Mastura Abduraim kızı

ДИЛОРОМ

(Ҳажвий ҳикоя)

Ҳеч иложини қилолмас, қочиб қутилолмас экансиз, одамлар касби-корингизга қараб эшигингизни қоқиб келавераркан. Айниқса, менинг ярқираган пешонамга битиб қолган ҳалқчил, беминнат, инсофли ва энг асосийси ўз касбига содиқ бўлган профессор шифокорни дарвозасини қоқмасдан ҳам кириб келаверишар экан. Таққиллатмасдан келгани майли, маҳаллачилик, одамгарчилик, уйинга келганни итинг қопмас деймиз, аммо, лекин бу қўшнимни бақироқ эшагига нишхўрд бўлгурлар келиб олиб дағдаға ҳам қилишади.

-Келинойи!-дейди худо раҳмат қилгур бобомни ёшини уруб қўйган, тўй қозондан сал кичикроқ қорин солиб олган, тепакал «чолбобо»,-Дўхтир бобо бормилар?!

-Йўқ!-дейман энсам қотса ҳам аллатовур чалатабассум билан,-ишга кетганлар икки-уч кунсиз қайтмайдилар!

-A, бу дўхтир бобо ҳеч уйида ўтирадиларми?! Келамиз нуқул тополмаймиз, ҳеч-йўқ бугун уйда ўтирсалар бўлармиди!-дейди ён сочлари тикка бўлиб.(тепа сочи бўлмагач шу аҳволда)

-Минг бор узр, ҳали келсалар айтиб қўяман. Барча беморларию-операцияларини бекор қилиб, кейинги келишингизда сизни ўзлари дарвозахонада кутиб оладилар!

Кесатиғимни тушинади албатта, лекин атайин безбетларча ғўддаяди.-Шундоқ бўлсин! Даптарингизга ёзиб қўйинг! Икки кундан кейин келаман!

