Меҳрибон Абдураҳмонова – ДАШТ ҚИССАСИ

Боши аввалги: Меҳрибон Абдураҳмонова – ДАШТ ҚИССАСИ

ДАШТ ҚИССАСИ
4-қисм
Боши аввалги сонларда. Давоми


Кеч тушганда яна қиёмат бошланди.
Бироз тинчланиб, ёстиққа юзини босганча бағрини ерга бериб ётган Қирмизойни ухлаб қолди, деб ўйлаган онаизор сигир соғиб келиш учун молхона тарафга ўтди. Кечадан бери қаровининг тайини бўлмай, оч ётган моллар эгасини кўриб мўрай бошлади. Қўй-эчкилар ҳам бири қўйиб, бири маърай кетди.
Мисхол момо ичига чироқ ёқса ёришмайдиган алпозда бўлса ҳам, тирик жон тирикчилигини қилишга тутинди. Усти сомон лой билан сувалган ғарамдан ўроқ ёрдамида пичан суғура бошлади. Прессланиб кетган пичанни суғуриш муштдай кампир учун машаққат эди. У бир амаллаб суғурган бир боғ пичанни сигирнинг олдига ташлаб, емиш билан овора сигирни соғишга тутинди. Аммо яқиндагина бузоқчаси нобуд бўлган сигир тепиниб соғдирмади.
Мисхол момо ўлган бузоқнинг терисини шилиб, ичини похол билан тўлдириб тулуп ясаган эди. Боласининг ҳиди келаётган тулупни ялаб-юлқаб турган пайти сигирни соғиб олишар эди. Ҳозир эса…
Кўкси зардобга тўлган момо ноилож тулупни келтириб, сигирнинг олдига қўйди. Сигир жон-жаҳди билан тулупни ялаб-юлқай бошлади. Момонинг кўзларидан ёш тирқираб,. ўзича сигирга гапиринди.
“Сенгина ҳайвон бўлатуриб, болангга шунча куйдинг. Қизим қандай кўнади бу кўргуликка, а, жонивор?”
Момо юм-юм йиғлаганча сигирни соғиб олди. Сут челакни қозиққа илиб, қўй-эчкиларни қўтондан чиқариб юборди. Қўйлар югуриклаб пичанга тармашишди.
Куёв ҳам кела қолмади. Шундай оғир кунда Кўканбой уни нега чақиртирган экан-а?
Момо қозиқдан сут челакни олиб, уйга қараб йўналди.
Уйда Қирмизой йўқ эди.
Момо ташқарига чиққандир, деб ўйлаб, ҳовлининг уёқ-буёғига қаради. Ҳеч ким кўринмади. “Қирмизой, қаердасан, болам”, ташвишланиб чақира бошлади момо. Ҳеч ким овоз бермади. Шошилиб уйнинг пойгагига – калишлар ечиладиган жойга қаради. Қирмизойнинг калиши шундоққина пойгакда турарди.
Момо қўрқиб кетди. У ёшига ярашмаган чаққонлик билан далага қараб югурди. Қабристон томонга очилган ёлғизоёқ йўл бўйлаб кетаётган қорага кўзи тушди.
Бошяланг, эгнидаги пахтали нимчасиниг олдини очиб олган маҳсичан Қирмизой бийдай дала бўйлаб югуриб борарди.
– Қирмизой, қайт орқангга болам… Қайт, Қирмизой! – Момо энтикиб-энтикиб, нафаси оғзига тиқилиб, йиқилиб-суринганча ёлғизининг ортидан интилди.
Ёлғизи эса қор босган бийдай даланинг қоқ ўртасидан илонизи бўлиб чўзилган ёлғизоёқ йўлда ғарча-ғурч қор кечганча, ўзининг ёлғизининг ёнига ошиқарди…
Унинг фикру хаёли боласида эди. Ахир боласи қоронғиликдан қўрқарди. Бир ўзи қандай ётади?..
– Тўхта, болам, тўхта-а-а, – дея пойинтар-сойинтар, алпанг-талпанг югуриб кетаётган момонинг оёқларидан мажол кетди.
У қоқилибми, сирпанибми қор устига чўккалаб ўтириб қолди. Ич-ичидан фарёд отилиб чиқди.
– Э, Худо!.. Бу қандай жазо?.. Нима гуноҳ қилувдикки, бундай жазолаяпсан, Тангрим?..Қанча азобинг бўлса, ёлғиз ўзимга бер… Аллоҳим… Ёлғизгинамга ўзингнинг раҳминг келсин, Худойим!..,
Момо ҳўнграб йиғлаб, Аллоҳга нола қиларди…


…Кечки аёзда қабристон томондан қайтаётган учта қорани босган қора қайғу ер юзида заррача шодлик қолмагандай оғир, зил-замбил эди.
Бу қайғу шунчалар қоп-қора эдики, бутун коинот улкан мусибатдан қора совуқли зулмат оғушида қолгандек эди, гўё…


