғзига ёпишмоқчи бўлади. Бунга йўл қўймаслик керак, жон жойига кетма-кет пичоқ санчиш керак..
Бўри тишларини иржайтирганча ириллаб тобора яқинлашиб келарди…
“Бўғзига санчаман.. Бурдалаб ташлайман ярамасни… ”
Йиртқич тикка ташланмай, негадир арава атрофида айлана бошлади.
“Нега фикридан қайтди?.. Руҳан ҳолдан тойдириб, сўнгра ҳужум қилармикан?.. Шарманда қилма худойим, шарманда қилма!.. Ўзинг мадад бер, Оллоҳим!..”
Аста-секин арава айланаётган бўри қўққисдан беихтиёр тисланиб кетаётган Тошмурод томон ўқдай отилди. Кучли зарбдан қор устига қулаган Тошмуроднинг қўлидаги пичоғи отилиб кетди.
Аёвсиз олишув бошланди.
Бўрининг бўғзига ёпишган қўллар чангакка айланган, қуйи қисми бўйнигача тушириб бойланган қўй терисидан тикилган бошидаги қулоқчини, эгнидаги қалин пўстини унинг улкан жуссасини ёвуз йиртқичнинг ҳамлаларидан қай пайтгача асраб тура олар экан…
Мана, бўрининг бўғзига ёпишган чангакнинг бири бирдан бўшашиб қолди. Бўри ўткир тишлари билан унинг чап қўлини тишлаб олганди. Тошмурод соғ қолган ўнг қўли билан бўрининг тумшуғига кетма-кет зарба берди. Унинг чап қўлидан оқаётган қон оппоқ қорни бирпасда қизартириб ташлади. Бўғзи озод бўлган йиртқич энди бемалол ҳужум қилиш имкониятига эга бўлганди. У Тошмуроднинг бўйнига тармашди. Қулоқчиннинг бўйин қисмидан тишлаб тортиб, ипини узиб юборди…
Тамом… Ҳаммаси тамом… Йиртқич ҳозир унинг бўғзидан олади. Ипданда нозик жон риштаси бу ёруғ оламдан узилади. Барча-барча нарса ўз моҳиятини йўқотади… Йўқ, йўқ. Таслим бўлмаслиги керак…
Жон-жаҳди билан олишаётган Тошмурод тобора ҳолсизланиб борарди.
“Вов-вов, вов-вов-вов”…
Олис-олислардан итнинг ҳуриши эшитилди…
Кейин қулоқларига онасининг овози чалингандай бўлди. Йўқ, чалинмабди. Онаси унинг бошида ғамгин боқиб турарди. Ахир онаси дунёдан ўтиб кетгандику… Ўлмаган эканда… Шу чоққача қаерларда юрган экан?..
“Тур, болам. Тошмуроджон болам, тур ўрнингдан. Устинг очилиб совуқ қотиб қолибсанку, жон болам.”.
Кейин яна итнинг ангиллаши эшитилди.
Тошмурод кўзини очиб оппоқ осмонни кўрди. Даъфатан нима бўлганини, нега бу ерда ётганини англай олмади. У қўлларига таяниб ўрнидан турмоқчи бўлганди, чап қўлида турган оғриқдан “воҳ”, деб юборди.
Шундагина у ҳозиргина бўлиб ўтган олишувни эслади, бирдан ҳушёр тортиб атрофга аланглади. Нарироқда иккита маҳлуқ коптокдай думалашиб олишиб ётарди. Улар атрофидаги қор қип-қизил қонга қоришиб топталиб кетганди. Тошмурод англадики, боя қулоғига олислардан чалингандай бўлган ит ҳуриши шундоқ ёнгинасида эшитилиб, тенгсиз олишувда тобора ҳолсизланиб ҳушини йўқотаётган эгасига ёрдам учун ошиққан бўрибосар итининг нажоткор овози эди.
Тошмурод муросасиз жангни бир муддат кузатиб турди. Сўнгра пўстинининг устидан боғланган белбоғини ечиб ҳамон қон оқиб турган ярадор қўлини маҳкам қилиб боғлади. Энди итига ёрдам бериши зарур. У ҳануз қоққан қозиқдай тек қотган эшагининг олдига яқинлашиб аравадаги паншахани олди. Пайт пойлаб бўрининг қорнига санчади.
Гоҳ бўрибосар, гоҳ бўри устун келиб олишаётган жойга эҳтиёт бўлиб яқинлашаётган одамзот сари қўққисдан ташланган бўрининг жағига паншаха санчилиб иккига айириб юборди. Жон талвасасида ғингшиётган бўрини ит тишлаб тортиб ташлади…
Паровознинг чинқириғи вагонларнинг тарақа–туруғига қўшилиб сўнгсиз саҳрода кетаётган карвон қўнғироқларидай жаранглаб кетди. Бир чақирим наридаги темир изларда умидбахш манзиллар томон поезд илгарилаб борарди.
У қор устида тиз чўкканча йиғлаб юборди. Тўлиб-тўлиб йиғлади, ўкириб-ўкириб йиғлади, ўксиб-ўксиб йиғлади…
Ёш кучуклигидаёқ калта қилиб қирқиб ташланган қулоқлари четидан қон сирқиб, оёғидан жароҳатланган вафодор ити оқсоқлана-оқсоқлана эгаси ёнига келиб бўйнига осилди.
“Раҳмат сенга, вафодорим”, – Тошмурод кўз ёшларини қўли билан артиб ташлаб итини қучоқлаганча миннатдорчилик билдирарди.
Тошмурод ўзи сезмаган ҳолда тўғри йўналишда кетаётган экан.
2-қисм тугади
Давоми бор

Давоми: Меҳрибон Абдураҳмонова – ДАШТ ҚИССАСИ

Автор: Меҳрибон Абдураҳмонова

Меҳрибон Абдураҳмонованин язилари

Меhriban xanımın digər yazıları

ZAUR USTACIN YAZILARI

Oxuyun >> Gözündə tük var

Zaur Ustacın şeirləri haqqında

YAZARLAR.AZ

I>>>>>>BU HEKAYƏNİ MÜTLƏQ OXU<<<<<<I

I>>Mustafa Müseyiboğlu adına kitabxana<<I

Bir cavab yazın

Sizin e-poçt ünvanınız dərc edilməyəcəkdir. Gərəkli sahələr * ilə işarələnmişdir