
Онам дунёдан ўтганларига ҳам 6 йил бўлибди. Онам тирик вақтлари жуда зўр шеърлар ёзар эдим. Онам шеъриятни яхши кўрганлари учун онамга ўқиб берардим. Кейин онам дунёдан ўтганларидан кейин. Жуда қаттиқ таъсирландим шокка тушгандим бўлиб қолдим.Шу куйи 5 йилча шеър ёзолмадим умуман.Фақат шеърларни ўқиб юрардим.Шу яқинларда бир йилдан бери аста аста шеър ёза бошлаяпман. Онамнинг йўқлигига энди аста аста кўникаяпман.Ўшанда онам оғир ётганларида ,, Она агар сиз ўлсангиз ман шеъриятни ташлайман.Бутунлай қаламни қўлимга олмай қўяман,, дегандим. Шунда онам ,,Йўқ болам ундай қилма, ман шеъриятнт яхши кўрганман,, ўлсам ҳам шеъриятни ташлаб қуймагин, ёзгин, менга ваъда бергин ёзаман деб. Ҳеч бўлмаса иккитагина китоб қилгин, шунда сендан рози бўламан дегандилар. Шу куйи мана ҳозир бир ярим йилдирки аста аста шеър ёза бошлаяпман. Салгина бўлса ҳам.
АСТА-АСТА
Аста-аста келаяпман ўзгинамга,
Онажонга берган,ваъда сўзгинамга.
Аста-аста кираяпман ўзгинамга,
Ижод деган ўшал қутлуғ изгинимга.
Аста-аста келаяпман ўзгинамга,
Ранглар кириб мунгли,маҳзун юзгинамга.
Баҳор нурлар сочаяпди музгинамга,
Раббим жило этавергач розгинамга.
Аста-аста келаяпман ўзгинамга.
Қаттол ҳаёт раҳна солган,рўзгинамга.
Айланганди бутун дунё,бўзгинамга,
Жудоликлар хира тортгач кўзгинамга.
Аста-аста келаяпман ўзгинамга,
Тафти иссиқ жаннатмонанд ёзгинамга.
Тақдир дея кўриб,кўниб чизгинимга,
Не бўлса ҳам шукур этиб ёзғинимга.
Аста-аста келаяпман ўзгинамга,
Ҳавас қилиб ижодкору сизгинамга.
Йиллар ўтиб қайтаяпман,қарзгинамга,
Дунём бўлмиш,наср,назм фарзгинамга.
Аста-аста келаяпман ўзгинамга,
Вақт даводир,ғам аталмиш қузғунимга.
Аста-аста кираяпман ўзгинамга,
Ушал шодон,қувноқ,кўрку созгинамга.
2022
ОНАЖОН
Сайроқи қушларнинг тиндику сози,
Сўлим атиргуллар сўлғунлаб юзи,
Ғурбатларнинг асло ўзилмас изи,
Онажон сиз кетгач бу гулбоғлардан.
Дала қирларнинг ҳам тумандир бори,
Теграмни қоплабла зулумат қори,
Кундан кун кетмоқда жоннинг мадори,
Онажон сиз кетгач бу гулбоғлардан.
Кимсаку ҳасратим тингламас сира,
Руҳимни бирор зот англамас бир а,
Қилар юмушим ҳам тайинсиз хира,
Онажон сиз кетгач бу гулбоғлардан.
Оппоқ қоғозларим тўлди зорларга,
Буткул илҳақдирман дўсту ёрларга,
Олам боқмас бўлди мендек хорларга,
Онажон сиз кетгач бу гулбоғлардан.
Кун келар самони қучгайдир бу жон,
Ҳузурингиз истаб учгайдир бу жон,
Айролиқда қандай кечгайдир бу жон,
Онажон сиз кетгач бу гулбоғлардан.
Оқшом чўқди мана ,бўзармоқда ой,
Фалакда юлдузлар базми хойнаҳой,
Мен ҳам ёнингиздан қидиряпман жой,
Онажон сиз кетгач бу гулбоғлардан.
ОНАЖОН СИЗНИ
Изингиз излайман тополмай ҳар чоғ,
Яратган қошига чорлабди тезроқ,
Меҳрингиз тўсабла қийнайди фироқ,
Меҳрибоним қисмат айирди бизни,
Қайдан топай энди онажон сизни.
Қабрингиз ёнида эгик бошгинам,
Шашқатор тизиллар кўзда ёшгинам,
Танҳо сиз эдингиз дўст,сирдошгинам,
Меҳрибоним қисмат айирди бизни,
Қайдан топай энди онажон сизни.
Силардингиз бошим кулиб ҳамиша,
Дарду ғўссаларим юлиб ҳамиша,
Бугун ўпкам юрар тўлиб ҳамиша,
Меҳрибоним қисмат айирди бизни,
Қайдан топай энди онажон сизни.
Набаралар тўйин кўролмадингиз,
Муҳаммад,Мурод бор билолмадингиз,
Отамсиз лаҳза ҳам қололмадингиз,
Меҳрибоним қисмат айирди бизни,
Қайдан топай энди онажон сизни.
Отасиз,онасиз юрак эзилгай,
Ўрнингиз ,шунчалар ёмон сезилгай,
Хотирласам,соғинч шеърлар тизилгай,
Меҳрибоним қисмат айирди бизни,
Қайдан топай энди онажон сизни,
ОНА
Борига шукурлар айлангиз қаранг,
Не деса,ҳолию кунига яранг,
Турибди жавдираб,соғиниб аранг,
Бир куни тупроққа бойланар,ана,
Майсаю фироққа айланар ОНА.
Эҳ,деманг шошилинг ўтар дунё бу,
Ҳар кимнинг бошига етар дунё бу,
Ота ҳам она ҳам кетар дунё бу,
Кун келар тупроққа бойланар,ана,
Майсаю фироққа айланар ОНА.
Ҳали кўп яшар деб алданиб қолманг,
Дўстларга эргашиб авраниб қолманг,
Афсусу аламда ўртаниб қолманг,
Тун келар тупроққа бойланар,ана,
Майсаю фироққа айланар ОНА.
Неъматдур ҳар фурсат дами ғанимат,
Кулгуси,кўзлари шоми ғанимат,
Умр гулшанию шами ғанимат,
Пир этар тупроққа бойланар,ана,
Майсаю фироққа айланар ОНА.
Азал дунё иши битмагай асти,
Орзу,умид ғами кетмагай рости,
Улгуринг бўлмайин уйи ер ости,
Ун келар тупроққа бойланар.ана,
Майсаю фироққа айланар ОНА.
YAZAR: Вахобова Турсуной
Mustafa Müseyiboğlu adına kitabxana
===============================================
<<<< WWW.YAZARLAR.AZ və WWW.USTAC.AZ >>>>
Əlaqə: Tel: (+994) 70-390-39-93 E-mail: zauryazar@mail.ru