
Дилимда
Бошимда дунёнинг ташвиши,
Барини бир четга сураман.
Чигалдир тақдирим шўриши,
Лек мағрур қоядек тураман.
Кўзимдан ёш оқмас, дил йиғлар,
Юрагим кўз ёшим ичади.
Туҳматлар пичоғи дил тиғлар,
Армонлар эркалаб қучади.
Ёр дедим, ёр эмас, ҳайкалдек
Тош қотган тош дилни севганман.
Қалбимда бир кўл бор Байкалдек,
Сув кечиб, оташда куйганман.
Дилимда ўлкан тош парчаси,
Тўлдирмас ҳеч кам-кўстимни.
Шимолнинг тиконли арчаси,
Пўстакдек қоқади пўстимни.
Япроқдек титрайман лаб қурқшаб,
Ҳасратдан ёзаман дардли шеър.
Қалбимни тушунмас кимсалар:
-Бу аёл бахтли-ку, бахтли – дер.
Автор: Наргиза Ҳайдарова