“СИЗДА МЕНИНГ ҲАЙРАТЛАРИМ БОР…”

“СИЗДА МЕНИНГ ҲАЙРАТЛАРИМ БОР…”

Севимли шоирам, устозим, Хосият РУСТАМОВАга…

Шоир қалбининг рангин дунёси ҳамиша чексизликка йўл излайди...

Ҳар бир ижодкорнинг ички олами – бу кашф қилинмаган денгиз; унда илҳом бир неча кўриниш ва шаклларга кириб, руҳни парвариш қилувчи шаффоф сув каби ўзанларда оқади.
Уларнинг ҳаёти қуруқ фикрлар ва оддий дунё билан чегараланмаган – бу дунё ҳар лаҳзада ўзгача ва яширин бир маъно билан тўлгандир. Шундай қалб эгаларининг ўй-фикрлари, ҳайрат ва илҳомлари, ўзга бир дунёдан ўзларига яқин шахслар орқали туғён қилиб туради.
“Кўнгилни англаган киши – дунёни англар” дея айтилгандек, ижодкор қалби дунёни ичдан яна-да теран англашга интилади.
Менда шундай шахсиятлар қаторида Мавлоно Румий ва Ғазолийларнинг асарлари алоҳида ўрин тутади.
Уларнинг ҳар бир сўзи илоҳий нур каби қалбимга тушиб, ичимда сокинлик уйғотиб, маънавий ва руҳий қувват бағишлайди.
Шоир кўнглимни эса яна-да руҳлантирувчи, илҳомлантирувчи бошқа бир ижодкор Хосият Рустамовадир.
Уларнинг шеърларини ўқиганимда ҳар сафар бир олам ҳис-туйғулар барг ёзиб, руҳиятимга янги ранглар ва ҳайратлар қўшилади. Мавлоно Румийнинг “Дарёга ҳайрон бўлма, унда сенинг ҳайратинг бор”, деган ҳикматли сўзлари менга Хосият Рустамованинг шеърларида қайта ва қайта намоён бўлгандек туюлади. Уларнинг ижоди ҳам ўз ичида ўта сирли, гўзаллик ва ҳайратларга, олтин-у, жавоҳирларга бой бир дарёдир; унда сўзлар оддий восита эмас, балки қалбни очувчи калитдир.
Ҳар бир мисрада сўзнинг жозибаси, шеъриятнинг ўзига хос нафислиги, инсон тафаккурининг қудрати, кучи билан юзма-юз келаман. Оҳанрабодек ўзига ром этувчи сатрлар туйғуларимнинг таранг торларига урилиб, бетакрор оҳанглар таратади.
Ҳаёт ташвишлари ва маиший кечинмалар орасида ўралашиб қолиб, шеър кайфиятидан илҳом ва ҳайрат манбаидан йироқлашганимни ҳис этдим. Мунтазам мутолаа билан машғул бўлиб, мақола, таржима ила ижод этсам-да, барибир, кўнглимнинг ич-ичида бир ҳазинлик бор…
Яъни шеърсизлик кайфияти…
Ижод столига ўтириб, нимадир қораламоқчи бўламан, аммо тўлиб турган эрсам-да сатрларга тўкилолмайман…
Бу ҳолат фақатгина ижод аҳлига аён…
Руҳим тушкунланиб, ижодий кайфиятим тушиб кетганда, севимли шоир(а)мнинг шеърлари қалбим ичида бонг уради…
Ғойиб бўлган ҳайратларимни, бедарак йўқолган илҳомларимни, “шоир руҳим”ни Х. Рустамова шеърларидан топаман.
Ҳар бир ўқиган шеърим қалбимдаги шеъриятга бўлган ички эҳтиёжимни енгиллаштиради, ижодга бўлган муҳаббатимни қайта оловлантиради.
“Руҳи руҳиятига яқин бўлганидан илҳомланади” деган ҳақиқат фикримнинг ёрқин исботидир.
Ижодкорлар учун илҳом – бу руҳнинг яшаши, шеърлар эса уларнинг овозидир.
Ўзига яқин, руҳига яқин ижодкорни топган инсон ўша овозга қулоқ тутади, ўзининг ички овозини англайди ва у томон талпинади.
Шундай ижодкорлар билан ҳар бир мулоқот, ҳар бир шеърий суҳбат шоирни шеърият билан боғланишини яна ҳам мустаҳкамлайди.
Хосият Рустамованинг ижодига назар солар эканман, нафақат катта истеъдодга, балки ҳақиқий улуғ шоирларга хос юксак қалбга эга эканини-да англайман.
Ўзбек шеъриятига самовий нафас берувчи, сўзлар орқали инсон руҳиятининг энг туб жойларига етиб борадиган кучли шеърлар яратган беназир шоирадир.
Х. Рустамова шеърлари оддий ҳаётий тафсилотлардан илоҳий ҳисларга қадар кенг қамровли – сўзларнинг сеҳрини кашф этиб, инсон қалбига етиб борадиган ўзига хос хосиятли овозга эга.
Рустамованинг ижоди фақат мазмуний теранлиги билан эмас, балки қалбан нафислиги билан ҳам ажралиб туради.
Бу шоиранинг ҳар бир сўзида, ҳар бир сатрида юракнинг юксак меҳр ва муҳаббат билан тўлиб-тошиши сезилади.
Одатда, буюк шоирларнинг қалби дарё каби кенг, уммон каби чуқур бўлади. Хосият Рустамова ҳам улкан қалби ва юксак истеъдоди билан ажралиб туради – инсонларга меҳр ила, яқинлари ва мухлисларига чин дилдан эҳтиром-ла яшайди.
Рустамова шеъриятининг яна бир устувор жиҳати – уларнинг ҳар бир мисраси ичида яширинган чуқур фалсафийлик бўлиб, сўзлар орқали инсонни ҳайратда қолдиришни, дунёни янгича нигоҳда кўрсатишни моҳирона уддалайди.
Хосият Рустамова – шунчаки ижодкор эмас, балки руҳимни ёритувчи менинг шоираимдир. Улар билан ҳар бир суҳбатда, қалбим илоҳий илҳомга тўлади, ҳаётга ва ижодга бўлган завқим ошади. Бу шеърият оламида улар каби қалби кенг, меҳрибон инсонларнинг мавжудлиги дунёйимни янада нурафшон этади.
Бу заминда шеъриятнинг юксак самосига кириб бориш бахти насиб этган шоирам, ҳамиша сўзингиз, руҳингиз сарбаланд бўлсин!
Самовий сўзларингиз ила қалбларда “Нажот” қуёши бўлиб порлайверинг.

