
РАМАЗОН ОЙИ
Оламни нурафшон айламоқ учун
Самодан фараҳбахш саболар елди.
Саҳиҳ имконларга йўл очиб бугун
Биз кутган муборак Рамазон келди!
Саҳар намозгоҳда қилинган дуо
Жаннат эшикларин қулфини очар.
Ғафлат уйқусидан уйғонар дунё,
Борлиққа эзгулик уруғин сочар.
Тавба-тазаррудан бериб ишорат,
Жойнамоз устида келтирар иймон.
Барча гуноҳларин қилиб кафорат,
Истиғфор зикридан тозарар виждон.
Замин елкасида оппоқ фаришта,
Булбулнинг тилидан тушмас саловат.
Асрий орзуларни боғлаган ришта,
Узлатга равона бўлар адоват.
Тутқунликнинг темир исканжасидан,
Руҳни озод этар нуроний сабр.
Шиддатли замоннинг ўт нафасидан,
Ўрнини топади муаззам қадр.
Оқшом юлдузларга жўр бўлиб осмон,
Сокинлик қўшиғин қилар хиргойи.
Қалбни асрамоққа ундар покдомон
Ниятлар рўёби – Рамазон ойи
Müəllif: Зуҳра Бегим
Zuhra Begim <<<< >>>> Зуҳра Бегим
Mustafa Müseyiboğlu adına kitabxana
Oxuyun >> Gözündə tük var
Zaur Ustacın şeirləri haqqında