
Сокин тун ороми ичра тўлғаниб,
Хаёлга элтади саррин саболар.
Юракда шафақ ранг олов чўлғаниб,
Қулоққа чалинар мунгли наволар.
Борлиқни тутганда ширин ифорлар,
Нигоҳлар ортида сукут сақлар ун.
Муштоқ кўнглимизга келса баҳорлар,
Гул бўлиб бораман ёнингга бир кун.
Мен чексиз самода ёлғиз бир юлдуз,
Ҳисларим ёйилган замин бағрига.
Дарднинг кўзи ёриб, туғиларкан сўз,
Шу сўз деб бош эгдим кўнгил амрига.
Ишқнинг туғёнида туғилдим қайта,
Қалбимни титратди инжа туйғулар.
Сабр-ла яшадим, шукрона айта,
Шул сабаб чекинди ортга қайғулар.
Нафосат гулшани – умр мазмуни
Ҳаётнинг жилоси – камалак ранглар.
Ошиқ дил орзуга етишган куни
Севгининг самовий куйи жаранглар
Müəllif: Зуҳра Бегим
Zuhra Begim <<<< >>>> Зуҳра Бегим