Яна бир нарса деб чақиб олай десанг; бемор, камига остонангда турибди, ёши ҳам ҳурмат тахтасига битилиб қолган бўлса, на илож дон тиқилган товуқдай бор гапингни томоғингда айтиб, ғийққиллаб қолаверасанда. Шу тариқа турнақатор беморлар дарвозангдан дўмбира сифатида фойдаланиб, гоҳ «Гўрўғли» гоҳ «Алпомиш» гоҳида «Кунтуғмиш»дан айтимлар бўзлаб кетгач енгил нафас олиб, «Ё Навоий бобом руҳлари қўлласин!»-деб ноутбугимни чиқиллатишни бошлар-бошламасим ҳовлидан гулдираган овоз келади.
-Кимдир борми, дўхтир болам ҳуу!
Овоз эгасини шу заҳоти танийман. Маҳалламиз Она шери, тижоратчиси, оқсоқоли, посбони, экологи ва ҳакозо касбу-корларни ўзида жамлаган опамиз Дилором опа. Бу опамизни таърифлашга сўз мулкининг султони Мир Алишер Навоий бобомизни ҳам сўзлари тугаб қолардиёв, назаримда. Менгаку йўл бўлсин, лекин кучим ва ожизгина сўзларим етгунича сизга сўйлаб бергум албат. Хуллас калом, шу опамиз бор экан маҳалламиз маҳалла бўлиб турибди, ишонаверинг. Ошиёнлари маҳалламизнинг қоқ марказида қад кўтарган кўпқаватли уйлардан бирида жойлашган бўлиб, уйнинг биқингинасида, Дилором опа бунёд этган мевали, манзарали дарахтлар дейсизми, пальмадан тортиб турли хил гуллар дейсизми, барчаси топиладиган шинамгина боғчада опанинг иш жойи «Минисупермаркет» – Николай пошшо мерос қолдирган вагон савлат тўкиб туради. Бу савдо марказида ўзингиздан бошқа ҳамма нарса; озиқ-овқатдан тортиб, соч тўғнағич дейсизми, дори-дармону- каламуш қопқон дейсизми барчасини топасиз. Маҳалла ободончилиги, жамоат тартиби, ёшлар тарбияси, «разборчик» мақомигача Дилором опа машғул. Опага ҳеч ким, ҳаттоки манаман деган Шер эркак ҳам ғиринг деёлмайди. Деб кўрсин ҳам қани, опа уни икки буклаб, бирорта сувоғи кўчган кўпқаватли уй деворига суваб юборади. Опа тап тортмасдан бутун маҳалла ишига аралашаверади. Ишсиз ёшларга иш топиб берган ҳам, бекорчи ёш-ялангларга кўчаларни чиқиндилардан тозалатган ҳам, арча опкелтириб эктирган, тоза ичимлик суви, комендантлик соати, мактабдаги ўқув қўлланмалари етишмовчилиги, поликлиникамиз таъмиригача жон куйдурган ҳам шу аёл бўлади. Агар кучи етадиган бирор масъул одам (оқсоқол ёки посбон) «Сиз аралашманг Опа!»-дейдиган бўлса, «Мен шу маҳаллани қизиман ҳаққим бор!”-деган қатъий жавобни олади. Маҳалламиз аёллари опани жуда ёмон кўришади. Бу табиий ҳол, ахир Дилором опадан бошқа ким ҳам уларга кўчада ғийбатчилар ташкилотини уюштириб, валақлаб юришларини юзларига айта оларди. Гоҳида мендан ҳам: »Опа шу заҳар аёл билан қандай чиқишасиз а!?”- деб сўраб қолишади. Англашимча, тили заҳар бўлсада ростгўйлиги, майда ғийбат гапларни тилига олмаслиги учун ҳам бу аёлни яхши кўраман. Хуллас дейдиган бўлсак, мана Дилором опа биз дўхтирларни яна йўқлаб кептилар. Соғлиғига жуда эътиборли, шу сабаб кўпинча профилактика учун келадилар. Калта турмакланиб жигарранга бўялган сочи, спорт услибидаги имиджи, тик қомати, юзидаги тиниқлик ёшидан 15-20 йилни чегириб ташлаган бу аёлга ҳеч ким 70 ёш бермайди. Айниқса, ҳаёт, яшашга бўлган интилиш, нигоҳидаги жўшқинлик опага янада дуркун қиёфа бахш этиб туради. У ҳовлидаги гулларимни томоша қила туриб сўз қотади.
-Дўхтир болам билан хўб топишгансизларда, сен ҳовлингни, рўзғорингни гуллатасан, эринг дардини олиб одамларни гуллатади. Бор бўлинглар доим!

-Раҳмат опажон, келинг киринг уйга.-дейман тавозе билан.

-Кирмийман, шошиб турибман. Кел сўрида ўтира қоламиз, ҳавони қара ажойиблигини. Биламан эринг ишда, эрталаб гузарда машинасига кўзим тушувди. Мен сени ёнинга келдим.

-Яхши қипсизда келиб опажон менам зерикиб тургандим-дейману, яна доимгидек қитмирлигим тутади.(опа билан ҳазил-ҳузул қилиб турамиз. Жуда гапга чечан ҳазилкаш аёл)-Туғишга қарор қилдингизми? Жуда яхшида!(касбимдан келиб чиқиб гап қотаман)

-Ҳа, -дейди юзига жуддий тус бериб,-Шунга келувдим. Дўхтир боламга айт, эримни устихонларини олиб келай тирилтириб берсин!