1.11.2024


XASİYYƏT RÜSTƏİN YAZILARI

XASİYYƏT RÜSTƏMOVANIN YAZILARI

XOSİYAT RUSTAMOVANIN YAZILARI

Müəllif: Cihangir NOMOZOV,
“YAZARLAR” jurnalının redaksiya heyətinin üzvü, Özbəkistan üzrə təmsilçisi.

TORA SÜLEYMANIN YAZILARI

CİHANGİR NOMOZOVUN YAZILARI

HÜSNÜİDDİN HAYITIN YAZILARI

>>>> ƏN ÇOX OXUNAN HEKAYƏ <<<<

Mustafa Müseyiboğlu adına kitabxana

“ƏDƏBİ OVQAT” JURNALI PDF

“YAZARLAR”  JURNALI PDF

“ULDUZ” JURNALI PDF

“XƏZAN”JURNALI PDF

WWW.KİTABEVİM.AZ

YAZARLAR.AZ

===============================================

<<<< WWW.YAZARLAR.AZ və  WWW.USTAC.AZ >>>> 

Əlaqə: Tel: (+994) 70-390-39-93   E-mail: zauryazar@mail.ru

Bir cavab yazın

Sizin e-poçt ünvanınız dərc edilməyəcəkdir. Gərəkli sahələr * ilə işarələnmişdir