Турсунмуроддан айрилиб қолгач, бир неча кун уйларидан одам оёғи узилмади. Қишлоқнинг кайвонилари каттами, кичикми – одам боласи бу дунёдан кетгач, улардан қолган буюмлар исқоти саналиши, шу боис боладан қолган барча буюмларни асраб ўтиришнинг хосияти йўқлигини айтиб, бировларга тарқатиб юборишни маслаҳат беришларига қарамай, биронтаям буюмни бергилари келмади.
Жигарпораларидан ажраб қолганлари етмагандай уни эслатиб тургувчи кийимчаларни ҳам тортиб олишмоқчими?.. Ундан кўра Қирмизойнинг юрагини юлиб олиб торта-торт қилишсин. Аммо боласининг баданини қучган яктакчаларига, сочининг ҳидлари ўрнашиб қолган дўппичасига, ипчалари белини боғлаб турган чопончасига тегиниб кўришсинчи, кайвониликларига қарамай уйдан ҳайдаб чиқаради.
Исқоти эмиш… Исқоти-я.
Бу қишлоқнинг аёллари Қирмизойнинг биринчи бор бағри юлиняпти, деб ўйлашяпти чоғи. Эрининг қишлоғида нобуд бўлган болаларининг кийимчаларини битта қолдирмай йўқ қилиб юборишганда қандай гангиб қолганди. Лоақал биттагина яктакчасини қолдиришганда бўйнига солиб ҳидлаб-ҳидлаб юрмасмиди…
Ноинсофлар!.. Уларнинг боласи ўлмаганда, уларнинг бағри куймаганда… Нима ҳақлари бор шундай дейишга?..
Уй бурчагида йиғлаб ўтирган Қирмизойнинг ичидан ғалаён тошиб ўрнидан турди. Аммо бир сўз айта олмай ҳушидан кетиб йиқилди. Юзига сепилган сув томчиларидан ўзига келганда ҳамон қишлоқ аёллари тарқамаган, ҳамон уларнинг ғўнғир-ғўнғир овозлари миясини тинимсиз пармалар эди.
– Ё, худо, нега кетмайди булар?.. Барчасини кўришга кўзим йўқ. Жодугарлар…
Ҳуд-беҳуд бўлиб ётган Қирмизой бу гапларни пичирлаб айтди. Аммо ҳамма эшитди. Мулзам бўлган аёллар ўнғайсиз ҳолга тушиб қолдилар.
– Маҳкам бўл, болам, маҳкам бўл. Битта сенми боласини ерга берган. Мана бу аёлларнинг ҳаммасининг бағри бутун, деб юрибсанми? Ҳар қайсиси йилда биттадан бола туққан. Бири энди атак-чечак қилганда, бири отасига қўшилиб мол ҳайдашиб қолай, деганда қизамиқми, чечакми, бўғмами деган бало келиб бағридан юлиб кетаверган. Ўнталаб бола туғиб, икки-учтасигина ўзимизга тақдир қилган бағри куюклармиз биз ҳам. Бу куюкнинг нималигини бошимиздан ўтказганимиз учун силарни уй ютиб кетмасин, деган андишада ўтирибмиз, болам..
Қирмизой индамай кўзини юмиб олди.
Момо йиғлаб-йиғлаб неварасининг буюмчаларини тугунга тугиб сандиққа солиб қўйди.