Ана кейин бўлади кулги, бўлади мутойиба. Кулишиб олгач опа муддаога ўтади. Текширтириб келган таҳлилларини кўрсатади. Уйқусизлиги ҳақида гап очиб қолади. Олдинги ой неча килограмм вазн йиққанию, шу ой қанча вазн ташлагани, пиёда юришни фойдалари, «маркет»ида зарарига ишлаётгани, «темир дафтари» тўлиб кетиб янгисини тутиб бошлагани ҳақида ёзғириб қолади. Айни бахтли дамларида ташлаб кетиб, опа уйини уй, болаларини одам қилгач остонасига бош уриб келган, кейинроқ кимларнидир қўлида қазо қилган эридан гап очиб қолади. Шундагина мен бу эркакдан ҳам кучлироқ ҳамда мард аёлни ҳаёт сайқаллаб ўткирлагани, аммо, ҳамон юрагини туб-тубида меҳр-муҳаббат, аёллик туғёнлари яшаётганини сезаман. Гарчи кечирмаган бўлсада эрига ичи ачишгани, озгина афсус кўзларида кўриниб туради. Аёл, нима бўлганида ҳам аёл бўлиб қолишни, минг кучли бўлмасин бир бақувват, ишончли, суюкли елкага бош қўйиб суянишни истар эканда деб хулоса қиламан. Аммо, шу ўйлаб турган жойимда ҳам, мен қитмир улгур Дилором опамизни ичида бошқа дарди бору, айтишга унғайсизланиб ёки кези келганида ҳазилимга нишон бўлишдан ҳадиксираб турганини сезиб қоламан.
-Айтинг энди, яна нималарни бошлаб юрибсиз опа!-дейман сабрим чидамай,-Туя сути қолиб эшак сути ичиб кўрдингизми, туфлама табибга бориб туфлатиб келдингизми ёки биратўласига силама табибга…
Опа мириқиб кулиб, менга муштини дўлайтириб қўяди.- Сен сўрама мен айтмай, айтганингдан ҳам зўрини топиб олдим. Аввал, кўк чойингдан қуйчи, қон босимимни тушириб турсин. Ҳаа, барака топ! Шу десанг бундан бир ҳафталар олдин бир дугонам яхши табибни дарагини эшитгани, ўзи ҳам икки-уч сеанс қатнаб ҳамма дардларидан фориғ бўлгани ҳақида айтиб қолди. Аввалига ишонмадим. Буям бирорта дор остидан қочган фирибгарлардан биридурда деб ўйладим. Аммо, дугонам уйимга келиб унинг ранги-рўйини, қолаверса, озроқ бадиийлик ва мусиқа қўшиб юборса, оламшумул реклом бўла оладиган ҳаракатларини кўриб, гап-сўзларини эшитиб оғзим ланг очилди-қолди. Айтсам ишонмайсан, дугонамни бел ва оёқ оғриқлари, нафас сиқма касали таққа тўхтапти. Ўн беш яшар қиздек сакраб-сакраб юрибди десанг!

-Гапниям обқочингей опа, бунчалик сеҳрли муболаға фантастикадаям учрамайдиёв! Инсоп билан гапиринг, ким экан у сеҳргар табиб?!

-Бердисини айтгунча уриб ўлдирмагин, сен эшит мен айтай! Хуллас десанг, ўша табибга бордик. Ўзи аллақайси тоғли чет бир ўлкада, ғорда зоҳидлардек кун кечираркан.(Ола, мен эмас, шу опа ёзувчи бўлиши керак эди. Машҳур Дилором Фантаст бўлар эди.) Шаҳар четроғида жойлашган 9 қаватли уйнинг биринчи қаватларини банд этибди. Тумонат одам, қатор-қатор мошинлар, навбатлар, игна ташасанг ерга тушмайди. Эрталаб борган бўлсак, шомга бориб навбатимиз етиб келди. Кирдик. Остонага иккита касса қилиб қўйибди. Тўловни исталган шаклда амалга оширишинг мумкин. Бир кичикроқ машина оламанми деб бир-икки сўм йиғиб қўйган пулимдан олволувдим…

-Ий, опа сизни савдойингиз ўлган, «темир дафтар»ларингиз тўлиб кетганидику?!

-Гап қўшма-я, илҳом келганида! Менам анойи авлиёмасман, текинга фойдасиз иш қиладиган. Эшит, сабринг сарғайгур!
Мен оғзимни қулфлаб, калитини деворимдан кўчага улоқтураман, Дилором опа давом этади.