Эр-хотин на ўлик ва на тирик алфозда анча вақт арвоҳдай кириб–чиқиб юришди. Яхшиям Мисхол момо бор экан. Шўрлик ҳали овқат пиширади, ҳали уй йиғиштиради, тинмайди. Дастурхонга овқат сузиб қўйиб қизи билан куёвининг қовоғига қараб бетининг сувини беш томизади.
Қанийди, улар овқатни ича қолишса… Қаёқда, куёви ярим косасини ичиб, уҳ тортиб косани нари итариб қўйса, қизи онасининг қистови билан уч-тўрт қошиқ ичган киши бўладида, юм-юм йиғлаб ўтираверади.
Унинг бирдан-бир қиладиган иши эри билан онасининг уйдан чиқиб кетишини пойлаб ўтириш бўлиб қолди. Қулай фурсат туғилди дегунча шоша -пиша сандиқни очиб, боласининг буюмчаларини бағрига босиб-босиб, ҳидлаб-ҳидлаб, бўзлаб-бўзлаб тўймасди. Бундай кезлар онаизор заққум ютаётган жигаргўшасининг ёнига кириб юпатишдан фойда йўқлигини, кириб юпатай деса, уни бундан бадтар оғир аҳволга тушириб қўйишини яхши билар, шу важдан соатлаб ҳовлида бемақсад тентираб қоларди.
Майли, тўйиб-тўйиб йиғлаб олсин, аста-секин тақдирга тан берадида. Тақдири азалга кўнмай иложи ҳам йўқ ахир. Худодан беизн битта тикан кирмайди, дейишади. Пешонамга ёлғиз шу қиз битганди. Ёлғизимга ёлғиз бўлсаям туб қозиғи берк фарзанд берсин илоҳим!.. Ахир ҳали ёш, Оллоҳим бераридан қисмасин…
Момо шундай ўйларди.
Эркак киши кўча одамида. Тошмурод ҳам бировнинг эшигидаги хизматчи. Уч кун қон ютди. Тўртинчи куни ишга чиқиб кетди. Қирмизой бундан бироз енгил тортди. Энди тўйиб-тўйиб йиғлаб олса бўлади.
Аммо бир-икки кундан сўнг Тошмурод бетобланиб қайтиб келди. Кўканбой ҳафта-ўн кун оиланг олдида бўл, деб жавоб бериб юборибди.
Уйда яна учта шарпа кезинадиган бўлди.
Ёғоч қошиқларнинг сопол идишларга тегиб тўқиллаши, узун-қисқа уф тортиш, йўтал – кичкина уйни улкан ғам босиб қолганди.
Қирмизой кўпинча индамай ичкари уйга кириб кетади.
– Кирма у ёққа. Шамоллаб қоласан ахир, – худонинг зорини қилади момо.
– Буғдой тозалайман, – дейди у бўғзини куйдириб келаётган йиғини базўр ичига ютиб.
Шундай пайтда момо билан куёви бир нималарни баҳона қилиб ҳовлига чиқиб кетишади. Биз чиқиб кетсак, у совуқ уйдан чиқиб, иссиқ уйда хуморидан чиққунча йиғлаб олсин, деган ўйда ҳовлида узоқ тентирашади.
Эшик ўрнига қалин кигиз тутиб қўйилган каталакдек ичкари хонада қишлик дон-дундан бошқа ҳеч вақо йўқ. Қиши билан музлаб қақшаб ётадиган бу жойга Қирмизой юрагининг ўтини босиш учун киради…
Аёл бу ерга энг азиз нарсаларини – ўғилчасининг чопончаси билан дўппичасини беркитиб қўйганди. Пайтини пойлаб у ерга кириб шу жонсиз буюмларни тўйиб-тўйиб ҳидлар, ҳидлагани сайин юраги бадтар ўртаниб, боласини бағрига босгандай қучоқлаб, кўксини йиртиб чиқаётган фарёдини ичига қамаб йиғларди.
Қисматига кўнмай, бошини деворга уриб-уриб, ўкириб-ўкириб, айтиб- айтиб йиғлагиси келади. Аммо эрини аяйдими, ё қўрқадими, ўзиям билмаган ҳолда сассиз кўз ёш тўкади. Баъзан эрини маҳкам қучиб, кўксига бош қўйганча ўкириб-ўкириб йиғлагиси келсада, куч билан ўзини қайтаради.
Фожианинг дастлабки кунларида дастурхон устида додлаб йиғлаб юборганда, Тошмурод мушт бўлиб тугилган қўлининг юза қисми билан сандалнинг қиррасига қайта-қайта тушириб қолганди. Муштумининг бўртиб чиққан суякларининг совуқдан ёрилиб кетган териси қонаб кетиб, дастурхонга фотиҳа ҳам ўқимасдан шаҳд билан уйдан чиқиб кетганча эртаси куни қош қорайгандагина кириб келиб бошига ёстиқни бостириб ётиб қолганди.
Ўша лаҳзаларда Қирмизой эрининг алам, армон, изтиробдан қорайиб кетган юзларида, бир нуқтага тикилганча қотиб қолаётган нигоҳларида қаҳрни кўрди. Юраги бир сесканди.
Ёлғизи қабрга қўйилган кечда муштдеккина дўнгчага бағрини бериб қучоқлаб ётган ҳуд-беҳуд ҳолатдаги аёлини, оёғини зўрға судраб босаётган қайнонасини уйга қайтариб келгунча Тошмуроднинг ичидан ўтган ирингни ўзи билади. Ўшанда кечки аёз забтига олиб, ҳар иккала аёлнинг соғлигига таъсир кўрсатганди. Икковиниям қаттиқ йўтал тутиб, анча мазаларини қочирди.
Мисхол момо бетобланиб ётиб қолмаганда бу ҳол яна анчагача давом этган бўлармиди? Ҳар ёмоннинг бир яхшиси бўларкан, онасининг ётиб қолгани Қирмизойни ўзига келтирди. Тошмурод ҳам рўзғор тебратиш пайида юриб, дарди бироз аригандай бўлди.
4-қисм тугади
Давоми бор

Давоми: Меҳрибон Абдураҳмонова – ДАШТ ҚИССАСИ

Автор: Меҳрибон Абдураҳмонова

Меҳрибон Абдураҳмонованин язилари

Меhriban xanımın digər yazıları

ZAUR USTACIN YAZILARI

Oxuyun >> Gözündə tük var

Zaur Ustacın şeirləri haqqında

YAZARLAR.AZ

I>>>>>>BU HEKAYƏNİ MÜTLƏQ OXU<<<<<<I

I>>Mustafa Müseyiboğlu adına kitabxana<<I

Bir cavab yazın

Sizin e-poçt ünvanınız dərc edilməyəcəkdir. Gərəkli sahələr * ilə işarələnmişdir