-Ихлос билан, жон деб рози бўлиб 4-5 килограм гўштни пулини қуртдай санаб барзанги кассир йигитларга топширдим. Бир катта хонага бошлашди. Хона тўрида биргина юмшоқ чарм кресло қўйилган, менга ўхшаган беморлар гуёки бебаҳо осори-атиқани томоша қилаётгандек креслога кўз тикиб ўтиришибди. Сал туриб машҳур табибимиз хонага қадам ранжида қилдилар. Кўрсанг сен ҳам маҳлиё бўлиб қолардинг, чеҳрасидан нур ёғилади-я! Одам боласимас фаришта!
-Опа дидлар доим ҳам тўғри келавермайди, сиз севиб қолган одамга, мен қиё боқмаслигим аниқ!-дедим яна тилимни тиёлмай. Опа энса қотирдию давом этди.
-Кулма, бу жиддий гап. Росдан фариштали инсон экан. Хонадаги 50дан ортиқ одамни гаплари билан маҳлиё қилиб қўйди. Жуда ажойиб гапларни ирод қилдилар. Донишманд табиб эканлар. Танишув тугагач, бўлиниб қўшни хоналарга кирдик. Ҳаммамизни қатор солинган кўрпачаларга ётқизишди. Кейин табибимиз билагимизга навбати билан томчи дори улаб чиқдилар.

-Нима?! Томчи дори! Қойилей, замонавий усулда даволайдиган табиблар ҳам бор эканда. Қандай дори юбордилар?

-Дори?! Ҳеч қанақа дориси йўқ, шунчаки уладилар-қўйдилар. «Қўлингизни қимирлатиб юборманг, томирингиздан чиқиб кетса, »подкожа« кетиб оғриқ беради.»-деб огоҳлантирди. Ҳаммамиз қимирламасдан ётдик.

-Тушунмадим, томчи дори улаган бўлса, қанақасига суюқлик дориси бўлмайди?

-Нега тушунмайсан? У кўринмас, қандай тушунтирсам экана сен ғалчага! Илоҳий томчи дори. Табибимиз «Бисмилло» дедиларда дуосини айтиб бармоқларидан нина ясаб томиримизга уладилар.

Биласизми, ҳикоя шу жойига келганида, Гиппократнинг ҳайратдан ёқа ушлаб турган ҳайкалидек қотиб қолдим. Қанча қотиб қолдим билмадим, лекин, Дилором опа совиб қолган чойимдан бир пиёла тутгач ўзимга келдим. Кейин кулавериб ўлиб қолишимга бир баҳия қолди. Кўз ёшларимни сидириб, яна опага тикилдим. Йўқ, қилт этмайди. Жиддий турибди.”Кулиб бўлдингми? Давом этайми?-деди қалин қошларини чимириб.

-Кечирасиз, марҳамат давом этинг!-дейманда, оғзимдан яна беихтиёр чиқиб кетади. -Юрган эканмизда биз аҳмоқ шифокорлар 10 йил умримизни аллақандай Тиббиёт олийгоҳларида совуриб. Бўларканку мана 4-5 кун ғорда ўтириб буюк табиб бўлса!
-Кулишга осонку, лекин ўрнимда бўлсанг сен ҳам чиппа-чин ишонардинг ва ишончинг беҳуда кетмаслигини тушуниб олардинг. Табиб тушунтирганидек, (илоҳий) томчи дори улангач билагимдан бошлаб аввалига томирларим, кейин бошим, ундан сўнг бутун танамга иссиқлик югура бошлади. Хира кўзларим секин-аста тиниқлашиб, бел-оёқ бўғимларидаги оғриқларим таққа тўхтади. Йигирма дақиқалардан кейин томчи дорини битта-битта узиб чиқди. Қўлини қимирлатиб юборганларга танбеҳ берди. Аҳволимизни сўради. Барча беморлар мамнун, оғриқлари қолгани, енгил бўлганини айтиб табибни тавоф қилишди.

-Вой, Қодир худойима, бу бандаи махлуқингни ёсуманни қурсоғида пайдо қилган эдингмия!-деб юбордим ҳайратланиб.-Яхшиям сиз қўлингизни қимирлатиб қўймабсиз йўқса, ҳозир кўкариб шишиб кетган бўларди. Нафи ҳам камайиб кетарди!

-Кесатма, бу ҳақиқат!

-Кундай кўриниб турибдику опа, бу гипноз! Сиз ҳалиям гипноз остидасиз. Миянгиз очилган куни кўзингиз ҳам мошдек очилади. Энди сиздек кучли хотин тузоққа тушган бўлса, қолганлар нима қилсин! Қойил, кучли гипнозчи экан.

-Ишонмайсанми?! Юр эртагаёқ бирга бориб келамиз, учинчи сеансга боришим керак. Маҳалламиздан ҳам кўп одамлар қатшияпти.
-Эсиз, ўн кило гўшт кетиптида, азайимхон табибингизга. Ҳа, боринглар, бизга келсангиз ҳеч нарсасиз бечора, текин келасизлар, «апирис» сеҳргарга осмондан бўлса ҳам топасизлар. Ҳалоли бўлсина, сизларга шуям кам!
Шу билан Дилором опа табибини мақтаб-мақтаб, мени ҳам қайта-қайта таклиф қилдида, кетди. Орадан бир ҳафта вақт ўтар-ўтмас ўша фирибгарнинг устидан арз тушиб ушлангани, одамлардан йиғган миль-миль пуллари, кўринмас томчи укол қолдиқларининг тоғдек уйими мусодара қилиниб, ўзи ва жиноий шериклари панжара ортига равона бўлибди. Яхши бўлибдида, энди кимга маза, тоштурмадаги махбусларга маза! Табибимиз илоҳий томчи дориси билан ҳаммасини даволаб қўядиган бўпти.
Тез-тез қадам ранжида қиладиган Дилором опа бир ойча йўқ бўлиб кетди. Қуёшли кунлардан бирида яна эшик қоқиб кеп қолди. Одатдагидек, уйда ёлғиз эдим. Билгандек ҳажвия ёзиб тургандим.

-Кимдир бормии, дўхтир болам уйдамисан!?

Ҳовлига чиқа туриб овоз бердим:
-Дўхтир йўқ, табиб бор! Илоҳий табибман, кўринмас сеҳрли томчи дори билан даволайман. Кассага битта буқани пулини тўлаб ўтинг!
Дилором опа қошларини ёлғондакам чимириб, мийиғида кулиб, нималардир деб ғудраниб келаверди. Менга эшитилгани:
«Аччиқ тилгинанг узилсин сани, табибданку қутилдим, сендан энди бир умр қутулолмасам керак!»-деган гапи бўлди. Опа ҳақ, ҳалиям маҳалла-куйда узоқдан кўриб қолсам ҳам кафтимни кўксимга босиб салом йўллаган бўламан. Уйимга ишора қилиб, икки бармоғимни билагимга уриб қўяман. Дилором опани аввал тишини оқи кўринадида, ортидан муштини кўрсатиб қўяди. Кулгимни зўрға босаманда, шу тобда негадир опани эмас табибни дилором табиб дегим келади. Юргандур, бармоғида томчи дори мўъжизасини амалга ошириб, бутун турма жамоасини – ҳасталик ва умидсизликдан зулматга чўмган дилларга ором бағишлаб! Барака топкурей!

Yazar: Mastura Abduraim kızı

Mastura Abduraim kıznın yazıları


XASİYYƏT RÜSTƏİN YAZILARI

XASİYYƏT RÜSTƏMOVANIN YAZILARI

XOSİYAT RUSTAMOVANIN YAZILARI

TORA SÜLEYMANIN YAZILARI

CİHANGİR NOMOZOVUN YAZILARI

HÜSNÜİDDİN HAYITIN YAZILARI

>>>> ƏN ÇOX OXUNAN HEKAYƏ <<<<

Mustafa Müseyiboğlu adına kitabxana

“ƏDƏBİ OVQAT” JURNALI PDF

“YAZARLAR”  JURNALI PDF

“ULDUZ” JURNALI PDF

“XƏZAN”JURNALI PDF

WWW.KİTABEVİM.AZ

YAZARLAR.AZ

===============================================

<<<< WWW.YAZARLAR.AZ və  WWW.USTAC.AZ >>>> 

Əlaqə: Tel: (+994) 70-390-39-93   E-mail: zauryazar@mail.ru

Bir cavab yazın

Sizin e-poçt ünvanınız dərc edilməyəcəkdir. Gərəkli sahələr * ilə işarələnmişdir